Ўзбекистон ва Исломий Давлат: ИШИД сафида қанча хорижий жангари қолди?

Кўп давлатлар жангарилар сафига қўшилган фуқароларини қайта қабул қилишни истамаяптилар

Сурат манбаси, John Moore/Getty Images

Сурат тагсўзи, Кўп давлатлар жангарилар сафига қўшилган фуқароларини қайта қабул қилишни истамаяптилар

Ўтган йиллар давомида минглаб хорижликлар ИШИД сафларида жанг қилиш мақсадида Сурия ва Ироққа келган.

Исломий Давлат назорати остида деярли ҳудуд қолмаганидан сўнг АҚШ ҳукумати жанг майдонида асир тушган юзлаб аёл ва болаларни ўз ватанига қайтаришга даъват қила бошлаган. Бироқ аксар давлатлар бу чақириққа қўшилишга рўйхушлик бермай келмоқда.

Улар нега жиҳодга қўшилган?

Хорижлик жиҳодчилар 2003 йил АҚШ етакчилигидаги халқаро коалиция Саддам Ҳусайн тузумини ағдариб, сунний жангарилик ҳаракатларининг юзага келишига туртки бериб қўйиши ортидан Ироққа кела бошлаган.

Айни «саёҳат» 2011 йилда фуқаролар уруши бошланганидан сўнг Сурияга ҳам уюштирилган.

Хорижий жангариларнинг келиши шундоқ ҳам президент Ассад ҳукуматига азалдан қарши бўлган сунний кўпчиликнинг кураши янада авж олиши ва секталараро зиддиятнинг кучайиб кетишига сабаб бўлган.

2014 йилга келиб, Ироқ ва Суриянинг улкан ҳудудларини эгаллаб олган Исломий Давлат мусулмонларни янги «халифалик»ка келишга чорлай бошлаган ва бу даъватга минглаб хорижликлар қулоқ тутган.

ИШИДга қанча хорижлик келиб қўшилган?

БМТ Ироқ ва Суриядаги террорчи гуруҳлар таркибида 110 мамлакатдан келган 40 мингдан зиёд хорижлик аскар мавжудлигини маълум қилган.

2018 йилдаги тадқиқотга кўра, 80 давлатдан келган 41,490 нафар одам - жумладан, 32,809 нафар эркак, 4,761 нафар аёл ва 4,640 нафар бола - бевосита ИШИДга қўшилгани аниқланган.

Ушбу тадқиқот муаллифлари хорижликларнинг 18,852 нафари Яқин Шарқ ва Шимолий Африка, 7,252 нафари Шарқий Европа, 5,965 нафари Марказий Осиё, 5,904 нафари Ғарбий Европа, 1,063 нафари Жанубий-Шарқий Осиё, 753 нафари Америка қитъаси, Австралия, Янги Зеландия, 447 нафари Жанубий Осиё ва Марказий ҳамда Жанубий Африка минтақаларидан келганини қайд этиб ўтган.

Уларнинг қанчаси ҳалок бўлган?

2014 йилдан буён ИШИДга қарши халқаро коалицияга бошчилик қилиб келаётган АҚШ ИШИДнинг аксар жангарилари ё ҳалок бўлгани ёки қўлга олинганини айтади. Бироқ расмий Вашингтон Исломий Давлат сафларида ҳалок бўлган хорижликларнинг аниқ сони юзасидан изоҳ бермаган.

ИШИД аёллари ва болалалари тақдири қандай бўлиши ҳам номаълум

Сурат манбаси, BULENT KILIC/Getty Images

Сурат тагсўзи, ИШИД аёллари ва болалалари тақдири қандай бўлиши ҳам номаълум

Уларнинг қанчаси ҳибсга олинган?

Сурия Демократик Кучлари расмийси Абдул Карим Омар 18 февраль куни 50га яқин давлат фуқаролари бўлмиш 800тача хорижлик шахс айни вақтда ҳибсхоналарда сақланаётганини маълум қилган.

Шунингдек, камида 700 нафар аёл ва 1,500 бола Сурия ичидаги бошпанасидан айрилганлар учун қурилган жамлоқларда қолаётгани айтилади.

Жаноб Омар ҳибсдаги хорижликларнинг ўз ватанига қайтариш лозимлигини таъкидлаб, уларни «вақтга қўйилган бомба»га қиёслаган. Унинг хавотирланишича, жамлоқлар ва ҳибсхоналарга ҳужумлар уюштирилгудек бўлса, бу жиҳодчилар қочиб кетиши ва ҳудудда яна тартибсизлик бошланиши мумкин.

Бироқ давлатлар жиҳодга қўшилган фуқароларини ортга қайтариш масаласида иккиланмоқда.

Ироқ қамоқхоналарида ҳам террорчи гуруҳларнинг 1,000 нафар собиқ хорижлик аъзолари ушлаб турилибди, дейди БМТ.

Хорижлик жиҳодчилар ҳали ҳам жанг қилмоқдами?

Беш йилга чўзилган қонли уруш сўнггида, қудратли давлатлар томонидан дастакланган Сурия ва Ироқ ҳарбийлари ИШИД назоратидаги деярли барча ҳудудларни қайта эгаллашга муваффақ бўлди.

Шунга қарамай, БМТ Бош Котиби Антонио Гутерреш бундан бир йил муқаддам Сурия ва Ироқ ҳудудида ҳали ҳам 14,000 ва 18,000 ўртасидаги жангари, жумладан, 3,000 нафар хорижлик жиҳодчи курашни давом эттираётганини билдирган эди.

Ўшандан бери бу рақамларда қандай ўзгаришлар юз бергани тўғрисида аниқ маълумотлар мавжуд эмас.

Уларнинг қанчаси уйига қайтган?

Ўтказилган статистик тадқиқотдан аён бўлишича, ИШИДга алоқадор кўрилган 7,336 нафар хорижлик ўз ватанига қайтарилган.

2018 йил июнь ойи ҳолатига кўра, Яқин Шарқ ва Шимолий Африка мамлакатларига 3,906 нафар, Ғарбий Европага 1,765 нафар, Шарқий Европага 784 нафар, Марказий Осиёга 338 нафар, Жанубий-Шарқий Осиёга 308 нафар, Жанубий Осиёга 156 нафар, Америка қитъаси, Австралия ва Янги Зеландияга 97 нафар ва Африкага 12 нафар ИШИД собиқ аъзоси қайтиб борган.

БМТ бу шахсларнинг радикаллашгани ва уларнинг ўз жамиятига хатар туғдириши мумкинлигидан ўз хавотирини билдирган.

Болаларнинг ҳолати қандай?

Хорижий жангариларнинг 2,000дан зиёд болалари, айни вақтда, Ироқ қамоқхоналари ва Суриядаги жамлоқларда сақланмоқда.

Фаоллар ҳибсхоналар ва жамлоқларда яшаш, тиббий хизмат сифати ўта пастлиги ва таълим олиш имкониятлари деярли мавжуд эмаслигидан огоҳлантирмоқда.

Болаларнинг аксар қисми ўз онаси билан бирга экани айтилади. Уларнинг оталари бошқа ерларда ҳибсда экани, ҳалок бўлгани ёки бедарак кетгани тахмин қилинади.

БМТ 18 ёшдан кичик бўлган барча болаларнинг зудлик билан ўз ватанига қайтарилиши ва жамиятга қайта қўшилиши учун махсус дастурлардан ўтказилишига чақирган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: @bbcuzbek