Дунё, янгиликлар: Осмонга сакраган нефт нархи ва Бин Ладен ўғлининг ўлими

Саудия Арабистони

Сурат манбаси, Reuters

Нефт нархи кескин қимматлади

Шанба куни Саудия Арабистонидаги нефтни қайта ишлаш заводларига уюштирилган икки ҳужум ортидан дунё нефт таъминотининг 5 фоиздан ортиқ қисми фалажланиб қолган. Бир вақтнинг ўзида, қиролликнинг суткалик нефт қазиб олиш салоҳияти 5,7 миллион баррель, аниқроғи, деярли 50 фоизга қисқарган.

Бунинг ортидан нефтнинг дунё бозоридаги нархида кескин қимматлашиш кузатилган.

Brent маркасидаги нефт нархи 19 фоизга ошиб, бир баррель нефть қиймати $71.95 га етган.

АҚШ президенти Доналд Трамп мамлакат нефт захираларини очишга рухсат бергандан сўнг нархлар бироз арзонлашган.

14 сентябрга ўтар кечаси Саудия Арабистонининг Абкайка ва Ҳураиса ҳудудларида жойлашган икки нефтни қайта ишлаш заводига амалга оширилган дронлар ҳужуми бўйича масъулиятни Яманнинг хусий исёнчилари ўз бўйнига олган.

Бироқ АҚШ давлат котиби Майк Помпео бу хабарни инкор этиб, ҳужум ортида Эрон турганини таъкидлаган, аммо ўз фикрини тасдиқловчи асосли далиллар келтирмаган.

Ўз навбатида Эрон АҚШни «бўҳтон тарқатиш»да айблаб чиққан.

Яман президенти Абдураббу Мансур Ҳоди 2015 йилда хусий исёнчилари томонидан мамлакатдан қувиб чиқарилгандан сўнг уруш бошланган эди. Президент Ҳоди Саудия Арабистонидан бошпана олган, уни дастаклаган расмий ар-Риёд эса минтақа мамлакатларидан тузилган ҳарбий коалицияни хусий исёнчиларига қарши оёққа турғазишга муваффақ бўлган.

Кашмир

Кашмирда одамлар ўлдирилмоқдами?

Ҳиндистон бундан 6 ҳафта муқаддам Кашмирнинг ўз назорати остидаги қисмини автономиядан маҳрум этиб, ҳудудни қамалга олгандан бери у ердан ўлим ҳолатлари бўйича бир-бирига зид хабарлар келмоқда.

Би-би-си Шринагар шаҳридаги айрим шундай ҳолатларни ўрганиб кўрди.

Шулардан бири 17 яшар бир йигит бўлиб, тиббий хулосада унинг сочма ўқ ва кўзни ёшлантирувчи граната портлаши оқибатида олинган жароҳатлар туфайли ҳаётдан кўз юмгани қайд этилган. Бироқ Кашмир полицияси бу хабарни инкор этиб, йигитни исёнчи-намойишчилар тош отиб ўлдирганини таъкидлаган.

Ўрганиш давомида 10 га яқин ана шундай тафсилотлари бир-бирига зид келувчи ўлим ҳолатларига дуч келинган. Ҳаётдан кўз юмганларнинг аксарияти ўқотар қурол ёки кўзни ёшлантирувчи газ билан ўлдирилган. Ўлимларда ҳар икки томон бир-бирини аниқламоқда.

Кузатувчилар қайд этилмаган ўлимлар бунданда кўп эканини тахмин этадилар. Август ойида юзага келган намойишчилар ва хавфсизлик кучлари ўртасидаги тўқнашувларда жароҳат олган аксар одамлар ҳибсга олиниш эҳтимолидан қўрқиб, маҳаллий касалхоналарга мурожаат этмаганига ишонилади.

Ҳиндистон ҳукумати яқин бир ярим ойдан бери Кашмирни деярли қамал ҳолатида сақлаб келмоқда. Транспорт ва коммуникация йўллари узиб қўйилганидан у ерда юз бераётган воқеалар тўғрисида ишончли маълумот олиш мушкуллигича қолмоқда.

Бен Ладеннинг ўғли

Сурат манбаси, CIA

Трамп: Бин Ладеннинг ўғли ўлдирилди

АҚШ президенти Доналд Трамп ал-Қоида террорчи гуруҳи асосчиси Осама бин Ладеннинг ўғли ва вориси Ҳамза бин Ладеннинг америкалик ҳарбийлар ўтказган амалиёт чоғида ўлдирилганини тасдиқлади.

Амалиёт қачон ва айнан қаерда ўтказилгани тўғрисида маълумотлар мавжуд эмас. Ўз баёнотида Доналд Трамп амалиёт Афғон-Покистон ҳудудида бўлиб ўтганини билдирган.

Бундан аввалроқ АҚШ Ҳамза тўғрисида етказилган маълумот учун $1 миллион мукофот ваъда қилган эди.

Ҳамза бин Ладеннинг ўлдирилгани тўғрисидаги хабарлар матбуот томонидан шу йилнинг ёзида тарқатилганди. Бироқ шу пайтга қадар на президент Трамп, бошқа юқори мартабали расмийлар буни тасдиқламаганди.

Ҳамза бин Ладен 2015 йилда АҚШ ва бошқа давлатларга қарши ҳужум қилишга даъват этилган видеомурожаат тарқатган эди. Ўша пайтда унинг ёши 30 атрофида бўлганига ишонилади.

Австралия

Сурат манбаси, Getty Images

Қотил-ҳакка

Тўсатдан ҳужум қилиб қолган ҳаккадан қочишга уринган австралиялик эркак велосипедда тўсиққа бориб урилган ва бошидан олган жароҳатлари туфайли касалхонада вафот этган.

Баҳор вақтида ҳаккаларнинг тажовузкор бўлиши Австралияда кўп кузатилади. Бироқ уларнинг инсонларга оғир тан жароҳати етказиши камёб ҳолатдир.

Кўпайиш мавсуми кириб келганда, ҳаккалар тажовузкорлашиб, ўз ҳудудидан ўтаётган бошқа ҳайвонлар ва инсонларга ҳужум қила бошлайди.

Шу ойнинг бошида Сидней шаҳар кенгаши маҳаллий аҳолини йиллар давомида қўрқувга солиб келган каттакон "маҳлуқ-ҳакка"ни отиб ўлдириш борасида қарор қабул қилган эди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek