Сурия уруши: ИШИД ўрнига янги жиҳодчи куч майдонга чиқмоқдами?

File photo showing Hayat Tahrir al-Sham fighters at a training camp in northern Idlib province on 14 August 2018

Сурат манбаси, AFP

Сурат тагсўзи, Hayat Tahrir al-Sham has almost 20,000 fighters in its ranks
    • Author, Лина Синжаб
    • Role, Би-би-си

Эҳтимол, Исломий Давлат Суриядаги барча ҳудудларидан айрилгандир, аммо мамлакат шимолида бошқа бир жиҳодчи гуруҳнинг бўй кўрсата бошлагани уруш ҳали якунига етмаганидан дарак бермоқда.

Ўтган ой Ҳаят Таҳрир ал-Шом (ҲТШ) гуруҳи мухолифат кучларининг сўнгги қароргоҳи бўлмиш Идлиб ҳамда Ҳалаб ва Ҳама шаҳарларининг туташ қисмларида жойлашган шаҳарчалар ва қишлоқларни эгаллаб олган эди.

Аввал ал-Нусра Фронти номи билан танилган бу гуруҳ бундан уч йил муқаддам ал-Қоида билан алоқаларни расман узган. Айни вақтда ҲТШ Сурия ҳукуматига қарши курашаётган айрим исёнчи гуруҳларни Идлибдан суриб чиқарган ва бошқаларни ўзига бўйсунишга мажбур этган.

20 мингга яқин жангчиси бор ҲТШ эгалланган ҳудудларда қатъий шариат тартибларини жорий қилишга уринмоқда. Маҳаллий аҳоли гуруҳнинг фаолияти ИШИДникига ўхшаб кетишини маълум қилган.

'Қорага бурканишга мажбурмизʼ

Ҳалабнинг ғарбида истиқомат қилаётган 25 ёшлардаги Ҳиба исмли қиз ИШИД назорати остида юз бергандаги каби аёлларнинг яна ўз ҳуқуқларидан маҳрум бўлишидан хавотирга тушаётганлигини айтади.

Халқаро инсонрпарварлик кўмаги кўрсатувчи ташкилотлар ҲТШнинг нишонига айланишдан чўчиб, ҳудуддаги фаолиятини вақтинча тўхтатишга мажбур бўлган.

бмт

Сурат манбаси, AFP

ҲТШ назоратига олган ҳудудларнинг аксар аҳолиси гуруҳни дастакламаслигини таъкидлайди.

«Охирги саккиз йилдан бери аҳволимиз шу: кимдир бизга қарши чиқади ва қириб ташлашга уринади,» Ҳалаб ғарбида Туркияда асосланган фуқаролик жамияти ташкилотларидан бири бошқарувчиси Иссом Ҳатиб.

Айни ҳудуд турғуни Муҳаммад Би-би-сига ҲТШнинг маҳаллий аҳолини тамсил этмаслиги ва одамлар гуруҳдан ўзини четга олиши ҳақида сўзлаб берди.

"Бизни мажбуран қора рангга буркашмоқчи," дейди у гуруҳнинг мақсадига ишора қилиб.

«Уларни ким қўллаб-қувватлаётганини билмаймиз. Улар қудратли эканидан ҳеч ким қарши чиқишга ботина олмайди.»

Туркия вазиятга аралашадими?

ҲТШнинг фаоллашуви Туркия ва Россия ўртасида Идлибни демилитаризация зонасига айлантириш бўйича ўтган йили эришилган битим тақдирини хавф остига қўймоқда.

Ҳарбийсизлаштирилган ҳудудда 2,9 миллион тинч фуқаро, жумладан, бир миллионга яқин болалар истиқомат қилади.

Битимга кўра, демилитаризация зонаси мухолифат ва ҳукумат кучларини ажратиб турувчи буфер ҳудуд вазифасини ўташи лозим.

Битим кучга кирган вақтда мухолифат кучларидан ҳудуддаги барча оғир қуролларни олиб чиқиб кетиш талаб этилган.

Маҳаллий аҳоли ҳукуматнинг ҲТШ фаоллашувини рўкач қилиш орқали ҳудудда яна ҳарбий ҳаракатлар бошлаб юбориши эҳтимолидан қўрқиб яшамоқда.

Исёнкор ва жиҳодчилар 2015 йили Идлиб устидан назоратни қўлга киритди

Сурат манбаси, AFP

Сурат тагсўзи, Исёнкор ва жиҳодчилар 2015 йили Идлиб устидан назоратни қўлга киритди

Ўтган сентябр ойида Россия-Туркия битими кучга киргандан бери фронт чизиғи бўйлаб бир қанча тартибсиз тўқнашувлар бўлиб ўтган. Бироқ бир неча ҳафта муқаддам ҳукумат ҳам Идлибни ўққа тутган. Оқибатда ўнлаб тинч фуқароларнинг ёстиғи қуриган.

Айрим маҳаллий одамлар Туркиянинг мавжуд вазиятга аралашиб, ҳудуд тинчлигини сақлаб қолишидан умид қилмоқда.

Яқинда ҳукуматга яқин турк газеталаридан бири 15 минг нафар ҲТШ жангариси Сурия шимолий-ғарбидаги мухолиф кучларни бирлаштириш мақсадида Туркия томонидан яратилган Миллий Армия аталмиш қуролли гуруҳга қўшилишни истаётгани борасида хабар тарқатган эди.

«Менимча, йирик кўламдаги ҳарбий ҳаракатдан четланиш йўлида қандайдир келишув бўлса керак,» тахмин қилади жаноб Ҳатиб.

Аммо АҚШ президенти Доналд Трампнинг америкалик ҳарбийларни Суриядан олиб чиқиш бўйича режаси воқеалар ривожини кескин ўзгартириб юбориши мумкин. АҚШ ҳарбийлари ИШИДга қарши курашаётган курд қуролли бўлинмаларини дастаклаб келаётган эди.

Бонг ураётган хатар қўнғироғи

Туркия, БМТ ҳамда АҚШ ва унинг ғарблик иттифоқдошлари томонидан террорчи ташкилот, дея тан олинган ҲТШнинг фаоллашуви Сурия шимолий-ғарбидаги мухолифат назорат этувчи ҳудуд аҳолиси ҳаётига аллақачон таъсир қила бошлаган.

Ўтган йилнинг сентябр ойида АҚШ ва Буюк Британия Туркиянинг Идлиб билан чегараси орқали ҳудудга юборилаётган ёрдамни тўхтатиб қўйган. Улар бу қарорни экстремист кучларнинг кўмак юборилаётган юк машиналарига солиқ солишдан манфаат кўрмаслигига ишонч ҳосил қилиш билан изоҳлаганлар.

тиббиёт

Сурат манбаси, AFP

ҲТШнинг сўнгги ҳужумлари ортидан эса баъзи халқаро агентликлар маҳаллий соғлиқни сақлаш муассасаларига кўрсатаётган ёрдамини тўхтатиб қўйган. Натижада маҳаллий соғлиқни сақлаш хизмати ходимлари меҳнат ҳақисиз қолган ва ўнлаб муассасалар ёпилган.

Айни дамда БМТ миллионлаб тинч аҳолига юборилаётган ўз кўмагини давом эттиришини маълум қилган.

Бироқ идлиблик меъмор Шам маҳаллий одамлар халқаро ёрдамларнинг тўхтатиб қўйилишидан қаттиқ ташвишга тушаётганини маълум қилади.

«Бунинг оқибатида кимдирлар эртага ишидан ажраб қолиши мумкин. Маориф, соғлиқни сақлаш ва бошқа кўплаб соҳалар қаттиқ зарар кўради,» фикрини якунлайди у.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek