Ўзбекистон, дунё, янгиликлар: Саудия Қозоғистонга, Қозоғистон Саудияга визани бекор қилди

Сурат манбаси, President.uz
Дунё, янгиликлар: Саудия Қозоғистонга, Қозоғистон Саудияга визани бекор қилди - расмий Нур-Султоннинг бу қарори ар-Риёдникидан саноқли кунлар ўтиб бўй кўрсатди. Муслима журналист эса, зино ва абортда айбланиб, қамалди. Мирзиёев табриги ва Тошкентга Россиядан ташриф - куннинг дайжести:

Сурат манбаси, courtesy
Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ортидан...
Қозоғистон дунёнинг яна 12 та давлатига визани бекор қилди.
Бу каби имтиёз Ватикан, Вьетнам, Индонезия, Қатар, Колумбия, Қувайт, Лихтенштейн, Омон, Саудия Арабистони, Тайланд ва Филиппин фуқароларига берилди.
Хабарларга кўра, энди уларнинг 30 кунгача Қозоғистон ҳудудида бемалол қолишлари мумкин бўлади.
Қозоғистон 2017 йилдан буён 45 та давлатга бу каби енгилликни берган.
Аммо Саудия Арабистони яқинда виза тартибини бекор қилган давлатлар орасида Ўзбекистон йўқ.
Марказий Осиё давлатлари орасидан фақат Қозоғистон бор, холос.
Мирзиёевдан табрик

Сурат манбаси, Getty Images
Бугун Хитойда байрам - расмий Пекин Хитой Халқ Республикаси ташкил топганининг 70 йиллигини нишонламоқда.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам бу санани беэътибор қолдирмаган.
Бугунги кунда ўзларининг энг йирик савдо-иқтисодий ҳамкорлари бўлган Хитойни табриклаган.
Расмий Пекин айни сана муносабати билан мамлакат тарихидаги энг йирик ҳарбий парадлардан бирини уюштирмоқчи.
Шу йўл билан ўзининг бугунги ҳарбий қудратини бутун дунёга кўз-кўз қилмоқчи.
Хитойнинг ўзида ишлаб чиқарилган янги қурол-яроғларини намойиш этмоқчи.
Ҳарбий парад Тяньаньмэнь майдонида бўлиб ўтади.
Унда дунёнинг юзга яқин давлатидан келган икки юзтача ҳарбий атташелар ҳам ҳозир бўлишади.
Хитой жорий пайтда дунёнинг иккита ҳарбий қудратидан биттаси саналади.
Расмий Пекиннинг бугунги ҳарбий харажати $168.2 миллиард АҚШ долларини ташкил этади.
Россиядан ташриф

Сурат манбаси, courtesy
Россия Федерацияси Федерал Мажлиси Федерация Кенгаши раиси Ўзбекистонга расмий ташрифини бошламоқда.
Валентина Матвиенко 1-3 октябрь кунлари пойтахт Тошкентда бўлади.
Расмий хабарларга кўра, у Ўзбекистон Олий Мажлис Сенати раиси, Қонунчилик палатаси спикери билан учрашади.
Бундан ташқари, ўзаро ҳамкорлик бўйича парламентлараро комиссиясининг мажлиси ҳам ўтказилади.
Ташриф доирасида Ўзбекистон-Россия ва Россия-Ўзбекистон ишбилармон доиралари кенгашларининг мажлиси ҳам бўлиб ўтади.
Ўзбекистон жорий пайтда Россиянинг минтақадаги энг муҳим геосиёсий, геоиқтисодий шерикларидан бири бўлади.
Минтақадаги иккита энг йирик савдо-иқтисодий ҳамкорларидан бири саналади.
Россия, бундан ташқари, дунёнинг энг катта сондаги Ўзбекистон фуқаролари меҳнат муҳожирлигида банд давлати бўлади.
Расмий ва норасмий рақамларда ҳам уларнинг сонлари бугун миллионларга нисбат берилади.
Улар ортга, Ўзбекистонга юбораётган миллиардлаб доллар маблағлар, йилларки, мамлакат иқтисодини тутиб, юритиб келаётган энг муҳим молиявий манбалардан бири сифатида эътироф этилади.
Россия ёки Қозоғистоннинг ўзларига четдан миграция оқимини тўхтатиб қўйиши - аксарият ўзбекистонликларни чўчитувчи, улар Ўзбекистон учун энг катта хавф, деб билувчи омиллардан бири ҳам бўлади.
Минтақавий сиёсий экспертлар эса, миграцияни Россиянинг Ўзбекистон илова қолган аксарият Марказий Осиё давлатларига сиёсий босим ўтказиш, уларни ўзининг сиёсий орбитасига тортишнинг энг қулай ва имконли воситаларидан бири сифатида ҳам кўришади.
Шавкат Мирзиёев президентлиги билан кечган уч йилча вақт ичида Ўзбекистоннинг ўз ташқи сиёсатида кўпроқ геоиқтисодиётни устун қўяётгани, Россия билан ҳар томонлама алоқаларни янада кучайтириш истагида экани кўрилади.
Марокашда шов-шувли маҳкама

Сурат манбаси, Reuters
Таниқли журналист Ҳожар Райсуний зино ва абортда айбланиб қамалди.
У бир йиллик қамоқ жазосига ҳукм этилди.
Фаолларга кўра, ҳукумат шу йўл билан ўзининг танқидчиси бўлган журналистлар овозларини ўчирмоқчи.
Журналист август ойида пойтахт Работда, нишонлиси билан гинеколог қабулидан чиқиб кетаётган пайтда ҳибсга олинган.
28 ёшли Ҳожар ўзига қўйилган барча айбларни рад қилган.
Ички қон кетишдан азоб чекаётгани учунгина гинеколог қабулида бўлганини айтган.
У ҳукуматнинг ашаддий танқидчиси бўлган мустақил "Ахбор ал-Яум" нашрида ишлаган.
Журналист ўзига қарши жиноий ишни "сиёсий маҳкама"га қиёс берган.
Унга кўра, полиция ўзини оиласи ва ёзган мақолалари юзасидан тергов қилган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek












