Ўзбекистон ва дунё: Егулик қадоғидан коронавирусни юқтириш мумкинми? Koronavirus

Woman looks at bag of frozen food

Сурат манбаси, Getty Images

Хабарларга кўра, яқинда Хитойда музлатилган қисқичбақа ва товуқ оёқлари қадоқларида коронавирус излари топилган. Улар Жанубий Америкадан келтирилган бўлган.

Шундан кейин егулик упаковкасидан коронавирусни юқтириш мумкинми деган савол ўртага чиқди.

Юқиш эҳтимоли нақадар юқори?

Назарий жиҳатдан Covid-19ни қадоқлаш материалидан юқтириш мумкин.

Лаборатория тадқиқотлари натижаларига кўра, вирус қадоқлаш материаллари, мисол учун, картон ва турли пластикларнинг устида бир неча соат, балки бир неча кун ҳам тирик қолиши мумкин.

Бунинг устига, вирус озиқ-овқат маҳсулотларининг аксари ташиладиган паст ҳароратда янада барқарор қолади.

Бироқ айрим олимлар лабораториядан ташқарида натижа шундай бўлишини савол остига оладилар.

Британиядаги Лестер Университетининг нафас йўллари фанлари бўйича профессори Жулиан Танг айтишича, ташқарида шароит шунчалик тез ўзгарадики, у ерда вирус узоқ вақт тирик қолмайди.

АҚШдаги Рутгер Университетининг микробиология бўйича профессори Эмануэл Голдман лаборатория шароитида 10 миллион вирус намунаси ўрганилганига эътибор қаратади.

Яъни, лабораторияда вируслар сони кўп бўлган. Ҳаётда эса, мисол учун, кимдир аксирганидан кейин бирор сатҳ устига тушадиган томчидаги вирусларнинг сони 100 тача бўлади, дейди профессор Голдман.

Lancet журналида июл ойида эълон қилинган мақоласида профессор Голдман шундай ёзади: "Менинг фикримча, жонсиз сатҳдан юқиш эҳтимоли жуда кам. Агар мабодо вирусни юқтирган инсон бирор сатҳга аксирган бўлса ва бу сатҳга яна кимдир(бир ёки икки соат ичида) тегинса".

Вирус қандай ўтиши мумкин?

Егуликларни қадоқлаш билан шуғулланадиган ишчиларни коронавирусни юқтириши билан боғлиқ хавотир шундан иборатки, улар вирус юққан сатҳга қўллари билан тегинадилар, сўнг ўша қўли билан кўзи, бурни ва оғзига тегинадилар.

Олимлар эса бу йўл Covid-19 ни юқтиришда асосий йўл эмас деб ҳисоблашади.

"Инсон вирус бор сатҳ ёки предметга тегиниш билан Covid-19 ни юқтириши мумкин", дейилади АҚШдаги хасталикларни назорат қилиш маркази веб-сайтида. Лекин, шунга қарамасдан, "бу вирус тарқалишининг асосий йўли деб ҳисобланмайди".

Вирус тарқалиши, асосан, одамдан-одамга юқиши орқали рўй беради:

  • Бири иккинчиси билан 2 метрдан яқин масофада турган инсонлар орқали
  • Вирусни юқтирган одамнинг йўталиши, акса уриши ёки гапирган пайтида сачраган томчилар орқали
  • Сўлакнинг кўзга кўринмас томчилари яқин масофада турган инсоннинг оғзи ёки бурнига тегиши(ёки ёнидаги одам нафас олиши билан ўпкасига тушиши) орқали

Доктор Танг айтишича, кимнингдир егулик упаковкасидан коронавирусни юқтирганини исботлаш ҳам қийин.

Айнан озиқ-овқат маҳсулотининг қадоғи вирус юқишининг асосий сабаби бўлган, дея тўла ишонч билан айтиш учун "охирги вақтдаги барча ташқи манбалар", жумладан, симптоми кўринмайдиган ижтимоий контактларни ҳам истисно этиш талаб қилинади.

Тўла хавфсиз бўлиш учун нима қилишим лозим?

Жаҳон Соғликни сақлаш ташкилотига кўра, "ҳозирги пайтда Covid-19 озиқ-овқат ёки егулик упаковкаси орқали юққанининг тасдиқланган ҳолати мавжуд эмас". Аммо ташкилот юқиш олдини олиш мақсадида қатор эҳтиёт чоралари рўйхатини эълон қилган.

ЖССТ егулик упаковкасини дезинфекция қилиш шарт эмас дейди. Аммо "егулик упаковкасини ушлагандан кейин ва тановул қилишдан олдин қўлни талабдагидек ювиш лозим".

Fresh vegetables in a supermarket

Сурат манбаси, Getty Images

Озиқ-овқат маҳсулотларини сотиб олишдан олдин қўлни дезинфекция воситаси билан ювиш, сотиб олган маҳсулотларни уйга олиб келиб жойлаштиргандан кейин қўлни яхшилаб совунлаб ювиш тавсия этилади.

Шунингдек, озиқ-овқат маҳсулотларини етказиш билан шуғулланадиган курьерларнинг ҳам шахсий ҳамда озиқ-овқат гигиенаси талабларига риоя этиши талаб қилинади.

Озиқ-овқат ва бақоллик маҳсулотларини курьердан қабул қилиб олгандан кейин қўлларни ювиш маслаҳат берилади.

Айрим экспертлар пластик қопларни бир мартадан ортиқ ишлатмасликни тавсия қилишади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek