Дунё, мусулмонлар: Лондон Марказий масжидида муаззин пичоқланди - гумондор ҳибсда - Britaniya

Сурат манбаси, @MURSHHABIB
Лондон марказий масжидида 70 ёшли эркакнинг пичоқланиши ҳодисаси билан боғлиқ бир шахс ҳибсга олинган.
Полициянинг билдиришича, 70 ёшлардаги қурбон Лондоннинг Режентс парки яқинидаги масжид ичкарисида бир неча еридан пичоқланган алфозда топилган.
Полиция ва тез ёрдам машиналари масжидга маҳаллий вақт билан 15:10 GMTда чақирилган.
Лондон полициясига кўра, шифохонага етказилган шахснинг жароҳатлари ҳалокатли эмас ва ҳаётига хавф йўқ.
Тергов давом этмоқда, жиноят саҳни полиция томонидан ўраб олинган.
Масжид ичкарисидан олинган тасвирларда қизил шапкали капюшон ва джинси кийган полиция ходимлари томонидан ерга ётқизилаётганини кўриш мумкин.
Шоҳидларнинг ижтимоий тармоқларда ёзишларича, қурбон бўйнидан пичоқланган.

Сурат манбаси, London Central Mosque
Видеолардан бирида пичоқ пластик стул остида ётганини кўриш мумкин.
Британия Мусулмонлар Кенгашидан Миқдад Версийнинг айтишича, ҳодиса жамоат аср намозини ўқишга тайёргарлик кўраётган пайт содир бўлган.
"Бу жуда ҳам хавотирли. Мусулмонлар шундоқ ҳам бошқа жойлардаги ҳужумлардан ташвишда эдилар", деб айтган Британия мусулмонлари вакили.
Британия бош вазири Борис Жонсон ҳужумдан қайғуга тушганини билдирган.
"Бунинг айниқса, бир ибодат жойида содир этилгани жуда ҳам ёмон", деб ёзган Жонсон Твиттер саҳифасида.
Пайшанбага ўтар кечаси Германиянинг Ханау шаҳрида номаълум шахс икки чилимхонага ҳужум қилиши оқибатида тўққиз киши ҳалок бўлган.
Полиция ўлик ҳолда топилган ҳужумчининг ўнг қанот экстремист эканин айтмоқда.

Сурат манбаси, EPA
Ҳужумчининг ёнида онасининг ҳам жасади топилган.
Канцлер Ангела Меркел ҳужумчи, кўпгина белгиларга кўра, ирқчилик мотивлари билан ҳаракат қилганини айтган.
Ҳалок бўлганларнинг камида беш нафари Туркия фуқаролари.
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған "Германия ҳукумати ҳодисанинг барча жиҳатларига ойдинлик киритиш учун қўлидан келган барча чораларни кўради", деб умид қилаётганини билдирган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek












