Ўзбекистон ноҳақ қамалган қашқадарёлик аёл блогерларни зудликда озод этиши керак – Human Rights Watch

blogerlar

Сурат манбаси, Credits: HRW and Facebook

Сурат тагсўзи, Дилдора Ҳакимова (чапда) ва Наргиза Келдиёрова (ўнгда) товламачиликда айбланиб, февраль ойида қўлга олинган.
Ўқилиш вақти: 3 дақ

Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари шу йил февралида товламачиликда гумонланиб қўлга олинган қашқадарёлик блогерлар Наргиза Келдиёрова ва Дилдора Ҳакимовани озод этишга чақирган. Қамоқда Ҳакимованинг соғлигига жиддий путур етгани айтилмоқда.

"Ўзбек расмийлари илгари сурилган айбловларни зудликда бекор қилиб, ноҳақ қамалган икки фаолни озод этиши лозим", дейилади Human Rights Watch (HRW) ва Инсон ҳуқуқлари бўйича ўзбек форуми ташкилотларининг қўшма баёнотида.

Баёнот июль ойида, мос равишда, олти йил бир ой ва олти ярим йилга озодликдан маҳрум этилган Ҳакимова ва Келдиёрова иши бўйича аппеляция суди бошланиши арафасида эълон қилинган.

Шу йил март ойи бошида Қашқадарё вилоят суди Келдиёрова ва Ҳакимова билан бирга яна бир маҳаллий блогер товламачиликда гумонланиб ҳибсга олинганини хабар қилган эди.

HRW'нинг маълумотига кўра, аслида, бу уч инсон билан биргаликда яна тўрт нафар маҳаллий ўқитувчи аёллар ҳам ҳибсга олинган бўлган — терговда уларга нисбатан гўёки Келдиёрова бошчилигида товламачилик билан шуғулланиб келганлик айби илгари сурилган.

18 июль куни суд икки аёл фаол дохил жами етти судланувчига нисбатан беш йилга озодликдан чеклашдан тортиб олти йилдан кўпроққа озодликдан маҳрум этишга қадар жазолар тайинлаган.

Келдиёрова "конституцион тузумни ағдаришга уриниш" ва "президентни интернетда ҳақорат қилиш"да ҳам айблангани билдирилган.

HRW илгари сурилган айбловларни "шубҳали" дея атаган.

Баёнотда кўкрак саратонига чалингани айтилган Дилдора Ҳакимованинг сентябрь ўртасида қамоқда кўзи ёргани ва соғлиги жиддий ёмонлашгани ҳам тилга олинган.

"Товламачи" блогерлар

7 февраль куни Қашқадарё вилоят суди товламачиликда гумонланиб қўлга олинган 1977 йилда туғилган эркак ҳамда 1980 йил ва 1984 йилда туғилган аёллар тергов ҳибсхонасига жойлаштирилгани ҳақида хабар тарқатган.

Kun.uz нашри бу шахслар 1977 йилда туғилган, "Инсон ҳуқуқлари" мустақил ташкилоти аъзоси, "Ҳимоячи блогерлар" МЧЖ раҳбари Шукрулла Парпиев, 1980 йилда туғилган Наргиза Келдиёрова ҳамда 1984 йилда туғилган, Косон туманидаги 12-сонли умумтаълим мактаби ўқитувчиси Дилдора Ҳакимова бўлгани ҳақида ёзган.

ИИВ матбуот котиби Шоҳруҳ Ғиёсов гумонланувчилар мактаб директори ва унинг фермер отаси ҳақида шахсга оид маълумотларни интернетда тарқатмаслик эвазига 5 минг АҚШ доллари сўраб, шундан маълум қисмини олаётган вақтда ашёвий далиллар билан қўлга олинганини маълум қилган.

Қўлга олинганлар ким бўлган?

HRW'нинг маълум қилишича, 44 яшар Наргиза Келдиёрова Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари Эзгулик жамияти аъзоси бўлган ва охирги вақтларда Озодлик Радиоси, Элтуз билан ҳамкорлик қилган.

"У Қашқадарёдаги мажбурий ва болалар меҳнати, фермерлар ҳуқуқлари бузилиши ва ерларининг мусодара қилиниши, таълим тизимидаги коррупция ҳолатлари бўйича маълумотлар тўплашда ёрдам бериб келган", дейилади ташкилот сайтида эълон қилинган қўшма баёнотда.

Мактабда ўқитувчи бўлиб ишлаган 40 яшар Дилдора Ҳакимова эса Қашқадарёдаги таълим тизимидаги коррупция борасида ижтимоий тармоқда мунтазам ёзиб келгани айтилади.

HRW айни бу аёл блогерлар иши бўйича Шукрулло Парпиев билан бирга яна тўрт аёл судланганини маълум қилган.

Улар маҳаллий ўқитувчилар Шаҳноза Сафарова, Фароғат Маматова ва Ойдин Рустамова ҳамда "Республика ижтимоий ҳимоя жамияти" номли ташкилот ходими Мусаллам Умирова экани айтилмоқда.

Қамалганларга қандай айблов қўйилган?

Икки инсон ҳуқуқлари ташкилотлари февраль ойида номлари юқорида тилга олинган етти инсондан беш нафари, жумладан, Келдиёрова ва Ҳакимовага нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган.

Маълум қилинишича, айблов хулосасида Келдиёрова шахс ва шаънга оид маълумотларни интернетда тарқатмаслик эвазига бир неча шахсдан пул талаб қилган жиноий гуруҳ ташкил этгани ҳақида сўз боради.

"Аммо айблов хулосасида тилга олинган товламачилик ҳолатларининг катта қисми бир-бирига алоқадор эмас. Шунингдек, айбланувчиларнинг айримлари бир-бирини танимаслиги ҳақида кўрсатма ҳам берган. Ҳукмда судланувчиларнинг улар томонидан содир этилгани даъво қилинган жиноятларга алоқасини исботловчи далиллар ҳам етарли бўлмаган", маълум қилган HRW.

Ташкилотнинг маълумотларига кўра, етти инсонни қамраб олган жиноят иши очилишига ноўрин хатти-ҳаракати ортидан 2023 йилда ишдан бўшатилгани айтилган маҳаллий мактаб директори ёзган ариза сабаб бўлган бўлиши мумкин.

"Ушбу мактаб коллективи, жумладан, Ҳакимова ва Келдиёрова директорнинг гўёки ноўрин хатти-ҳаракати юзасидан тез-тез шикоят қилиб келишган. Расмийлар судланувчиларнинг айримлари товламачилик йўли билан собиқ директордан жами 13 миллион сўм пул олганини таъкидлаган бўлсада, ҳукмда бу пулни товламачилик ҳаракати билан боғловчи бирор далил келтирилмаган".

Суд ҳукмини кўриб чиққанини билдирган инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Наргиза Келдиёрова Telegram'даги шахсий суҳбатларда 2022 йилда Қозоғистон ва Қорақалпоғистонда юз берган оммавий намойишлар ҳамда Ўзбекистон президенти тилга олинган овозли хабарлар юбориб, "конституцион тузумни ағдаришга уриниш" ва "интернетда президентни ҳақорат қилиш" ҳаракатларини содир этишда айбдор топилганини ҳам маълум қилган.

"Суд судланувчилар жиноий гуруҳ сифатида ҳаракат қилгани айтилган тергов айбловини рад этган. Ҳукмда судланувчилар "бир жиноий гуруҳ аъзолари ўлароқ ҳаракат қилмаган"и ҳақида сўз боради. Шунга қарамай, судья барча етти судланувчини Ўзбекистон Жиноят кодексининг 165-моддаси бўйича "бир гуруҳ шахсларнинг олдиндан тил бириктирган ҳолда товламачилик" содир этганликда айбдор деб топган. Ҳукмда бу номувофиқликка тушунтириш берилмаган", маълум этилади қўшма баёнотда.

Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Ҳакимова ва Келдиёровадан ташқари қолган беш нафар судланувчига беш йилга озодликдан чеклашдан то олти йилгача озодликдан маҳрум этиш жазолари тайинланганини қўшимча қилган.

"Бўғилган овозлар"

mihra

HRW'нинг хабар беришича, Келдиёрова ва Ҳакимованинг аппеляция суди 18 сентябрга белгиланган.

Ҳакимова сентябрь ойида қамоқда фарзандини дунёга келтиргани ва соғлиги билан боғлиқ муаммолар жиддийлашиб, зудликда онкология шифохонасига кўчирилишга муҳтож экани айтилмоқда.

Қўшма баёнотда Ҳакимова тутиб турилган ҳибсхона маъмурияти 14 сентябрь куни унинг турмуш ўртоғига хат йўллаб, муассасада янги туғилган чақалоқ учун зарурий шароит мавжуд эмаслигини очиқ айтгани тилга олинган.

Инсон ҳуқуқлари фаоллари Ўзбекистон ҳукумати икки аёл фаолни зудликда озод этиш ва Ҳакимованинг чақалоғини ҳаётий зарур шарт-шароит билан таъминлашга чақирган.

"Ўзбек расмийлари икки фаолнинг мустақил овозини бўғиш йўлида уларга қарши асоссиз айбловларни илгари сурди. Сўнг улар она ва янги туғилган гўдакнинг соғлигига путур етказиш орқали адолатсизликни очиқ шафқатсизлик даражасига кўтаришди", деган HRW'нинг Марказий Осиё бўйича тадқиқотчиси Миҳра Ритман.

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002