Коронавирус мутация бўлмоқда. Одамзод энди нима қилади?

Сурат манбаси, We are covert
АҚШ ва Британиядаги олимлар Covid-19 касалини келтириб чиқарадиган вируснинг юзлаб мутацияларини аниқлашди.
Аммо ҳеч ким вируснинг аҳоли орасида тарқалиши ва янги вакциналар фойдасига келганда, бу мутациялар нимани англатишини билмайди.
Вируслар мутация бўлади. Бу маълум ҳодиса.
Аммо мутацияларнинг қайси бири коронавируснинг қанчалик юқумли бўлишини ёки касаллик ҳалокатли кечишини белгилайди - аниқ эмас.
Тождор вируснинг тожи ва D614G
АҚШдаги илк тадқиқотларга кўра, мутациялар орасида D614G етакчилик қилмоқда.
Айнан шу мутация коронавируснинг юқувчанлигини ошириб, касалликнинг оғир кечишига йўл очиши мумкин.
Бироқ уни ҳали бошқа олимлар кўриб чиқишмади ва расман эълон қилмадилар.
Нью-Мексикодаги Лос Аламос университети олимлари тождор вирус ёки коронавируснинг ўзига хос қиёфасини белгилайдиган тожлари ўсишини кузатишган.
Улар ушбу мутация коронавирус тожи тезроқ ўсишига қандайдир таъсир қилишини илғаганлар.
Аммо оқибатлари ҳали номаълум.
Олимлар Британиядаги беморларни текширишган ва коронавируснинг D614G мутациясига мубтало бўлган одамлардаа вирус миқдори катталигини топишган.
Лекин бу одамлар оғирроқ касал бўлишгани ёки касалхонада узоқроқ даволанишганига аниқ далиллар йўқ.
Мутация қўрқинчлими?
Британиядаги University College London олимлари олиб борган тадқиқотлар эса вируснинг 198та мутациясини аниқлаган.
Аммо олимларнинг айтишича, мутация ўз ҳолича ёмон эмас ва SARS-CoV-2 вируси кутилганидан кўра тезроқ ёки секинроқ мутацияга учраётганига бирон ишора йўқ.
Хусусан, вируснинг юқувчанлиги ва қақшатқичлиги даражаси ошганлиги борасида ҳам бирон аниқ хулоса қилиб бўлмаслиги айтилмоқда.
Шотландиялик олимлар эса мутациялар вируснинг бошқа хиллик касб этаётганини англатавермайди, дейишмоқда.
Уларнинг айтишича, ҳозирча коронавируснинг фақат битта хили тарқалмоқда.
Мутация ва вакцина

Сурат манбаси, AFP
Вирусдаги кичик ўзгаришларни ўрганиш, вакцина ишлаб чиқишда жуда муҳим.
Грипп вирусини олайлик:
У ҳар йили ўзгаради ва олимлар ҳар йили гриппнинг янги хиллари учун янги вакцина ишлаб чиқарадилар.
Коронавирус келтириб чиқарадиган Covid-19 касалини даволашга қаратилган аксар дорилар эса ҳали яратиб бўлингани йўқ.
Вакцина олган организм тождор вируснинг ўзига хос тожини илғаб олади ва шу асно бутун бошли вирусга қарши курашади.
Аммо бу тож ўзгариб турса, ишлаб чиқилган вакцина фойдаси ҳам камаяди.
Ҳозирча ҳаммаси - назария.
Вирус геномидаги ўзгаришлар нимани англатиши ҳақида олимлар ҳали етарли маълумотга эга эмаслар.
Уларнинг айтишича, катта сондаги вирус геномини ўрганиш - дори ишлаб чиқариш учун ўта муҳим.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek












