Касалликми ё бузуқлик: Сексга берилиб қолиш касаллиги ростдан ҳам мавжудми?

Сурат манбаси, Karen Charmaine Chanakira
Баъзи одамлар жинсий алоқага юқори мойилликни касаллик, деб атаса, бошқалари буни тарбиясизлик, ахлоқсизликка йўяди. Би-би-си мухбири Сангита Миска сексга қарамликдан азоб чекканини билдирган шахслар билан учрашиб, сексга берилиб қолиш касаллиги ростдан мавжудлиги ва унинг аломат-оқибатларини ўрганишга уриниб кўрди.
Ноила Буюк Британияга бундан 15 йил бурун Марказий Осиёдан кўчиб келган. Унинг янги ватандаги илк иши, ўзининг таъбири билан айтганда, «миллионлаб фунт стерлинг ишлаб топувчи эркаклар эгаллаб олган» биржа савдолари билан шуғулланувчи компанияда бўлади.
Жамоада ундан ташқари яна биргина аёл бўлган, холос. Эркак ҳамкасблари баъзида нархлар ҳақидаги маълумотларни акс эттирувчи каттакон экранларда порнографик филмларни қўйиб юбориш орқали аёлларни «уйғотиш»га уринар эдилар.
«Бундай беҳаёликни бошида умуман қабул қила олмагандим, аммо бу илк ишим ва ундан яхшигина пул топаётган эдим. Шу сабабдан атрофдаги нарсаларга эътибор қилмасликка уринар, ишимдан айрилишни хоҳламасдим,» сўзлайди Ноила.
"Эркаклар шу йўл билан жамоадаги биз - аёлларнинг эътиборини тортмоқчи бўлаётганини билардим. Шу учун ҳам уйга борганда, порно филмлар кўриб, офисдаги томошаларга қандайдир маънода руҳан тайёрлана бошладим."

Сурат манбаси, Karen Charmaine Chanakira
Бироқ тез орада бундай томошалар Ноилага ёқиб қола бошлайди. Секс мавзуси умуман муҳокама қилинмайдиган анъанавий оилада ўсган Ноила учун бу ҳол ҳали очилмаган дунёдек қизиқ эди.
Эндиликда у фақат ҳар куни уйга тезроқ қайтиб, бирор порно филм кўриб, секс ўйинчоқлари билан ўзини қондириш ҳақида ўйлайдиган бўлиб қолади.
У юқоридаги жараённи шундай тасвирлайди:
"Ҳаммаси секин-аста бошланади. Филм кўраётганда майлингиз ҳосил бўлиши билан ўйинчоқни қўлга оласиз ва ишга тушасиз. Ҳаёлингиз умуман бошқа оламда кеза бошлайди. Сиз телевизор ва ўйинчоқ тугмачасини босмаганингизча, бу ҳолат тугамайди. Барчаси ўз назоратингиз остидалигини англаш янада роҳат бағишлайди. Бундай ҳузурни бирор эркакдан ололмайсиз."
«Сийпалаш» номли бундай усулдан фойдаланган ҳолда Ноила кунига икки-уч соатдан, ҳафтасига етти кун порно филмлар кўрар эди.
Ноила ўзини бу йўл билан қониқтиришга доим ҳам майли бўлмагани ва бундай вақтларда ўзини-ўзи мажбурлагани тўғрисида ҳикоя қилади.
"Ҳаммаси бехатар эди. Порно кўриш давомида сиз ҳеч қандай касаллик юқтириб олмайсиз ёки кимгадир ёқишга мажбур бўлмайсиз. Ҳаммаси ўз қўл остингизда ва сиз кутган натижа билан якунланади."

Сурат манбаси, Karen Charmaine Chanakira
Аммо вақт ўтган сари Ноиланинг порно филмлар турига нисбатан талаби ҳам ортиб бора бошлайди.
«Одатда, эркак-аёл ва аёл-аёл жуфтлигидаги классик филмлар кўрар эдим, лекин улар мендаги ҳиссиётни ортиқ қўзғамай қўйди. Шундан сўнг янада қаттиқроқ, гуруҳ бўлиб зўрлашлар акс этган филмларга ўта бошладим.»
Сўнг Ноилада уят ҳисси пайдо бўлади, ўзини «беҳаё» ҳисоблай бошлайди.
Бундай ўтиришимни бошқалар кўриб қолса, нима бўлади каби оғриқли саволлар уни азоблай бошлайди. Ноиланинг айтишича, ўзи сингари сексга берилиб қолишга мубтало бўлганлар айнан бошқалардан уялиш ҳисси туфайли асл шахсиятини яшириб юришга уринади. Улар доим кундалик одатларидан бошқалар хабар топиб қолиши мумкинлигидан хавотирланиб яшайди.

Сурат манбаси, Karen Charmaine Chanakira
Порно филмлар Ноиланинг эркакларга нисбатан ўлчовларини ҳам ўзгартириб юборади. У доим ўзига мос эркак излар, аммо топганлари порно филмлардаги актерлардек эмас эди.
"Мен ўзим учратган эркакларнинг мушаклари актерларникидек бўртиб турган-турмаганига биринчи бўлиб эътибор қаратар эдим. Кейин оддий эркакларнинг олати ўлчами ҳам мени доим хафа қилар эди. Шу тариқа умр йўлдошим бўлиши мумкин бўлган эркаклар билан мана шундай арзимас сабаблар туфайли ажрашиб кета бошладим."
Порно филмлардан воз кечиш эса у учун қийин масалага айланиб қолди.
Ноила ҳозирда 40 ёшдан ўтган. У ўзининг молиявий соҳадаги фаолиятидан воз кечиб, тиббий маслаҳатчи бўлиш учун малака оширган ва, ҳозирда, сексга қарамликдан қийналаётган беморлар билан ишлаб келмоқда.
Британия Соғлиқни Сақлаш Миллий Хизмати сексга қарамликни касаллик сифатида тан олмагани учун беморлар махсус клиникаларга мурожаат қилишга мажбур. Бундай клиникалар жуда кам бўлиб, улардаги муолажалар нархи баъзида соатига бир неча юз долларга етиши мумкин.
Британияда юзлаб, ҳатто минглаб инсонлар ҳар йили сексга қарамликдан қутилиш мақсадида махсус клиникаларга мурожаат этади. Уларнинг аксариятини эркаклар ташкил қилади.

Сурат манбаси, Karen Charmaine Chanakira
Сексга қарамлик ҳақиқий касалликми?
•Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти яқинда Жинсий Хатти-Ҳаракатларнинг Ноихтиёрий Бузилишини тан олинган руҳий бузилишлар рўйхатига қўшди
•Британия Соғлиқни Сақлаш Миллий Маркази сексга берилиб қолишни касаллик, деб тан олмайди ва у ҳақида расмий статистика юритмайди
•Британиядаги хусусий клиникалар ҳар йили уларга юзлаб, балки минглаб инсон мурожаат қилишини иддао этади.
Табиатан тортинчоқ бўлган аёллар бундай муаммо ҳақида гапирмасликни маъқул кўради. Бироқ эркаклар бундан унча қийналмайди.
Полнинг ёши 50 дан ўтган. У сексга қизиқиши бундан 30 йил олдин - университетда ўқиб юрган кезлари бошланганини айтади. Бироқ у порно филмларга эмас, балки қизлар билан яқинлик қилишга берилиб қолади.
Пол бир қизни жуда севар эди, лекин севгилиси билан бўлаётган жинсий ҳаёт уни қониқтирмас эди.
"Мен уни жонимдан ортиқ кўрар эдим, аммо бир куни умримда синаб кўрмаган ажойиб секс билан шуғулланиш иштиёқи мени тинч қўймади ва бир фоҳишанинг олдига бордим. Севгилимга хиёнат қилишни асло истамаган эдим, лекин янги ишқий саргузаштларга ҳавас мени тинч қўймасди ҳам."
Фоҳишалар хизматидан фойдалана бошлаган Полнинг феъл-атвори атиги бир неча ҳафта ичида буткул ўзгариб кетади.
"Бир вақтнинг ўзида олтита қиз билан гаплашиб юрардим, лекин бу ҳам камлик қиларди. Шу сабабдан ҳафтасига икки ё уч марта фоҳишаларга борар ҳам эдим. Бу худди қорнингиз очган пайтда питса буюртиришдек гап. Буюртмангиз келади, сиз уни паққос туширасиз ва очлик ҳақида унутасиз."
Пол бундай ҳаёт тарзидан уялмайди ёки зерикмайди, қайтанга унинг ичига янада кириб бораверади.
Университетдан сўнг у Лондонда бир ишга жойлашади ва бу ердаги муҳит Пол каби хулқ-атворга эга шахсларга жуда мос эди.
"Ҳаёт тасаввур қилиб бўлмас даражада ажойиб эди. Дунё бўйлаб хизмат сафарларида бўлиб, кўп пул топар эдим. Бўш қолдим, дегунча кўнгилхушлик излаб, стриптиз клубларга йўл олардим."
Бундай клубларда Пол бир туннинг ўзида минг долларлаб пул совурар, ҳатто, баъзида ҳафталаб ундай жойларда қолиб кетар эди.
Ноила каби Полнинг ҳам янада кўпроқ ҳузурга бўлган талаби ошиб бораверади. Бу гўё наркотикка ўрганиб қолишга ўхшар эди. Сексга берилиб қолган илк ўн йилида Пол фақат аёллар билан яқинлик қилган бўлса, сўнг аста-секин эркаклар билан ётадиган одат чиқаради.
"Аёллар мени ортиқ қизиқтирмай қўйган эди ва фақат эркаклар билан яқинлик қилишга ўтдим. Мен ҳеч қанақасига гей эмасман, деб бемалол айта оламан. Бу шунчаки ҳузур олишнинг янги кўриниши ва даражаси эди, холос."
Ноила сингари Пол ҳам сексга хоҳиши йўқ пайтлари ўзини мажбурлаб, уйғотишга ҳаракат қилар эди. Ноила каби у ҳам севимли машғулотининг соатларга чўзилишини истар ва бунга эришиш учун ҳар нарсани синаб кўрар эди.

Сурат манбаси, Karen Charmaine Chanakira
Сўнг Полда порно филмларни томоша қилишга истак кучая бошлайди.
"Ота-онамнинг хонасидан порно журнал топиб олганимда энди 12 ёшда эдим. Бироқ ўша пайти менда бирор жинсий майл пайдо бўлганини эслолмайман."
Полнинг ёши ўтиб, эркак-аёллар билан ишқий саргузаштларга қуввати етмай қола бошлаган бир пайтда юқори тезликдаги интернет оммалашади. Пол интернетда соатлаб порно филмлар кўриб ўтирадиган одат чиқаради.
Пол анча вақт хусусий махсус клиникаларнинг бирида даволаниб чиққан. Фоҳишаларга бормай қўйганимга бир неча йил, порно томоша қилмаганимга эса бир неча ой бўлди, дейди у.
Эндиликда у умрининг сўнгги дақиқасига қадар ўзига йўлдош бўлувчи аёлни учратиш орзусида.
"Бу ёлғизлар хасталиги… Ҳаётинг чегараланганини ўйлаган саринг имкон қадар ундан лаззат олишга уринасан. Мен ўзим севган, меҳр берган бирор аёл билан ҳеч қачон ўзим истагандек жинсий яқинлик қила олмаганман. Ўткинчи ҳавасларим туфайли 30 йил давомида асл муҳаббатимга айланиши мумкин бўлган бирор аёлнинг қўлидан тутиб қола олмадим."
Жорий йилнинг июнь ойида Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти Жинсий Хатти-Ҳаракатларнинг Ноихтиёрий Бузилишини халқаро тан олинган руҳий бузилишлар синфига киритди.
Британиялик шифокорлар ҳукуматнинг ҳам айни шундай йўл тутишини истайди.
Би-би-си суҳбатлашган бир қанча ўзини сексга қарам ҳисобловчи инсонлар ўзининг ҳақиқатан ёрдамга муҳтожлигини айтади.
Бироқ шифокорлар жинсий зўравонлар ва сексга берилиб қолган шахсларни бир қолипга солмаслик лозимлигини маълум қилади. Уларга кўра, зўравонлар ўзгаларга азоб беришни хуш кўрса, сексга қарам бўлиб қолган инсонлар ўз танаси ва руҳиятини азоблайди.
Иллюстрациялар: Карен Чармайн Чанакира - BBC учун
Мавзуга алоқадор

Сурат манбаси, REBECCA HENDIN/BBC THREE
"Мастурбация давомида олатим ўз қаттиқлигини тез-тез йўқотаётганлигини сезиб қолган пайтимда 16 ёш эдим.
Кейинроқ менда эрталабки эрекция йўқолиб қолди. Бу соғлигим билан қандайдир нохуш ҳолат юз бераётганлигининг биринчи аломати эди. Ўша йил ичида бу муаммо ёмонлашгандан ёмонлашиб борди. Мастурбация ва секс билан шуғулланиш мен учун имконсиз машғулотга айланиб қолди..."
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













