Ўзбекистон: Таниқли блогер Аброр Мухтор Алий жанжал қилгани учун 15 суткага қамалган

bloger

Сурат манбаси, Milliy paralimpiya qoʻmitasi

Блогер ва диний воиз Аброр Абдуазимов (Аброр Мухтор Алий тахаллуси билан машҳур) пойтахтнинг Шайхонтоҳур тумани ҳокимлигида жанжал кўтаришда айбдор топилиб, 15 сутка маъмурий қамоққа ташланган.

Очиқ платформада эълон қилинган суд қарорида айтилишича, Аброр Мухтор Алий 6 февраль куни туман ҳокимлигида бошқа бир шахс билан бирга жанжал кўтарган.

Раислик қилувчи судья Абдулла Абдулхаев имзолаган қарорда блогер ва Х.Насруллаев исмли шахс ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида келган милиция ходимлари қонуний талабларига бўйсунмагани, "оммани ўзига жалб қилиб" ходимларга нисбатан сохта уйдирмалар тарқатгани аниқлангани ҳақида сўз боради.

Қарорда, шунингдек, ҳар икки шахс "қилмишидан пушаймонлиги"ни баён қилиб, суддан енгиллик беришни сўрагани қўшимча қилинган.

Суд Аброр Мухтор Алий ва Х.Насруллаевни МЖТКнинг 194-моддаси 1-қисми (Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) ва 195-моддасида (Ички ишлар органлари ходимларининг ўз хизмат бурчларини бажаришларига қаршилик кўрсатиш) назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбдор топиб, 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Қарор матнидан англанилишича, суд А.Абдуазимов ва Х.Насруллаевларга нисбатан жазо тайинлашда "унинг айбига иқрорлиги, қилмишидан пушаймонлиги, оилавий ва моддий шароити оғирлиги, шунингдек, ҳуқуқбузарликни жамоат жойда содир этганлигини инобатга олиб", маъмурий қамоқ жазосини қўллашни лозим топган.

Бир вақтнинг ўзида суд ҳуқуқбузар дея топилган ушбу шахсларнинг "оилавий шароитини инобатга олиб", ҳар иккисини қамоқда сақлаш билан боғлиқ харажатлардан озод қилган.

Зиддиятли блогер

Ижтимоий тармоқда кўпроқ Аброр Мухтор Алий тахаллуси билан маълум блогер ва диний воиз Аброр Абдуазимов ўзининг зиддиятли, айниқса, ЛГБТга қарши кескин чиқишлари орқали танилган.

Биргина YouTube'да 700 мингдан зиёд обуначиси, Facebook'да эса 190 мингдан ортиқ кузатувчиси бўлган блогер жонли ёйинлари давомида, асосан, диний мавзуларда маърузалар ўқиши билан маълум.

Бундан ташқари 47 яшар блогер аксил-Ғарб кайфиятидаги зиддиятларга бой сиёсий чиқишлар ҳам қилади.

Шунингдек, у ўзининг айрим чиқишлари туфайли ўзбекистонлик бошқа бир қатор фаоллар ва матбуот соҳаси вакиллари билан ихтилофларга боргани ортидан ҳам машҳурликка эришган.

Масалан, ўтган йилнинг февраль ойида суд Аброр Абдуазимовни ижтимоий тармоқдаги саҳифаси орқали журналист Никита Макаренкога нисбатан туҳмат, қадр-қимматни камситувчи маълумотлар тарқатишда айбдор деб топиб, 6 миллион сўм жаримага тортган.

2021 йил июнида эса Тошкентдаги масжидлардан бирида Аброр Мухтор Алий ва блогер Фозилхўжа Орифхўжаев ўртасида низо келиб чиқиши ортидан Орифхўжаевга 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган эди.

Кейинроқ, Орифхўжаевнинг телефонидан шубҳали диний материаллар чиққани маълум қилинган ва у 2022 йил январида 7,5 йилга озодликдан маҳрум этилган. Блогер ўтган йилнинг декабрида озодликка чиқарилган.

Аброр Абдуазимов, шунингдек, 2022 йилда уч йилга озодликдан чеклаш жазоси тайинланган блогер Миразиз Бозоров ишида ҳам жабрланувчилар қаторида иштирок этгани хабар қилинган.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.