Сурия уруши: "Президент Ассад кимёвий қурол ишлатмаса ғалаба қозонолмасди"

Сурат манбаси, EPA
Узоқ етти йилдан бери Сурияда 350 мингдан зиёд инсонни ҳаётдан олиб кетган фуқаролар уруши овози тинмаётир ва президент Башар Ассаднинг қўли баланд келаётган кўринади.
Башар Ассад қандай қилиб бу қонли урушда кетма-кет ғалабаларни қўлга киритмоқда?
Би-би-сининг Панорама дастури ва Араб Хизмати биргаликда олиб борган текширув Сурия ҳукумати бутун дунёдан яширишга уринган кимёвий қуролнинг қўлланилиши уруш ўзанини қанчалик буриб юборганини илк бор кўрсатиб берди.
Кимёвий қурол кенг миқёсда қўлланилган
Би-би-сининг аниқлашича, президент Башар Ассад кимёвий қуролни тақиқлаш бўйича халқаро конвенцияга имзо чекиб, мамлакатда мавжуд кимёвий қурол арсеналини йўқ қилишга ваъда берган 2013 йилнинг сентябридан буён Сурияда, камида, 106 та кимёвий ҳужум амалга оширилган.
Маълумот учун, Сурия Дамашқ атрофида амалга оширилган асабни фалажловчи зарин моддаси билан ҳужум оқибатида юзлаб инсон ҳалок бўлгандан сўнг кимёвий қуролни тақиқлаш бўйича халқаро конвенцияни ратификация қилган эди.
Зариндан заҳарланиш оқибатида танаси акашак бўлиб қотиб қолган қурбонларнинг тасвири бутун дунёни даҳшатга солган эди. Ҳужумдан сўнг Ғарб бу фақат мамлакат ҳукумати томонидан амалга оширилган бўлиши мумкинлигини ишонч билан таъкидлайди, президент Ассад барча айбни мухолиф кучлар зиммасига ағдаради.
Ўшанда АҚШ Сурия ҳукуматига қарашли ҳарбий базаларни нишонга олиш билан пўписа қилади, аммо Ассаднинг асосий иттифоқчиси бўлган Россия уни кимёвий қуроллардан тўлиқ воз кечишга кўндиради.
Бироқ Кимёвий Қуролларни Тақиқлаш Бўйича Ташкилот (КҚТБТ) ва БМТ экспертлари Сурия ҳукумати томонидан топширилган 1,300 тонна кимёвий қуролни йўқ қилганига қарамай, мамлакатда ўнлаб бундай ҳужумлар такрорланаверади.
«Кимёвий ҳужум даҳшатнинг ўзи,» ҳикоя қилади 2016 йили ҳукумат кучлари қўлига ўтгунга қадар Халабнинг мухолифат назорати остидаги қисмида яшаган Абу Жаъфар. «Бомба ёки ракета одамларни бир лаҳзада ўлдиради, улар бирор нарсани ҳис қилишга ҳам улгурмай қолади. Бироқ одам кимёвий қуролдан азобланиб ўлади. Бу жуда секин кечувчи ўлим. Даҳшатли даражада азобли.»
Аммо президент Ассад узоқ вақт давомида қўл остидаги кучлар томонидан кимёвий ҳужумлар амалга ошириб келингани борасидаги иддаоларни рад этиб келди.
«Биз 2013 йили воз кечганимиздан бери қўлимизда ҳеч қандай кимёвий қурол қолмаган. КҚТБТ мувофиқ текширувни ўтказган ва бундай қуролимиз йўқлиги аниқланган,» таъкидлаган эди Башар Ассад.

Сурат манбаси, Reuters
КҚТБТ таърифи бўйича, таркиби заҳарловчи моддаларга асосланган, қасддан ўлим содир этиш ёки соғлиққа зиён етказиш учун қўлланилувчи кимёвий модда кимёвий қурол, деб ҳисобланади.
Ҳарбий ҳаракатлар қандай тус олмасин, бундай қуролни қўллаш халқаро ҳуқуқда қатъиян ман этилган. Бунинг сабаби кимёвий қурол таъсири ёйилиши мумкин бўлган майдон кўлами маълум нуқталарга зарба берувчи оддий қуролларникидан анча кенглиги ва бунинг оқибатида кўплаб тинч аҳолининг ҳаёти хавф остида қолишидир.
Кимёвий қурол таъсирига тушиб қолган инсоннинг соғлигига етказилган зарар ва азобланиш даражаси оддий қуроллар таъсириникидан кўра анча юқори бўлиши мумкин.
2014 йилдан бери КҚТБТ ва БМТ экспертлари Сурияда ҳукумат кучлари томонидан ҳарбий мақсадларда кимёвий қурол қўлланилгани юзасидан айбловларни ўрганиб келмоқда.
Экспертларнинг хулосасига кўра, 2013 йилнинг сентябр ойидан 2018 йил апрелига қадар ўтган вақт ичида мухолиф кучлар назорати остида бўлган ҳудудларда содир этилган 37 ҳужумда кимёвий қурол қўлланилган ёки катта эҳтимол билан қўлланилган бўлиши мумкин.
Айни вақтда, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига қарашли Сурия бўйича халқаро мустақил комиссия ва БМТнинг қатор қўмиталари экспертлари камида 18 та бошқа ҳолатда ҳам кимёвий қурол ишлатилган, дея хулоса қилишга етарли асослар борлигини маълум қилган.
Би-би-сининг Панорама дастури ва Араб Хизмати бир қанча ташкилотлар ёйинлаган маълумотларга асосланиб, Сурия ҳукумати халқаро конвенцияни имзолагандан буён ўтган беш йил ичида, катта эҳтимол ила, кимёвий қурол қўлланилиши билан юз берган 164 ҳолатни ўрганиб чиқди.
Текширувда иштирок этган журналистларнинг маълум қилишича, 164ҳолатдан ҳозирча 106 тасида кимёвий қурол қўлланилганини тасдиқловчи далиллар аниқланган. Ўтган йиллар давомида жаҳон матбуоти Сурияда юз берган кимёвий ҳужумларнинг атиги бир нечасини тилга олган бўлса, Би-би-си текшируви кимёвий қурол мамлакат бўйлаб мунтазам қўлланиб келинганини кўрсатмоқда.
«Кимёвий қуролнинг ҳукумат кучлари томонидан қўлланилиши, уларнинг ўйлашича, таваккал қилишга арзир эди. Улар таваккал қилишга тайёр эдилар ва уни қўллашда давом этдилар,» дейди КҚТБТнинг Суриядаги миссияси собиқ раҳбари Жулиан Танери.
Би-би-би қандай маълумотларни қўлга кирита олди?
Би-би-сига маълумотларни Сурияда ҳеч қандай ҳарбий ёки сиёсий манфаатларга эга бўлмаган турли манбалар тақдим этгани учун уларни холис, деб аташ мумкин. Манбалар қаторида халқаро ва минтақавий инсон ҳуқуқлари ташкилотлари, гуруҳлари ва таҳлилий компаниялар бор эди.
Улар тақдим этган маълумотларнинг катта қисми очиқ бўлиб, ўзида қурбонлар сони, гувоҳлар кўрсатмалари, фотосуратлар ва видео ёзувларни экс эттирган.
Текширув давомида Би-би-си журналистлари маълумотларни қайта ишлаш ишларига ахборотни таҳлил қилиш соҳаси мутахассисларини жалб қилдилар. Мазкур мутахассислар билан биргаликда юқорида тилга олинган 164 ҳолат бўйича гувоҳларнинг ҳикояларидан иборат бўлган маълумотлар синчковлик билан ўрганиб чиқилди, жойлар ва ҳужум ўтказилган вақтлар диққат билан текширилди.
Таҳлилий жараён мобайнида фақат бир манбадангина келган ахборотлардан воз кечилди, шунингдек, Би-би-сининг баҳосига кўра, етарлича ишончли ва далилларга эга бўлмаган маълумотлар ҳам текширувдан чиқариб ташланди.
Би-би-си томонидан қўлланилган маълумотларни қайта ишлаш услуби самарадорлиги мустақил тадқиқотчилар ва экспертлар томонидан тасдиқланди.
Би-би-си журналистлари уруш давом этаётган Суриянинг бир қанча ҳудудларида суратга олиш ишларини олиб бориш учун зарурий рухсатномани қўлга кирита олмади. Шу сабабдан жанг ҳаракатлари ҳали ҳам тўхтамаган ҳудудларга тааллуқли баъзи маълумотларни тасдиқлашнинг имкони бўлмади, аммо текширувни олиб борган журналистлар бошқа манбалардан олинган маълумотларни хулоса чиқаришга етарли, деб ҳисоблайди.
Мавзуга алоқадор
Бераҳм рақамлар
Сурияда содир этилган кимёвий ҳужумларда, кўпинча, заҳарли хлор гази қўлланилган. Хлор икки турли мақсадларда қўлланилувчи моддалар сафига мансуб. У тўлиқ қонуний асос остида фуқаро саноатида ишлатилади. Бироқ хлордан уруш қуроли сифатида фойдаланиш халқаро конвенция орқали тақиқланган.
Кимёвий ҳужумлар мамлакатнинг шимолий-ғарбида жойлашган Идлиб провинциясида кўпроқ амалга оширилган. Шунингдек, кўплаб ўхшаш ҳолатлар қўшни Ҳама ва Халаб ҳудудлари, Шарқий Ғута, Дамашқ теграларида қайд этилган.
Етти йилдан бери давом этиб келаётган урушнинг турли даврларида бу ҳудудлар айнан мухолиф кучлар назорати остида бўлган.
Кимёвий ҳужум оқибатида ҳаётдан кўз юмган энг кўп қурбонлар Кафр Зита ва Дума шаҳарларида кузатилган.
Ҳар икки шаҳарда ҳам мухолиф кучлар ва ҳукумат қўшини ўртасида қақшатқич жанглар бўлиб ўтган.
Би-би-си қўлга киритган ва текширган маълумотларга мувофиқ, энг кўп тинч аҳоли бир вақтнинг ўзида ҳалок бўлган кимёвий ҳужум 2017 йил 4 апрел куни Идлиб провинциясининг Хан-Шайхун шаҳрида содир бўлган.Ўша куни, шифокорлар маълумотига кўра, 80 киши оламдан ўтган.
БМТнинг таъкидлашича, кимёвий қуроллардан ташқари анчайин инсоний қурбонларга сабаб бўлган кўплаб ҳолатларда халқаро конвенциялар тақиқлаган бошқа қуроллар, масалан, кассетали бомбалардан ҳам фойдаланилган.
Гувоҳлар кўрсатмалари Сурия ҳукуматига қарши
Сурия ҳукумати топширган кимёвий қуроллар арсеналини йўқ қилишда иштирок этган КҚТБТ экспертлари президент Ассад ўз ихтиёридаги бор қуролларни берганига кафил бўла олмаслигини айтади.
КҚТБТ экспертларининг сўзлари кўра, Сурия ҳукумати декларациясида кўплаб номувофиқликлар бўлган.
Бундан ташқари 2014 йил июнида президент Ассад Сурияда заҳарловчи моддалар ортиқ қолмаганини маълум қилган.
Деярли уч йилдан сўнг эса Хан-Шайхунда юз берган кимёвий ҳужум ортидан ўнлаб одамлар ҳалок бўлган.
Абдул Ҳамид Юсуф ўша ҳужумда аёли, 11 ойли эгизак фарзандлари, икки туғишган укаси ва бир амакиваччасидан айрилган. Кўплаб қўшнилари ҳам ҳаётдан кўз юмган.
Ўша кунни хотирлаб, у одамлар кўчада дарахтдек йиқила бошлагани ҳақида айтиб беради.
«Улар безгак тутгандек қалтирар, оғизларидан кўпик оқарди,» эслайди Абдул Ҳамид. «Жуда қўрқинчли манзара эди. Мен ўша заҳоти бу кимёвий қурол эканини тушунгандим.»
Абдул Ҳамиднинг ўзи ҳам ҳушидан кетиб, шифохонада ўзига келади. У дарҳол оиласининг аҳволи ҳақида сўрай бошлайди.
«15 дақиқадан сўнг уларни кўрдим - фақат жонсиз ҳолда. Энг яқин инсонларимдан айрилдим,» кўзига ёш олади у.
Кейинроқ КҚТБТ ва БМТнинг қўшма экспертлар гуруҳи Хан-Шайхун аҳолиси зарин моддаси орқали нишонга олинганини аниқлади.

Зарин цианиддан кўра 20 марта ҳалокатли модда ҳисобланади. У одамнинг асаб тизимини фалажлайди. Унинг таркибидаги ўзига хос фермент миядан келаётган сигналларни ўчириб қўяди ва бунинг оқибатида асаб ҳужайралари парчалана бошлайди. Юрак, мушаклар ва нафас олиш аъзоларининг қисилиб қолиши кузатилади. Кўп миқдордаги зарин таъсири остида одам бир неча дақиқа ичида ўлим топади.
Ҳужумдан бироз вақт олдин Хан-Шайхун устидан Сурия ҳукумати кучларига қарашли самолёт учиб ўтгани кузатилган. Суриянинг яқин иттифоқчиси бўлмиш Россия ўшанда бу самолёт кимёвий қурол ҳам бўлган террористларнинг қурол омборларини бомбалагани ва гўё айнан шу ҳолат ортидан Хан-Шайхун узра заҳарли булут ҳосил бўлганини таъкидлаган эди.
Аммо КҚТБТ экспертлари Хан-Шайхундан олинган зарин намунаси 2014 йилда йўқ қилинган Сурия ҳукуматига тегишли кимёвий қуроллар арсеналидаги зарин намуналари билан мос эканлигини маълум қилган.
Бу эса ҳукумат ўз ихтиёридаги барча кимёвий моддаларни топширмаганидан далолат беради.

Бундан ташқари кимёвий қурол қўлланилгани исботланган 106 ҳолатдан 51 тасида ҳужум ҳаводан амалга оширилган. Суриядаги зиддият иштирокчилари орасида фақат ҳукумат армияси ҳарбий самолётларга эгадир.

Сурат манбаси, AFP
Текширувни олиб борган журналистлар, шунингдек, ўз қўл остидаги маълумотлар асосида ИШИД жангарилари томонидан хантал гази қўлланган бешта ҳужум содир этилган, деб ҳисоблайди.
Башар Ассад мухолиф кучларни кимёвий қурол қўллашда бир неча бор айблаб чиққан эди, лекин бунга ишора қилувчи далиллар ҳалига қадар топилмаган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













