“Аср сайлови”: Сайлов Туркияда, “тутуни” Ўзбекистонда. Ўзбекистонликлар нега Туркиядаги сайловни бу қадар диққат билан кузатди? Видео Янгиликлар

habikatura

Сурат манбаси, Facebook/Habikatura

Сурат тагсўзи, Ўзбекистонликларнинг Туркия сайловига қизиқиши таниқли карикатура рассоми Ҳабибулло Мўйдиновнинг эътиборидан четда қолмаган.
Ўқилиш вақти: 5 дақ

Якшанба давомида кўплаб ўзбекистонликлар Туркиядаги президентлик сайловини "мижжа қоқмай" кузатди. Ҳатто, айримлар ушбу сиёсий жараён бўлиб ўтишига икки ойдан кам вақт қолган Ўзбекистон президентлик сайловиданда қизиқроқ эканини ёзди. Ўзбекистонликлардаги бу қизиқишнинг сабаби нимада?

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Халқаро матбуотда "аср сайлови" дея ном олган ўтган якшанбадаги сиёсий жараён ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида бош мавзуга айланди, қизғин баҳс-мунозарага сабаб бўлди.

Шиддатли рақобатга бой ўтган сайловда кимдир Эрдоғанни қўллаб-қувватлади, яна кимдир унинг мағлубиятга учрашидан умид қилди, бошқалар эса қачондир Ўзбекистонда ҳам "ана шундай демократик сайлов" бўлиб ўтиши орзусида эканини ёзди.

Эрдоған ва Қиличдарўғли "муҳорабаси" 9 июлга белгиланган Ўзбекистон президентлигига муддатидан илгари сайлов муҳокамаси бўлаётган бир пайтда кечди.

Эътиборлиси, тармоқ фаоллари Туркия сайловини яқинлашиб келаётган президент сайлови ёки ўтган ой охирида бўлиб ўтган умумхалқ референдумидан кўра қизғинроқ муҳокама қилгани кўзга ташланди.

"Тўғриси, ўзимизни сайловларда бунақа эрталабгача ухламасдан, хар бир фоизга бир хурсанд бўлиб, бир йиғлаб ўтириб чиқмаганман", дея ёзди Facebook фойдаланувчиларидан бири.

Туркиядаги сайловни диққат билан кузатган ўзбекистонликларни эса, асосан, уч гуруҳга бўлиш мумкин эди: Эрдоғанни мусулмон дунёсининг асосий етакчиларидан санайдиган диний фаоллар; муҳим ришталарга эга бўлган қардош мамлакатлардаги демократик жараёнларга бефарқ бўлмаган ва Ўзбекистонда ҳам шундай жараёнлар бошланишидан умид қилувчи прогрессив қатлам; ҳамда Туркияни асосий миграция манзилларидан ҳисоблайдиган инсонлар.

Алоқадор мавзулар:

Тармоқни "босган турклар"

Якшанба давомида айрим ўзбекистонликларнинг Туркия сайловини мароқ билан муҳокама қилиши, ҳар бир янгиликни ташналик билан кутиши аксар кузатувчилар эътиборидан четда қолмади.

erdogan

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Мунозаларда қатнашган ўзбекистонликларнинг салмоқли қисми Ражаб Таййип Эрдоғанни қўллаб-қувватлаган.

"Бугун лентамни "турклар" босиб кетди. Гўё, ҳақиқий турклар аслида кимга овоз беришда бир қарорга келиш олдидан сизларнинг фикрларингизни ўқиб кўриши керакдек ёзяпсизлар ўзи ҳам", дея пичинг қилган Twitter фойдаланувчиси.

Блогер Мирсаид "Муфаса" Ҳайдаров "сайлов Туркияда, муҳокамаси эса Ўзбекистонда бўлаётгани"ни қайд этган.

Табиийки, мунозараларда қатнашганларнинг салмоқли қисми амалдаги президент Ражаб Таййип Эрдоғанни қўллаб-қувватлашини билдирди.

Улар келтирган асосий аргумент - бу Эрдоған туркий давлатлар ва мусулмон дунёсидаги энг муҳим етакчи экани бўлган.

