Бурқа можароси: 'Борис Жонсон партиядан ҳайдалсин!'

bbc
Сурат тагсўзи, Лорд Шайх иқтидордаги консерваторлар партиясининг энг юқори мартабали мусулмон аъзоси

Борис Жонсон бурқа тўғрисида билдирган мулоҳазаси учун Консерваторлар Партиясидан ҳайдалиши лозим, демоқда Консерватив Мусулмон Форуми асосчиси Лорд Шайх.

Лорд Шайхнинг фикрича, Бош вазир Тереза Мейнинг Борис Жонсондан узр талаб қилгани етарли эмас.

Эслатиб ўтамиз, бундан бироз вақт аввал Британия собиқ ташқи ишлар вазири, Британия Парламенти аъзоси Борис Жонсон бурқа кийган аёлларни «почта қутиси» ва «банк талончилари»га ўхшатган эди. Жаноб Жонсон ҳозирча бу сўзлари учун кечирим сўрашдан бош тортмоқда.

Маданият вазири Жереми Райтга кўра, аслида бу масала юзасидан қизғин баҳс кўтарилишига сабаб ҳам йўқ эди. Бироқ у: "Биз қовоқхонадаги дўстларимиз билан гаплашмаяпмиз. Биз жамоат арбобларимиз ва гарданимизда гапимизни ўйлаб гапириш мажбурияти бор," деб қўшимча қилган.

Жаноб Жонсонга яқин манба шундай дейди: «Биз нозик мавзулар юзасидан авж оладиган мунозаралар тузоғига тушиб қолмаслигимиз лозим.»

"Ўз иродамизни кўрсата олишимиз зарур. Агар биз либерал қадриятларни ҳимоя қилишда бўшлик қилсак, у ҳолда реакцион кучлар ва экстремистларга осонгина таслим бўламиз."

Мазкур можаронинг келиб чиқишига сабаб бўлган Daily Telegraph нашридаги мақоласида жаноб Жонсон юзни тўсиб турувчи кийимлар тақиқланиши шарт эмаслиги, аммо улар жуда «аҳмоқона» кўринишини таъкидлаб ўтган эди.

Консерваторлар Партияси раиси Брендон Луис ўз партиядоши бўлмиш жаноб Жонсондан бу сўзлари учун дарҳол узр сўрашни талаб қилган. Бош вазир Тереза Мей жаноб Луиснинг талабини дастаклаган. Мей хоним собиқ ташқи ишлар вазирининг мулоҳазалари «яққол ҳақорат» эканлигини таъкидлайди.

Boris Johnson

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи, Жонсон ўтган ой Ташқи ишлар вазирлигидан истеъфо берган.

Ўз вақтида собиқ Бош вазир Дэвид Камеронга маслаҳатчилик қилган Лорд Шайх BBC Newsnight билан суҳбатда шундай деган: «Уни партиядан чиқариб ташланг. Бунинг нега иложи йўқ экан? У супер одам эмас, шунчаки партиянинг бир аъзоси. Партия раиси, Бош вазирда уни партиядан чиқариб ташлаш ҳуқуқи бор.»

Жаноб Жонсон узоқ вақтдан бери консерваторлар партияси етакчилиги учун асосий номзод сифатида кўриб келинади.

У ўтган ой Тереза Мейнинг Брексит борасидаги режаларига қарши норозилик рамзи сифатида ташқи ишлар вазири лавозимидан истеъфо берган эди.

Аксарият одамлар уни ўзининг сиёсий амбициялари йўлида мусулмон аёллари кийимидан восита сифатида фойдаланишда айбламоқда.

Консерваторлар Партиясининг яна бир аъзоси Лорд Пиклес Би-би-си билан суҳбатда жаноб Жонсон учун энг мақбул йўл кечирим сўраш эканлигини айтиб ўтди.

«Агар у фикрини очиқ баён этиб, либерал қадриятларни ҳимоя қилишни истаса, у ҳолда жоҳилларга хос сўзларни ишлатмагани маъқул.»

Британия вазирлар маҳкамасидаги илк мусулмон аёл ҳисобланувчи Баронесса Варси, мободо, жаноб Жонсон кечирим сўрашни ўзига лойиқ топмаса, унга нисбатан интизомий чоралар қўллашга чақирган.

Бир вақтлар жаноб Жонсоннинг маслаҳатчиси бўлган Мунира Мирза эса унинг бурқага нисбатан қарашлари «буткул изчил» эканлиги ва Консерваторлар Партиясининг бошқа аъзолари айни фикрларни изҳор этганда исломофоб тамғасини олмаганини айтади.

«Аслида бу ерда сиёсий жанг кетмоқда,» дейди Мирза хоним. «Мусулмон аёлларнинг ташвиши билан заррача қизиқмайдиган одамлар бу гаплар айнан Бориснинг оғзидан чиққани учун унга ташланмоқдалар.»

Исломофобия нима ўзи?

Ўтган йили лестерлик Зайнаб Ҳусайн нотаниш бир эркак томонидан машина уриб юборилади. Эркак ерга йиқилган Ҳусайн хонимнинг устига яна бир марта машина солади. Зайнаб Ҳусайн мусулмон бўлгани туфайли ҳужумга учраган эди.

Мусулмонларга қарши хуружларни кузатиб борувчи Tell Mama миллий ташкилотига кўра, анти-мусулмон ҳужумларнинг аксарият қурбонлари Ҳусайн хоним каби хотин-қизлардир. Сабаби мусулмон аёлларини кийимидан осонгина фарқлаб олиш мумкин.

Lady Warsi
Сурат тагсўзи, Баронесс Варси Жонсон кечирим сўрамаса, унга нисбатан интизомий чора кўрилиши кераклигини айтган.

Бундан етти йил муқаддам Баронесса Варси мусулмонларга нисбатан нотўғри шаклланиб қолган қараш жамиятда тобора чуқур илдиз отиб бораётгани ҳақида айтган эди.

Ўшандан бери мусулмонларга нисбатан нафратни сўндириш йўлида махсус ҳукумат гуруҳи фаолият олиб бормоқда.

Бироқ ҳукумат Исломофобияга аниқ таъриф бермагани ортидан ушбу гуруҳнинг уринишлари етарлича самара бермаётир.

Аслида Борис Жонсон нима деган эди?

Жаноб Жонсон Данияда бурқага нисбатан қўйилган тақиқ юзасидан ўз фикрларини Daily Telegraph нашрида мақола кўринишида эълон қилган эди.

У мақоласида расмий юзма-юз учрашувларда аёллардан юзини тўсиб турувчи ниқобни олиб қўйишни сўрашга «тўла ҳаққи» бир эканлигини маълум қилади. Бундан ташқари мактаблар ва университетлар ҳам «банк талончиси»га ўхшаб ўтирган ўқувчидан айни нарсани талаб қилиши лозимлигини айтади.

"Агар сиз бурқа зулм тимсоли, деган фикрда бўлсангиз, билингки, мен сиз биланман," дейди у.

«Агар сиз аёллардан юзини ёпиб юришни талаб қилиш уларга нисбатан зўравонликдир, деган фикрда бўлсангиз, мен сизнинг фикрингизга тўлиқ қўшиламан. Шуни қўшимча қилган бўлардимки, мен Қуръондан бундай талабга бирор асос топа олмайман.»

«Мен одамлар почта қутисига ўхшаб юришини ғирт аҳмоқона танлов, деб ҳисоблайман.»

У бизнес компаниялар ва ҳукумат ташкилотлари ўз мижозлари юзини кўриб туриш учун "мажбурий дресс-код" жорий этиш ҳуқуқига эга бўлиши лозимлигини таъкидлайди.

Бироқ у: «Бундай чекловларнинг вояга етган эркин аёлга жамоат жойларида нима кийиш ёки нима киймаслик лозимлигини уқтиришдан фарқи бор. Эркин аёллар кийимни ўз истагига қараб танлайди,» дея қўшимча қилган.

У юзни ёпиб турувчи ниқобларни мутлақ тақиқлаш радикал кайфиятдаги одамларнинг фаоллашишига сабаб бўлиши ва бунинг ортидан «ҳар қандай диний мансублик белгиларининг ёппасига босимга учраши»ни ҳам айтиб ўтган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek