АЭСдан тортиб дронларгача - Россия Бош вазири нега келдию, қандай натижа билан қайтди?

Сурат манбаси, President.uz
Халқаро нашрлар Россия Бош вазири Михаил Мишустиннинг Ўзбекистонга 9 сентябрда бошлаган икки кунлик сафари ҳақида таҳлилий мақолаларини чоп қилдилар. Eurasianet ёзишича, бу ташриф Кремлнинг Ўзбекистонга таъсири қанчалар камайганини намойиш қилди. Militarnyi сайти эса Россия Ўзбекистонда ҳарбий дронлар ишлаб чиқаришни таклиф қилганини ёзди.
Алоқадор мавзулар:
"Мишустин Ўзбекистонни Россиянинг таъсир доирасига чуқурроқ тортишдек катта умидлар билан келди, лекин кўп натижаларга эришмади", деб ёзади Eurasianet.
Мақолага кўра, 2022 йил бошида Россия Украинага қарши урушни бошлаганидан бери, Марказий Осиё давлатлари ўзларини урушдан четроқда ушлашга ва айни дамда Владимир Путиннинг қаҳрига учрамасликка уриндилар. Айни дамда, дейилади унда, Марказий Осиё давлатлари Ғарбий санкциялар таъсирини юмшатиш учун Россия савдоси учун "орқа эшик" ролини бажариб, уруш давом этишига ёрдам бердилар.
Мақолада айтилишича, Мишустин Ўзбекистонга Тошкентнинг Москва бошқарувчи Евросиё Иқтисодий Иттифоқи (ЕОИИ)га тўлақонли аъзо бўлиб кириши бўйича ваъдасини қўлга киритишга келди. "Ўзбекистоннинг Евросиё интеграциясидаги иштироки бизнесга қўшимча манфаатлар беради. Биринчидан, у янги савдо бозорларини очади, адолатли рақобат учун шароитларни яратади", дея иқтибос келтирган TASS Мишустиннинг 9 сентябрда ўтган Россия-Ўзбекистон ҳукуматлараро комиссияси мажлисидаги нутқидан.
"Россияда жойлашган URA хабар агентлиги исмини келтирмаган экспертларга кўра, Москванинг Ўзбекистонни ЕОИИга қўшишга исташига энг асосий сабаб - аҳоли сони. Россия шундоқ ҳам уруш туфайли йўқотаётган аҳолисининг сони тобора камайиб бормоқда. Ўзбекистон эса ёш ва тез ўсаётган аҳолига эга. Россия барқарор иқтисодий келажакни таъминлаш учун кўпроқ одамларга муҳтож", - дейилади мақолада.

Сурат манбаси, t.me/government_rus
Ўзбекистон ЕОИИга қўшилса, "иттифоқдаги аҳоли 200 миллиондан ошади. Россия учун бу бизнинг давлатимиз атрофида қурилаётган қутб вазнини кучайтириш учун бир имконият", дейди эксперт.
Мақолага кўра, қўшма комиссия савдо ва инвестицияни ошириш, ҳамда май ойидаги Путиннинг ташрифида келишилган лойиҳаларни давом эттириш ҳақида кўп гапирилди, аммо бу гаплардан кўп натижа чиқмади.
"Ўзбекистон ҳукумати комиссиянинг мажлиси охирида учта нисбатан кичик келишувларга имзо чекилгани, жумладан зироат маҳсулотларининг темир йўллар орқали ташилиши ва тиббий маҳсулотларни тамғалашдаги стандартлаштиришга келишиб олинганини тилга олди. Учинчи келишув тиббий ходимларни тайёрлаш бўйича эди."
Дрон
Eurasianet ва Militarnyi, қатор бошқа сайтлар каби, Мишустиннинг Ўзбекистонга "фуқаролик" мақсадларида дрон ишлаб чиқаришни таклиф қилганига эътибор қаратдилар.
Eurasianet га кўра, бу баъзи маҳаллий кузатувчиларни ҳайрон қолдирди, чунки Қозоғистон аллақачон Россияга украин қўшинларига қарши ишлатилувчи дронлар учун эҳтиёт қисмларини таъминлагани учун АҚШ санкциялари остига тушган.
Militarnyi ёзишича, Ўзбекистон мудофаа тизими ҳозирда Россиянинг Orlan-10E кузатув дронлари билан қуролланган.
"Ўзбек расмийлари Россиянинг таклифига мулойимлик билан қулоқ тутдилар, лекин Москванинг истагини қондиришларига ишора бермадилар. Президент Шавкат Мирзиёевнинг маъмурияти 10 сентябрда Россия бош вазири билан ўтган учрашувдан сўнг икки-томонлама "стратегик шериклик" аҳамияти ҳақидаги одатий жумлаларни ёзиб чиқди ва ЕОИИ ёки бошқа аниқ қўшма лойиҳаларни тилга олмади. Президент баёнотидаги энг аниқ жумла шу бўлдики, "муштарак манфаатлар масалаларида қарашлар билан ўртоқлашилди," - деб ёзади Eurasianet.
Militarnyi мақоласи Ўзбекистонда аллақачон дронлар ишлаб чиқарилиши эълон қилинганига эътиборни қаратган.

"2022 йилда Ўзбекистон ердан вертикал кўтарилувчи ва қўнувчи "Лочин" номли учувчисиз ҳаво машинасини тақдим қилганди. Бу дронлар ҳам ҳарбий, ва ҳам фуқаролик мақсадларида ишлатилиши мумкинлиги айтилган", деб ёзади Militarnyi.
Унга кўра, кузатув, зарба, маълумот тўплаш ва артиллерия ўтини очишга қодир бу дронни Россиянинг "Учувчисиз учоқ тизимлари учун тадқиқот ва ишлаб чиқариш маркази" яратган.
АЭС
Eurasianet ёзишича, Мишустин сафаридаги энг муҳим жиҳат ўтган май ойида имзоланган атом электр станцияси бўйича келишувнинг амалга оширилишига оид прокотолнинг имзоланиши бўлди. Унга кўра, Россия Ўзбекистонда электр ишлаб чиқариш йўлида олтита паст-қувватли ядровий реакторларни қуриб беришга бел боғлаган.
Ўзбекистоннинг Spot.uz сайти бу лойиҳага бошчилик қилаётган ўзбек мулозими Отабек Амановнинг бу протокол "бизга яқин келажакда бевосита қурилиш ишларини бошлашга имкон беради" деб айтган гапини келтирган. Ўзбекистон расмийлари, мақолага кўра, биринчи реактор келгуси беш йил ичида ишга тушишига умид қилаётганларини айтишган.
Комиссия мажлисида Мишустин икки-томонлама энергия ҳамкорлигидан мамнунлигини изҳор қилган. "Энергия шериклигимиз муваффақият билан ривожланяпти. Хусусан, Россиядан Ўзбекистонга табиий газ, нефть ва бензин маҳсулотлари етказиб бериляпти", деб айтган Россия бош вазири.
Eurasianet га кўра, ўзбек ҳукуматида бунга қарши айтадиган гапи йўқ, чунки маҳаллий хабарларга кўра, Ўзбекистон Россия табиий газини ҳар куб метри учун 160 доллар нархда сотиб оляпти. "Россия газини паст нархда олиш ўзи шундоқ ҳам газ заҳираларига бой бўлган Ўзбекистон нега газ экспортёридан кўра кўпроқ газ импортёрига айланганига ишора қилади", дейилади мақолада.
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002