Бундай қарашдаги ўзбекистонликларнинг аксари Туркиянинг амалдаги президентини ўз фаолияти давомида мусулмон дунёсини бирлаштира олди, дея ҳисоблаши ва, эндиликда, агар у қудратдан кетса, бу бутун дунё мусулмонлари учун "ҳақиқий кулфат" бўлиши ҳақида ёзган.

turkey

Эрдоғаннинг 20 йиллик ҳокимиятни "темир мушт" билан ушлаб туришдан сўнг илк бор мухолифатнинг жиддий рақобатига дуч келишини кўплаб ўзбекистонликлар хавотир ила қабул қилган.

"… мусулмонлар ўзларининг сиёсий хоҳиш-иродаларини очиқ ва эркин баён этишга имкон берадиган шарт ва шароитга эга эмаслар. Ҳамманинг назарида, Эрдўғон ўша хоҳиш ва иродани ўз қуввати даражасида юзага чиқарди ва юз йилдан ошиқ вақтда сиёсий нафассизликка маҳкум Ислом олами бироз нафас олгандек бўлди. Энди бу нафасни йўқотишни ҳеч ким истамаяпти", дея ёзган таниқли тармоқ фаоли, навоийшунос Акром Малик.

Мубашшир Аҳмад, Аброр Мухтор Алий каби ўзбекистонликлар орасида ном қозонган диний блогерлар ҳам Туркия амалдаги президентининг ҳокимиятда қолишини исташига ишора қилувчи постлар қолдирган.

Хусусан, Мубашшир Аҳмадга қарашли Azon.uz порталининг Телеграм каналида 14 май куни эълон қилинган сўровномада қарийб 2 мингдан зиёд ўқувчи қатнашиб, уларнинг 90 фоиздан зиёди агар имкони бўлганда, Эрдоғанга овоз берган бўлишини билдирган.

Нафақат диний қарашларга урғу берган инсонлар, балки авторитар бошқарув тарафдори бўлган ва Туркия, Россия каби давлатлардаги сиёсий ўзгаришлар Ўзбекистонга жиддий таъсир қилишига ишонган ўзбекистонликлар ҳам баҳсларда фаол қатнашган.

"Туркия диктатура ва демократия ўртасини топа олган давлат. Туркияда эркинлик ҳам бор, бир вақтнинг ўзида Ғарбнинг чиркин қарашларига қарши чиқа олади ҳам. Эрдоған шундай кучли сиёсат юрита олган шахсдир. Бекорга Мирзиёев борганда, туркларни унга овоз беришга чақирмаган эди", дея ёзган фойдаланувчилардан бири Twitter'да кечган баҳсда.

Яна бир қатлам ўзбекистонликлар Туркияни қардош давлатлар орасида энг қудратлиси ҳисоблагани ҳамда туркий мамлакатлар бирлашиши зарур, деган ғояга ишонгани учун ҳам сайловга бефарқ эмаслигини билдирган.

turkey

Сурат манбаси, Republican People's Party

Сурат тагсўзи, Қатор ўзбекистонликлар Туркияда мухолифатнинг Қиличдарўғли атрофида бирлаша олгани авторитар-популист режимларга муҳим сигнал эканини ҳам ёзган.

"Охирги йилларда Туркия билан анча яқинлашиб олгандик. Ҳаммамиз бирлашаётгандик. Россия каби хавф турганда биз туркийларнинг бирлашишимиз муҳим. Фақат Туркиягина қийин вазиятда қолганимизда ёрдамга етиб келиши мумкин. Сайловдан кейин вазият ўзгариб кетиши одамни ташвишлантиряпти", дейилади Twitter'даги баҳслардан бирида қолдирилган изоҳда.

Пирр ғалабаси

Бир вақтнинг ўзида, ўзини прогрессив қатламга мансуб ҳисобловчи ўзбекистонликлар ҳам сайлов муҳокамаларида қизғин қатнашган.

Улар, айниқса, Эрдоғаннинг икки ўн йиллик қаттиққўл бошқарувига қарамай, мухолиф кучлар бирлаша олгани, сайлов тизими мустақиллиги сақлаб қолинганига диққат қаратган.

Ўзбекистонда ана шундай сиёсий фаоллик бошланмаётганидан, ўзбекистонликларнинг ўз юртидаги сиёсий жараёнларга бефарқлигидан надомат қилган.

"Туркия - энг ишончли дўстимиз! Раҳбар сайлаш маданиятини бизга ўргат", дея пост қолдирган Facebook фойдаланувчиси Хайрулла Қиличев.

"Туркиядаги сайловларни кузатиш ва қизғин муҳокама қилиш бўйича Ўзбекистондан кейин иккинчи ўринда айнан Туркия бўлса керак", дея пичинг қилган бошқа бир постида июлда ўтадиган президент сайловига нисбатан ўзбекистонликлар бефарқ эканига ишора қилган яна бир Facebook фойдаланувчиси Хуршид Усмон.

Фикр билдирувчилар, айниқса, туркияликларнинг овоз беришда анчайин фаол бўлганини олқишлаган.

Сайлов участкалари ташқарисида навбат кутиб турган туркияликларнинг суратлари қўлма-қўл бўлган.

referenda

Сурат манбаси, BBC Uzbek

Сурат тагсўзи, Ўзбекистонда 30 апрелга ўтган референдумда давомат қарийб 85 фоизни ташкил этгани эълон қилинган бўлсада, аксар фикр билдирувчилар ўзбекистонликларнинг сиёсий жараёнларда Туркиядаги каби қизғин иштирок этмаслигини таъкидлаган.

"Ҳақиқий 90 фоизли явка учун сайлов округларида қанақанги узун навбат юзага келишини Туркия кўрсатиб қўйди. Уят ЎЗМСК [Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси - таҳр.]", дея ёзган Twitter фойдаланувчиси.

Айримлар Ўзбекистоннинг ўзидаги сиёсий жараёнларга бу қадар қизиқиш бўлмаслиги сабаби ҳукумат сиёсий эркинликка йўл очмаслигига боғлиқ, деган қарашни илгари сурган.

"Ўзимиздаги референдум, сайловларда ҳеч нарса дея олмаймиз ёки қила олмаймиз. Лекин кўз тегмасин АҚШ, Россия, Туркия ёки Европадаги сайловларни ёриб ташлаймиз", киноя қилган Twitter фойдаланувчиси Дониёр Рўзметов.

BBC.COM/UZBEK

Сурат манбаси, BBC.COM/UZBEK

Шунингдек, бир қатор жамоат фаоллари, блогерлар Туркиядаги сайловни авторитар, популист сиёсатчиларни ёқламагани учун ҳам кузатаётганини ёзган.

Улар Эрдоған каби сиёсатчиларнинг ягона мақсади "демократияни поймол қилган ҳолда, умрининг охиригача ҳокимиятда қолиш экани"ни таъкидлаб, унинг мағлубияти авторитаризм кучайиб бораётган бошқа қардош давлатлар раҳбарларини "ўйлашга мажбур қилади" деган фаразни ўртага ташлаган.

Бундай қарашдаги бир қанча фаоллар Эрдоғаннинг 50 фоиздан камроқ овоз олгани "популист сиёсатчилар қурган тузумнинг умри узоқ бўлмаслигига исбот бўлиши" ҳақида ёзган.

Масалан, таниқли блогер Элдар Асанов Ражаб Таййип Эрдоған 20 йиллик бошқаруви даврида "суд, армия, бизнес, иқтисодий блокни қўлга олгани" ва "мустақил медиани йўқ қилгани" ҳамда "мухолифатнинг кучини, таъсир доирасини қаттиқ қисқарртиргани", оқибатда, унга қарши фикрдагилар сони ортиб кетгани ҳақида ёзган.

"Айниқса иқтисодий соҳадаги мағлубиятлар, қимматчилик Эрдўғоннинг анъанавий электорати бўлган чекка вилоятларнинг қишлоқ аҳолисини ҳам бездириб қўйди. Зиёлилар, олимлар, санъаткорлар деярли тўлиқ мухолифат тарафда. Бунинг оқибатида қаноти кесилган, имкониятлари чекланган мухолифат мисли кўрилмаган натижага эришди. Бутун расмий медиа AK Partiʼга хизмат қилишига, овозларни сохталаштириш ҳаракатларига, бутун маъмурий ресурс ишлатилишига қарамай, мухолифат охирги ўн йилликлардаги энг катта натижани қайд этди ва катта эҳтимол билан иккинчи турга етиб келди.

Охирида Эрдўғон енгиб кетсаям, бу Пирр ғалабаси бўлади. Бу Туркияда юритилган сиёсатнинг мағлубияти дегани. Мамлакатни консервативлаштириш, бир хиллаштириш йўлидаги ҳаракатлар натижа бермаганидан далолат. Ҳатто ғалаба қозонса ҳам, ҳукмрон элита сиёсатини жиддий қайта кўриб чиқишига тўғри келади", мулоҳаза қилган блогер ўзининг Телеграм каналида.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.