Ўзбекистон аҳолисида қанча қурол борлиги маълум қилинди

Kun.uz

Сурат манбаси, Kun.uz

Сурат тагсўзи, 21 июнь куни Олий Мажлис Сенати Ўзбекистон Республикасининг «Қурол тўғрисида»ги қонуни лойиҳасини маъқуллаган

Ўзбекистон бўйича 39 мингга яқин овчи бўлиб, уларнинг қўлида 53 мингта қурол бор.

Бу ҳақда Сенат Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Фаррух Дадахўжаев маълум қилган.

Kun.uz нашрига берган интервьюсида Сенат мулозими «Қурол тўғрисида»ги қонуннинг маъқулланиши ортидан аҳоли орасида пайдо бўлган хавотирларни аритишга уринган.

Унинг айтишича, қонун кўпгина тушунмоқчиликларга олиб келган.

"Ўзимга ҳам аҳолимиздан юзлаб мурожаатлар бўлаяпти. «Мана энди бориб, дўкондан қуролни сотиб олиб, юрса бўлади», деган нотўғри тушунчалар кетди", деб айтган Фаррух Дадахўжаев.

Унинг сўзларига кўра, сўз фуқароларга янги қуроллар сотиш эмас, балки мавжуд қуролларга эгалик ва улардан фойдаланишни тартибга солиш ҳақида бормоқда.

Қонунчининг аниқлик киритишича, қонундаги "фуқаро қуроли" ибораси айнан ов қуролини назарда тутади.

"Фуқаро қуроли нима деганда, овчиларнинг қуролини тушуниш лозим. Ўзбекистонда 39 мингга яқин овчи бор. Бугунги кунда шунга яқин ва уларнинг қўлида 53 мингта қурол бор. Мана шу қуролларнинг эгаси бўлиши учун дуч келган инсон дўкондан қурол сотиб олмайди. Биринчидан, ҳамма вилоятда ҳам йўқ қурол сотадиган марказлар йўқ. Тошкент ё Самарқанд каби йирик аҳоли яшаётган вилоятларда фаолият олиб бораётган қурол дўконларига ҳам қанча қурол олиб кириш мумкин, қанақа қурол олиб кириш мумкин, қанақа тартибда сотиш мумкин, деган масалалари пухта кўриб чиқилган", - деб айтган мулозим.

Унинг айтишича, Ўзбекистонда овчилик гувоҳномасига эга бўлиш осон эмас.

"Овчи бўлиш учун мураккаб синовлардан ўтиш керак. Масалан овчи бўлиш учун, аввало, наркодиспансердан, психиатрдан ўтиш керак, ундан кейин ҳужжатларни йиғиб, овчилик уюшмасига бориши керак. У ерда маълум вақт ўқитилади. Дарс олиб, ўқиб милтиқ ишлатишни билгандан кейин, улар ўқувчига қоғоз берадики, ҳаваскор овчи бўлди, бизда ҳисобда бор, дейилади. Гувоҳнома олиб, кейин Миллий гвардияга келади. Маълум вақтда ҳужжатлар текширилади. Қани бу инсоннинг ўзида шу қуролни олиб, овчи бўлишга мойиллик борми? Бунга, балки, тўғри келмайдиган ҳолатлар бўлиши мумкин, деган фаразлар ҳам ўрганилади. Миллий гвардияда ҳисобига ўтгандан кейин, ҳар уч йилда бир марта бориб, қайтадан регистрация қилиб туриш керак".

Дўконда сотилмайди

Айни вақтда янги қонун билан мавжуд тартиб янада қаттиқлаштирилаётгани англашилади.

"Ҳозирги тартибда шунақанги бир талаб қўйилганки, Миллий гвардия ходими ё ички ишлар ходими эрталаб соат 6:00дан кечки соат 22:00 гача хоҳлаган вақтида овчининг хонадонига келиб, қуролни кўздан кечириши мумкин ва унга шароит яратиб берилиши керак. Олдин бунақа эмас эди: эгасини қидириб топгин, у ҳам ишда бўларди".

Сенат Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раисининг маълум қилишича, қонунда "пневматик қурол" тушунчасига ҳам аниқлик киритилган.

"Пневматик қурол ҳам бор. Лекин унинг ҳам чумчуқ отиб ўлдирадигани бор, одамни ҳам қаттиқ зарарлайдигани бор. Ана шу масала ҳам қонунда белгилаб берилди. Масалан, ҳар бир пневматик милтиқни отиш кучи жоулда ўлчанади, отиш кучига қараб уни ҳам ҳисобга қўйиш керак. Энди пневматик милтиқ эгаси миллий гвардияга бориб рухсат олиб, овчилик жамиятига аъзо бўлиши лозим.

Фаррух Дадахўжаевнинг айтишича, жисмоний шахс дўконга бориб, қурол сотиб олиши мумкин эмас.

"Мумкин эмас. Дўконда қурол бор. Бу фақат овчилик қуроли - ов учун ишлатиладиган қурол. Буни сотиб олиш ва ишлатиш тартиби қатъий белгиланган", - деб айтган Сенат мулозими.

21 июнь куни Олий Мажлис Сенатининг XX ялпи мажлиси Ўзбекистон Республикасининг «Қурол тўғрисида»ги қонуни лойиҳасини маъқуллаган.

Қонун ижтимоий тармоқларда мунозара ва хавотирларга сабаб бўлган.

Таҳлилчиларга кўра, Ўзбекистон ҳукумати айни қонунни жамоатчилик билан маслаҳатлашмай ва расман изоҳламай қабул қилгани сабаб ҳам жамиятда ваҳима уйғонган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Тelegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek