ИШИД болалари: Жангари ва адашганларнинг фарзандлари тақдири кимни қизиқтиради?

Сурат манбаси, AFP
- Author, Флора Друри
- Role, BBC News
Исломий Давлат: Жамлоқларда қолаётган минглаб хорижлик болалар
Минглаб хорижлик болалар номаълум ва хатарли келажак билан юзлашганча, Сурия жамлоқларидан чиқиб кета олмаяпти, дея огоҳлантирган хайрия ташкилотларидан бири.
Save the Children хайрия ташкилоти атиги уч жамлоқда 30 давлатдан келган 2,500 бола яшаётганини аниқлаган.
Улар жамлоқларнинг асосий қисмидан ажратилган ҳудудларда собиқ ИШИД аъзолари деб ишониладиган хорижлик аёллар билан бирга сақланмоқда.
Айни вақтда Суриядаги хорижлик болаларнинг тақдири юзасидан муҳокамалар қизимоқда.
Бироз аввалроқ бир қанча хорижлик аёллар Сурияга келганидан афсусланиб, фарзандларини осуда ҳаётда тарбиялаш мақсадида ўз ватанига қайтишни истаётганини маълум қилган эди.
Бунга жавобан Буюк Британия ва АҚШ икки аёлни ортга қайтишига тўсиқ қўйган. Бироқ ичида атиги бир неча кунлик гўдаклар ҳам бўлган минглаб хорижлик болаларнинг тақдири қандай кечади?
«Ҳар бир давлат бу болаларнинг ортга қайтиши учун ахлоқий жиҳатдан масъулдир,» дейди Лондонда жойлашган Quilliam International таҳлил маркази ходими Усама Ҳасан.
Сурияда қанча хорижлик бола мавжуд?
Болаларнинг аниқ сони ҳақида маълумотлар йўқ.
Радикализмни Ўрганиш Халқаро Маркази (ICSR) 2018 йилда эълон қилган ҳисоботга кўра, камида 3,704 нафар хорижда дунёга келган бола ота-онаси ёки васийлари томонидан ИШИД назоратидаги ҳудудларга олиб кирилган. Уларнинг 460 нафари Франция, камида 350 нафари Россия ва 400 га яқини Марокашда туғилгани аниқланган.
Ҳисобот эълон қилингандан бери болаларнинг юздан ортиғи ватанига қайтарилгани тўғрисида маълумотлар мавжуд. Уларнинг бир қисми эса ИШИД назорати остидаги ҳудудларда ҳалок бўлган.
Бундан ташқари жиҳодга отланган кўплаб хориж фуқаролари Ироқ ва Сурияда фарзанд кўрган.
ICSR ўтган йилнинг июль ойида 19 мамлакатдан келган ИШИД жангариларидан 730 туғилиш ҳолатларини аниқлаган. Бироқ норасмий маълумотларда таъкидланишича, хорижлик ота-оналар Сурия ва Ироқ ҳудудида 5,000 га яқин бола орттирган.
ИШИД аъзоларининг фарзандлари қаерда?
ИШИД аъзоларининг болалари ҳозирда айнан қайси ҳудудларда яшаётганини айтиш мушкул.
Сурия шимолидаги жамлоқларда вазият жуда оғир, дейди Save the Children ташкилоти. Собиқ ИШИД аъзолари, дея кўрилаётган шахслар билан бирга сақланаётган болалар, аксар ҳолларда, етарлича озиқ-овқат ва тиббий кўмак олиш имконига эга эмас.
Айрим хабарларда жамлоқлардаги вазият ўта мураккаблигига ишора қилинади.
«Биз хорижлик аёллар суриялик ва ироқликлар билан чиқишиб кета олади, деб ўйлагандик,» деган Шимолий Суриядаги курдлар жамлоғи директори France24 каналига.
«Аммо улар ўзини жуда ҳам ваҳший тутади. Аёллар сурияликларнинг бир қанча чодирларини ёқиб юборди. Улар сурияликларни сувараклар, кофирлар, деб атайди. Ўзларини ягона ҳақ мусулмонлар ҳисоблайди. Шу туфайли уларни алоҳида сақлашимизга тўғри келди.»
Шунга қарамай, бу «ваҳший» аёллар жамлоқларнинг алоҳида қисмларида ҳам ўзини ёввойиларча тутишда давом этган. Журналистлар бундай хулқ-атвор оқибатида бир бола ҳаётдан кўз юмганидан хабар топган.
Айни дамда, тўққиз ёшли болалар қўшни Ироқ маҳкамаларида судга тортилмоқда, яна юзлаб гўдаклар эса ИШИДнинг собиқ аъзолари бўлмиш хорижлик оналари билан ҳибсхоналарда сақланмоқда.
Бундай мураккаб вазият фонида давлатларни болалар ҳаётини сақлаб қолишга бўлган чақириқлар авж олмоқда.

Сурат манбаси, AFP
Қайси давлатлар болаларни ортга қайтаришга киришган?
Ҳозирга қадар жуда оз бола ўз ватанига қайтарилган. Бунинг оқибатида кўплаб давлатлар суст ҳаракат қилишда айбланмоқда.
Бир вақтнинг ўзида ҳануз ўз юртида яшаётган болаларнинг яқинлари уларни бағрига олиш истаги билан чиқмоқда.
Россияда юздан ортиқ бола оила аъзолари ёки яқинлари қўлига топширилган.
Бироқ бошқа давлатлардаги оилалар набиралари ёки жиянларини Сурия ва Ироқдан қайтариб олиб келишда муаммолар билан юзлашмоқда.
Белгияда истиқомат қилаётган Фотиҳа исмли аёл Washington Post нашрига Суриядаги жамлоқда қолаётган олти набирасини қайта ўз қарамоғига олишга тайёрлигини билдирган.
Аммо Белгия ҳукумати уларнинг оналарининг мамлакатга қайтишига тўсқинлик қилмоқда.
Айрим давлатлар, жумладан Россия ва Белгия, болаларнинг қайтишига қарши эмаслиги, лекин уларнинг ота-оналарининг мамлакатга қайта киришини истамаслигини маълум қилган.
Британия ички ишлар вазири Сажид Жавид ота-оналарнинг ватанига қайта киришига тўсиқ қўйишдан болалар жабр чекмаслиги лозимлигини айтган.
Бироқ Save the Children ташкилоти болаларни онасидан ажратишнинг оғир оқибатларидан огоҳлантиради.
Ҳозирда давлатлар мазкур муаммога нисбатан ўз қарашини ўзгартира бошлаган. Масалан, Франция шу вақтга қадар вазиятни ўрганиб кўргандан сўнггина болаларни ортга қайтариб олаётган эди. Эндиликда, Франция ҳукумати собиқ ИШИД аъзоларини қайтариб, уларнинг масаласини мамлакат ичида ҳал қилмоқчи эканини билдирган.
Болаларни қайтаришнинг оқибатлари қандай?
Болаларни ватанига қайтариш жамият учун хавфли бўлиши мумкин, тахмин қилади ICSR ҳисоботи ҳаммуаллифи Жина Вейл.
«Кичик ёшлилар, айниқса, ўғил болалар Исломий Давлат ҳудудида жуда ёш давридан бошлаб маънавий ва руҳий жиҳатдан мияни ювиш жараёнларини бошдан кечирган, ҳарбий тайёргарликдан ўтган,» изоҳлайди у.
Бироқ Вейл хоним уларни Сурия ва Ироқда қолдириш бунданда оғир оқибатларига олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантиради.
«Бундан ташқари ИШИД сафларида бўлган ёки туғилган болаларни жамият қабул қилмаслиги мумкин. Агар бундай ҳолга кўз юмилса, келажакда ажратиб қўйилган шахсларда радикаллашиш юзага келиши эҳтимоли кучаяди,» дейди у.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek












