Самарқанддан Лондонга - Ипак йўлларидаги савдо, қуллар ва ўғирланган пилла - Видео

- Author, Ибрат Сафо
- Role, BBC Uzbek
- Ўқилиш вақти: 3 дақ
Юзлаб йиллар аввал яшаган аждодларимиз биздан кўра анча эркин, чегараларни билмаган космополитлар эдиларми? Бугун бир давлатдан иккинчисига сафар қилмоқчи бўлганимизда юз тутадиган виза ва божхона бошоғриқларини ҳисобга олсангиз, шундай туюлади.
Дунёнинг энг машҳур музейларидан бўлмиш Лондондаги "Британия музейи"да очилган "Ипак йўллар" кўргазмаси ана шу аждодларимиз ҳақидаги ғаройиб ҳикояларни тақдим қилади.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
У вақтларда фил, от ва туялар қаторлашган карвонларда, ёки ҳатто пиёда, баланд тоғлар, саҳро ва дарёларни кечиб ўтиш осон эмасди, қароқчилар ҳужумлари ҳам доимий хавф эди. Лекин, бу хавфлар инсоннинг ўзга диёрларга қизиқиши ва жаҳонгашталигига тўсиқ бўла олмаган.
Халқаро шериклар, хусусан Ўзбекистон билан ҳамкорликда ўтаётган бу кўргазма муаллифларига кўра, Ипак йўли битта йўл эмас, балки кўплаб йўллар кесишган тармоқлардан ташкил топганди. Улар Осиё, Африка ва Европа бўйлаб тарқалган, Осиё шарқидан маҳсулотлар Британиягача, Европа шимолидан Мадагаскар оролларигача етиб борган.
Олтинчи ва ўнинчи аср ўрталарини, яъни ўзаро ришталар энди-энди ривожлана бошлаган даврни ўз ичига олган бу кўргазмадаги энг йирик экспонат - ўзбекистонликларга яхши таниш бўлган деворий расм. Самарқанднинг "Афросиёб" музейидан келтирилган бу сурат Сўғд ҳукмдори Вархуман саройидаги "Элчилар хонаси"дан олинган. Унда ҳукмдорнинг Хитой ва Корея элчиларини қабул қилаётгани акс этиши ипак йўллари бўйлаб минг йиллар аввал дипломатик алоқалар қандай ривожланганидан дарак беради.

Мен лойиҳанинг куратори Зумрад Илёсовадан бу баҳайбат деворни Ўзбекистондан қандай олиб келишганини сўрадим.
"Бу, албатта, бутун жамоамиз учун қийин, лекин қизиқ жараён бўлди. Бу ердаги жамоа учун бу улар кўрган энг катта қутида келди. Бу объект билан ишлайдиган парижлик консерваторлар яхшиям шу ерда эдилар. Улар у билан қандай ишлашни жуда яхши билишади. Британия музейидаги жамоа ҳам жуда йирик ва оғир жиҳозлар билан ишлашга усталар. Шундай экан, унинг ўрнатилишига гувоҳ бўлиш завқли иш бўлди", - дейди Илёсова.
У девор расми, шундай эмасми? Уни девордан қандай ажратиб олишган?
"У расмлар чизилган деворлар ҳозирда йўқ, шундай экан, бу расмларга мато ёпиштирилади ва шу мато ёрдамида улар "ечиб" олинади. Бу жуда узоқ ва машаққатли жараён. Чунки сўнг расмни матодан ажратиб олиш керак ва барча бўёқ пигментларини асраб қолиш керак. Сўнгра у мастика елими ва алюминийдан бўлган деворга ёпиштирилади. Шунинг учун у енгил ва барқарор. Шу сабаб уни кўчириш ҳам имконли бўлди."

Ипак йўллари бўйлаб нафақат ипак ё зираворлар савдоси юз берган, балки илм-фан, ғоялар, мафкуралар ва динлар ҳам тарқалган. Оксфорд университетидан бу кўргазмага келтирилган бир ноёб китоб "Ал Жабр китоби" деб номланган бўлиб, у Бағдоддаги "Донишмандлик уйи"га раҳбар бўлган Муҳаммад ибн Мусо ал-Хоразмийнинг қаламига мансуб. Унинг ёнидаги китоб эса Хоразмийдан кейинроқ Бағдодда яшаган насроний табиб Юҳанна ибн Бахтишуга тегишли бўлиб, "Ҳайвонларнинг хусусиятлари" деб аталади.
Бу китоблар яратилиши учун зарур бўлган қоғознинг ҳам тарқалишида Ипак йўлларининг хизмати беқиёс. Араблар Қуръони каримни аввалига қуритилган ҳайвон терисига ёзганлар, лекин бу машаққатли ва қиммат жараён эди. 8-аср охирига бориб қоғозсозлик Хитойдан Ислом оламига ёйилиб, енгилроқ ва кичикроқ Қуръоннинг тарқалишида катта роль ўйнади. Қоғоз китобларга битилган илмий ишлар, табобат, астрономия, умуман, аниқ фанлар ҳам Ипак йўллари бўйлаб тарқалди.
Кўргазмада менга энг ёққан экспонатлардан бири - 7-асрда ёғочга чизилган расм. Унда ҳозирда уйғурлар яшайдиган Хўтан қироллигига келин бўлиб тушишга отланган хитойлик малика акс этган. Малика ўз бош кийими ичида ўз хонлигининг сири бўлмиш пилла ва тут уруғларини яшириб олиб чиққан.

Муайян маҳсулот ишлаб чиқарувчилари ўз ҳунар сирларини қаттиқ ҳимоя қилишган. Бу асар минг йиллар аввал ҳам, бугунги замонимизда бўлгани каби, иқтисодий шпионаж содир бўлганига ишора қилади.
Ипак йўли ҳақида кам эшитадиган жиҳатларимиздан бири - одам савдоси. Садриддин Айнийнинг "Қуллар" асарида карвон билан келтирилган чўри ва қулларни эсланг..
Алоқадор мавзулар:
Кўргазмага Мисрдан келтирилган хатларда италян савдогарлари гаровга олган уч яҳудий сайёҳнинг озод этилиши учун пул сўралади. Сайёҳларни аввалига Византия аскарлари қул қилиб сотиш учун тутганлар, аммо италянлар бундан гаров пули ишлаб олиш йўлини қидирганлар. Яна бирида эса нубалик аёлнинг яҳудий эгасидан насронийга 20 динорга сотилиши ҳужжатлаштирилган.
"Ипак йўли" атамаси Хитойдан Европага элтувчи битта йўлни тасвирлаш учун 19-асрда пайдо бўлган ва 20-асрда бу романтик атама оммалашган.
Кўргазмада мен суҳбатлашган бир инглиз дўстимнинг айтишича, европаликлар гўё бу йўлни ўзлари Хитойгача қургандек тақдим қилишади. Осиё эса буни ўз кашфиётидек кўради. У Ўзбекистоннинг тарих китобларида ҳам ўта муҳим боб, у ўзбекларнинг ҳам тарихий бойлиги.
Аслида эса бу йўллар бир халқ ё қитъа эмас, бутун инсониятнинг ихтироси, бир тана бўйлаб ёйилган қон томирлари эди.
Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002














