АҚШ Шинжон амалдорларига қарши санкцияларини эълон қилди AQSh Shinjon

Сурат манбаси, AFP
АҚШ Шинжон Уйғуристонида мусулмонларнинг инсон ҳуқуқларини поймол этиш учун масъул деб кўрилган Хитой сиёсатчиларига қарши жазо чораларини эълон қилди.
Хитой Уйғурларни оммавий ушлаб туриш, диний таъқиб ва стерилизацияга мажбурлашда айбланмоқда.
Санкциялар Шинжондаги коммунистик партия раҳбари Чен Қуангуо ва яна уч расмий мулозимнинг АҚШга боғлиқ молиявий манфаатларини нишонга олган.
Хитой мамлакат ғарбидаги Шинжонда мусулмонларга нисбатан нотўғри сиёсат юритаётганини рад этиб келади.
Санкция қўлланган раҳбарлар охирги йилларда бир миллион нафар атрофидаги инсонни қайта тарбиялаш марказларида ўз ихтиёрларига қарши равишда ушлаб туришда масъуллар деб кўрилади.
Хитой расмийлари эса ўзларининг лагерлари радикализм ва сепаратизмга қарши тарбиялаш мақсадини кўзлаганини айтадилар.
Президент Трамп маъмуриятига кўра, Хитой Коммунистик партиясининг қудратли сиёсий бюроси аъзоси ҳисобланган Чен Қуангуо АҚШ санкциясига олинган Хитойнинг энг олий мақом раҳбари ҳисобланади.
Чен Қуангуо Пекиннинг миллий озчиликларга қарши сиёсати архитекторларидан бири деб кўрилади, у олдин Тибетда раҳбарлик лавозимида фаолият юритган.
Америка жазо чораси киритилганлар рўйхатига киритган яна бир расмий Ванг Мингшан. У Шинжондаги Жамоат Хавфсизлиги бюроси раҳбари.
Жу Ҳаилун - Шинжондаги етакчи партия раҳбари.
Ҳуо Лиужун собиқ хавфсизлик мулозими.
Бундан кейин ушбу тўрт шахс билан молиявий транзакциялар қилиш АҚШда жиноят деб кўрилади, АҚШда мавжуд бўлган мол-мулк музлатилади.
Ҳуо Лиужундан бошқалар ва уларнинг қариндошларига АҚШ визаси тақиқи жорий қилиниб, уларнинг Қўшма Штатлари ҳудудига киришлари маън этилади.
Шинжон Уйғур мухтор туманининг бутун Жамоат хавфсизлик бюросига нисбатан ҳам санкция жорий қилинган.
АҚШ Давлат Котиби Майк Помпео сўзларига кўра, Қўшма Штатларнинг ушбу санкциялари минтақадаги "даҳшатли ва мунтазамий таҳқирлов"ларга қарши кўрилган чорадир.
"Хитой Коммунистик Партияси Уйғурларни, этник Қозоқларни ва Шинжондаги бошқа миллий озчиликлар вакилларига қарши инсон ҳуқуқларини поймол этишига Қўшма Штатлари қўл қовуштириб қараб турмайди", деган АҚШ Давлат Котиби Майк Помпео ўз баёнотида.

Сурат манбаси, Reuters
Давлат котиби сўзларига кўра, АҚШ номи эълон қилинмаган, Шинжондаги инсон ҳақлари поймол этилишига маъсул деб кўрилган Коммунистик партия расмийларига ҳам қўшимча виза чекловлари жорий этган, бундай чекловлар расмийларнинг оила аъзоларига нисбатан ҳам қўлланади.
АҚШ билан Хитой ўртасидаги муносабатлар ҳозир шундоқ ҳам таранглашган, бунга коронавирус пандемияси ва Хитойнинг Гонконгда миллий хавфсизлик қонунини жорий этиш қарори сабаб бўлган. Бу қарор Ғарбда кескин танқидларга дуч келган.
Хитой Шинжонда нималар қилаяпти?
Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотларига кўра, бир миллионтача мусулмонлар бутун Шинжон бўйлаб барпо этилган қаттиқ қўриқланадиган тутқинлик лагерларида ушлаб турилганлар.
Ўтган йили Би-би-си танишиб чиққан ҳужжатда бир ҳафтанинг ўзида Шинжон жанубидан 15000 киши жамлоқларга юборилгани кўрсатилган эди.
Ушбу ҳужжатда тутқунлар "ўзининг ўтмишининг ноқонуний, жиноий ва хавфли табиатини чуқур англаб етганидагина" лагердан озод этилиши кўрсатиб ўтилган.
Хитой расмийлари айтишича, Уйғурлар зўравон диний экстремизмга қарши кураш мақсадида "профессионал ўқув марказларида" ўқитилганлар.
Аммо далиллар шуни кўрсатдики, ушлаб турилганларнинг аксари фақатгина намоз ўқигани, ҳижоб таққани ёки Туркиядагидек хорижда бирор таниши бўлгани учун олиб кетилганлар.
Туркий халқ ҳисобланган Уйғурлар мусулмон бўлиб, улар Шинжон Уйғуристонидаги жами аҳолининг 45 фоизини ташкил этади деб кўрилади.
Ўтган ой ўзининг ҳисоботида тадқиқотчи Адриан Зенз Хитой ҳукумати Шинжондаги аёлларни стерилизацияга ёки контрацептив ускуналарни ўрнатишга мажбурлаётгани ҳақида эълон қилди.
Ушбу ҳисобот ортидан халқаро чақириқлар янгради, БМТдан Уйғур аёллари кам туғишга мажбурланаётганини текшириш талаб қилинди.
- Хитой уйғур аёллар ҳомиласини туширмоқда ва аёлларни бичмоқда - халқаро ҳисобот
- Хитой уйғурлар ҳақидаги қонун учун Америкадан қасос олмоқчи
- Хитой уйғур маҳалла ва масжидларини қандай йўқ қилмоқда?
- Би-би-си мухбири Хитойдаги мусулмон уйғурлар жамлоғида нималарни кўрди?
- "Онам тирикми, ўлик - билмайман" - Уйғур фильми Хитой лагерларида сақланаётган юз минглаб уйғурлар ҳақида
- Хитой миллиондан кўп мусулмон уйғурни қамоққа ташлаб тўғри қилаётгани айтилди
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

















