Россия: Қурбон Ҳайитда масжидда мигрант мусулмонлар кам бўлди, Ўзбекистон "маошларни оширди"

Сурат манбаси, Reuters
Россия матбуоти ёзишича, ўзбекистонлик ишчилар ўз ватанида маошлар ошгани сабаб Россияга келиши камаяди.
Newizv.ru cайти Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Алишер Рўзиевдан иқтибос келтирган. Рўзиевга кўра, Ўзбекистонда қурилиш соҳасининг фаол ривожланаётгани ойликлар ошишига сабаб бўлган ва баъзи қурилишларда Россиядаги мигрант маошлари билан рақобатбардош тўловлар бериляпти.
Алоқадор мавзулар:
"Шундай экан, бундай шароитда Россия чиқаётган фуқароларимиз оқими камайишини кузатишимиз мумкин", - деб айтган Рўзиев РИА Новости агентлигига.
Унга кўра, сайтнинг ёзишича, Ўзбекистондаги баъзи қурилиш объектларида маҳаллий қурувчилар ойига 500-600 доллар ишлаб топишмоқда. Бу эса Россияга иш учун кетиш улар учун энди фойдали эмаслигини англатади.

Сурат манбаси, Telegram/logikamarkova
Айни дамда Рўзиев охирги икки йилда ўзбекистонлик муҳожир ишчилар борувчи давлатлар сони ҳам кўпайгани, хусусан, Европада ишчи кучига талаб ортганини ҳам билдирган.
16 июнда, Новые Известия ёзишича, Россия масжидларида Қурбон ҳайитини нишонлаш учун йиғилган мусулмонлар сони камайгани кўзга ташланган.
"Москвадаги масжидларда Қурбон байрамни нишонлаш учун келган одамлар аввалги йилларга қараганда камроқ. Бу мусулмонлар масжидга кам чиқяпти дегани эмас, сабаб шуки, Москвада Марказий осиёлик мигрантлар сони кескин камайган", - деб айтган сиёсатшунос Сергей Марков ўз Телеграм каналида.
Москвадаги энг йирик жомеъ масжид имоми, Россия мусулмонлари диний бошқармаси раҳбари Равил Гайнутдин ҳам сайтга бундай тенденция ҳақиқатдан ҳам кузатилаётганини билдирган.

Сурат манбаси, Reuters
Аммо, унга кўра, масжидларда намозхонлар оз бўлганини ёз ва таътиллар мавсуми билан изоҳлаш мумкин. Новые Известия ўтган йилларда ёз мавсуми масжидлардаги сонларга таъсир қилмаганини ёзади.
Ценности РФ каналига берган интервюсида исломшунос Роман Силантьев "Крокус" концерт залидаги ҳужум ортидан мигрантлар сони озайгани, Россияда қолаётганлари эса оммавий йиғинларга чиқмаётганларини айтган. Унга кўра, мигрантлар сони тушишида Россиянинг миграция сиёсати қаттиққўллашгани ҳам рол ўйнаган.
"Менимча, кўплар янги қаттиққўл чораларни кутиб ўтирмай, кетади. Демак, Москванинг бош масжидига келувчилар янаги сафар янада камроқ бўлади", - дея иқтибос келтирган Новые Известия исломшуносдан.
Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002














