Хитой уйғур аёллар ҳомиласини туширмоқда ва аёлларни бичмоқда - халқаро ҳисобот

Сурат манбаси, AFP
Янги тадқиқот ҳисоботига кўра, Хитой Шинжонда аёллар бачадонини бичмоқда ёки уларга мажбуран контрацептив воситалар ўрнатмоқда.
Хитой тадқиқотчиси Адриан Зенцнинг ҳисоботи ортидан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти текширув ўтказишига чақириқлар янгради.
Хитой ҳисоботдаги айбловларни рад этиб, уларни "асоссиз" деб атади.
Хитой ҳукумати аллақачон уйғурларни ҳибс лагерларида ушлаб тургани учун кўп танқидга учраган.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Тахминларга кўра, Хитойда бир миллионга яқин уйғурлар ва бошқа асосан мусулмон озчиликлар ҳибсга олинган ва давлат "қайта ўқитиш" лагери деб атайдиган мажмуаларга жойлаштирилган.
Аввалига бу лагерларнинг мавжудлигини рад этган Хитой сўнг Шинжон минтақасида бўлгинчи зўравонликлардан сўнг уларни терроризмга қарши зарурий чора сифатида тадбиқ қилаётанини айтганди.
Жаноб Зенцнинг ҳисоботи расмий маҳаллий маълумотлар, сиёсий ҳужжатлар ва Шинжондаги этник озчилик аёллар билан суҳбатларга асосланган.
Уйғур аёллари ва бошқа этник озчиликлар туғиш учун белгиланган меъёрдан ошган ҳомиладорликни олдириб ташлашни рад этгани учун лагерларга жойлаштирилиш билан таҳдид қилинмоқда, дейилади ҳисоботда.

Сурат манбаси, AFP
Шунингдек, айтилишича, қонуний равишда рухсат этилган икки боладан ошиқ ҳомиласи бўлган аёллар бачадонига уларнинг рухсатисиз контрацептив мосламалар ўрнатилган, яна бошқалари стерилизация операцияларини ўтказишга мажбур бўлишган.
"2016 йил охирида бошланган шафқатсиз босимлар Шинжонни полицияси давлатига айлантирганидан бери давлатнинг репродуктив мустақилликка аралашуви ҳақидаги гувоҳларнинг маълумотлари мунтазам тус олди", дейилади ҳисоботда.
Жаноб Зенцнинг таҳлилига кўра, сўнгги йилларда Шинжонда аҳолининг табиий ўсиши кескин пасайиб, 2015 ва 2018 йиллар оралиғида иккита энг катта уйғур вилоятида ўсиш суръати 84 фоизга тушган ва 2019 йилда янада пасайган.
"Бундай пасайиш даражаси мисли кўрилмаган, унга шафқатсизлик билан эришилган. Бу уйғурларни бўйсундириш йўлидаги кенг қамровли назорат кампаниясининг бир қисмидир," - дейди Зенц.
Шинжондаги ҳибс лагерларида бўлиб қайтган аёл маҳбусларнинг айтишича, уларга ҳайз кўришни тўхтатиш учун уколлар урилган ва бунинг ортидан уларда кўп қон кетган. Бу аломатлар туғилишни назорат қилиш дориларининг таъсирига мосдир.
"Хуллас, Шинжондаги маҳаллий ҳукумат уч ёки ундан ортиқ болали аёлларни оммавий бичиш билан шуғулланаётган бўлиши мумкин", дейилади хабарда.
Сиёсатчилар БМТни текширув ўтказишга чақирмоқда
Душанба куни қилган баёнотида, Хитой бўйича Парламентлараро алянс, халқаро сиёсий партиялар гуруҳига кирувчи арбоблар, жумладан британиялик консерватив депутат Иан Данкан Смит, Баронесса Ҳелена Кеннеди ва АҚШ сенатори Марко Рубио БМТни "Шинжон минтақасидаги вазиятни холис, мустақил текшириш учун халқаро тергов" очишга чақиришди.
"Хозирда оммавий қамоққа олиш, қайта тарбиялаш, суддан ташқари ҳибсга олиш, назорат, мажбурий меҳнат ва уйғур маданий объектлари, шу қаторда қабристонларни бузиш ва бошқа ҳуқуқбузарлик шакллари мавжудлиги ҳақида далиллар мавжуд", дейилади баёнотда.
"Дунё бу давом этаётган ваҳшийликлар олдида жим туролмайди. Бизнинг давлатларимиз ҳар қандай миллий, этник, ирқий ёки диний гуруҳни "тўлиқ ёки қисман" йўқ қилиш ҳаракатларини олдини олиш ва уларни жазолаш мажбуриятини олган".
Сўнгги йилларда Хитой уйғурлар устидан қилинган назорати туфайли халқаро саҳнада тобора кўп сўроқ қилинмоқда . 2019 йилда Би-би-си томонидан ўтказилган терговга кўра, Шинжонда болалар ўз мусулмон жамоаларидан йироқ тутиш мақсадида ўз оилаларидан мунтазам равишда ажратилиб қўйилган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek












