Ўта ўнгчи қарашлар ва ИШИД мафкураси ўзаро ўхшашми ё Янги Зеландия масжид ҳужумчисига ўхшаганлар кимдан илҳомланган бўлиши мумкин?

Сурат манбаси, Reuters
- Author, Франк Гарднер
- Role, BBC хавфсизлик масалаларида мухбири
Террорчиликка қарши кураш бўйича экспертларнинг айтишича, Британиядаги ўта ўнгчи қарашларга эга экстремистлар Исломий Давлат томонидан интернетда тарқатилган материалларга катта қизиқиш билдирмоқда.Экспертлар нео-нацистлар ва ўта ўнгчи экстремистларнинг жиҳодчилар томонидан ёйинланган ҳужум уюштириш усулларини синчковлик билан ўрганаётганини айтади.
Бироқ ҳар икки томоннинг ўзаро ўхшаш жиҳатлари мавжудлиги аксарият таҳлилчиларни ҳайрон қолдирмайди.
«Барчага хуш ёқувчи нафрат»
Ўтган йилнинг ўрталаридан бери Британия истихборот агентлиги бўлмиш MI5'га мамлакатни ўсиб келаётган ўта ўнгчилар таҳдидидан муҳофаза қилиш йўлида полицияга ёрдам бериш вазифаси топширилган
Агентлик ходимлари ғараз ниятли шахсларнинг режалари ва ниятлари юзасидан ахборот тўплаш учун турли усулларни қўллаб келмоқда, жумладан, телефон суҳбатларини тингламоқда.
Расмийлар нео-нацистлар ва бошқа экстремистлар ўзларининг мафкуравий душмани - Исломий Давлат тарқатган ҳужум режаларини ўзлаштиришга уринаётганини маълум қилмоқда.
Уларнинг мафкураси, мантиқан, мутлақо бир-бирига зид бўлса ҳам, ўта ўнгчилар ва жиҳодчилар ўртасида анчайин мафкуравий ўхшашлик мавжуд.
Оқ ирқчилар ва исломий экстремистларнинг аксарияти барча томонидан осон ҳазм қилинувчи нафрат ҳукмрон муҳит яратишга уринади ва ўзиникидан бошқа ҳар қандай қарашга нисбатан мутлақо тоқатсизликни намоён қилади.
Масалан, ИШИД жиҳодчилари нафақат Исломга эътиқод қилмайдиганлар, балки шиа мусулмонлари ва улар билан алоқа қилувчи «кофирлар»нинг барига душман сифатида қарайди.
"Такфир" тушунчасини қўллаган ҳолда жиҳодчилар, ҳатто ўз диндошларини ҳам «иймонсиз» ва «муртад» деб эълон қилиши ҳамда таъқиб этиши мумкин.
Айнан шундай чексиз тоқатсизликка асосланган қарашлар сабабли ал-Қоида, ИШИД ва бошқа гуруҳлар ўз мафкурасини дунёнинг кенг мусулмон жамоатчилиги орасида ёйишга муваффақ бўла олмаяпти.
Ўхшаш шаклда, Буюк Британия ва Европанинг бошқа қисмларида дадиллашиб бораётган ўта ўнгчи экстремистлар ҳар қандай ўзгача қарашга эга шахсни ўзига душман кўриши мумкин. Айниқса, улар Осиё ва Африкадан келаётган қочқинлар оқимига йўл очиб бераётган ўз ватандошларини биринчи рақамли душман сифатида билади.
2011 йилда норвегиялик экстремист Андерс Брейвик ўз ватанида мусулмон ёки муҳожирлар эмас, балки унинг ўзи Норвегиядаги ирқлараро мувозанатни ўзгартириб юборишда айбдор кўрган сиёсий партиянинг ўнлаб ёш аъзоларини отиб ўлдирган эди.

Сурат манбаси, Getty Images
«Жирканч материал»
Оқ ирқчилар сермаданият жамиятга қарши даъват олиб боради.
Шу жумладан, жиҳодчилар ҳам. Улар Ғарбда яшаётган мусулмонларни Европанинг мусулмон бўлмаган кўпчилик аҳолиси билан қўшилмасликка чақиради.
Ўта ўнгчи экстремистлар ҳам, жиҳодчилар ҳам, умуман ўзгача жамият қуришни истасада, фақат ўзини энг тўғри йўлда, деб ҳисоблайди.
Уларнинг иккиси ҳам асабга кучли салбий таъсир этувчи расм ва видеолар тарқатишга юқори мойиллик билдиради.
Террорчиликка қарши кураш соҳасидаги зобитлар айрим материалларнинг шу қадар жирканчлигидан уларни кузатиб борувчи гуруҳ аъзоларига психологик кўмак кўрсатилишига тўғри келгани ҳақида маълум қилган.
2001 йил 11 сентябр воқеаларидан сўнг ўтган бир неча йил давомида ал-Қоида Эгизак Бинолар орасидан ёриб ўтаётган самолётлар тасвирини тарғибот ишларида мунтазам қўллаб келган.
ИШИД эса бунданда қабиҳроқ усуллар билан дунёни ларзага солган: жиҳодчилар видеокамера қаршисида бир қанча асирларнинг бошини танасидан жудо этган.
Бундай тарғибот усуллари жаҳон мусулмон жамиятларининг ИШИДдан ўзини тортишига сабаб бўлган бўлсада, улар руҳий бузилиш ва садистча майли юқори бўлган минглаб ёшларни ўзига жалб этган.
Исломий Давлат эълон қилган Халифаликнинг 2014-2019 йиллар давомидаги мавжудияти даврида кўплаб ёш язидий қизлар (ҳатто, тўққиз яшарлари ҳам) секс учун қулликка сотилган ва бу ҳол Европа давлатларида яшаётган баччабозларнинг эътиборини тортган.
Ягона тафовут
Кўплаб ўхшашликларга қарамай, икки томон муҳим бир жиҳатда бир-биридан кескин фарқ қилади.
Жиҳодчилар, одатда, бирлашишга мойил бўлиб, барчанинг ягона қаттиққўл Шариат тузуми остида яшашини истайди, бу учун одамларни мажбурлашга интилади.
Бироқ ўта ўнгчи гуруҳлар бундай хулқ-атворни ўзида деярли намоён этмайди. Уларнинг айрим қисми назорат фақат бир ирқ қўлида бўлишини хоҳласа, бошқалари ўз қонунларигина амалда бўлган ҳудудга эгалик қилишга уринади. Баъзи бир ўнгчилар эса шунчаки анархистлар бўлиб, «тизим»ни парчалаб ташлашга ҳаракат қилади.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek












