Янгиликлар. Туркия: Эрдоған ё Қиличдарўғли – ўзбекистонликлар кимни исташади? Turkiya O‘zbekiston Dunyo Yangiliklar

Туркиядаги ўзбекистонликлар орасида гап...
Алоқадор мавзулар:
- Янгиликлар: Мирзиёев Туркияга шунчалик яқинлашдими ёки Эрдоған Ўзбекистонга?
- Мирзиёев Ўзбекистонда Каримовдан қолган диктатурани йўқотди
- 'Шавкат Мирзиёев Ислом Каримовдек тоталитар эмас': Ўзбекистон-Туркия алоқаларининг истиқболига назар
- Тошкент: Туркия Ўзбекистонга ҳарбий жиҳатдан яқинлашмоқчи - бу нима дегани?
- Туркия: Вазият хавотирлими, ўзбеклар нима дейди? Ўзбекистон ва миграция
Туркия дунёнинг ўзбекистонликлар энг кўп турли иш, юмуш ва таҳсилда банд тўртта давлатидан биттаси бўлади.
Уларнинг сони ҳам расмий ва ҳам норасмий манбаларда ўн мингларга нисбат берилади.
Туркия Эрдоған бошқаруви остида Ўзбекистон билан стратегик шерикликнинг янги даврини бошлаган мамлакат.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон билан ҳар томонлама алоқаларини янада кенгайтириш, мустаҳкамлаш ҳаракатида бўлган давлат.
Президенти дунёнинг ўзбекистонликларга катта виза енгилликларини берган оз сонли мамлакатларидан бири.
Ҳам тижорат ва ҳам саёҳат илинжида бўлган катта сондаги ўзбекистонликларни ўзига жалб этиб келаётган ўлка.
Ўзбекистонга қардош, тилдош ва диндош.
Туркиядаги сўнгги сайловлар Ўзбекистоннинг ўзида кўпчиликнинг диққат-эътиборида.
Шу кунларда аксарият нашрларидаги бош мавзулардан бири.
Сайлов эса, Туркияда амалдаги президентининг 20 йиллик бошқарувига чек қўйиши мумкин. Бу гал мухолифат номзодда илк бор Режеп Таййип Эрдоғанни енгиш имконияти бор.
Яъни, бунақанги рақобатли сайлов ҳам Туркиянинг бу яқин тарихида кузатилмагани билан дунёнинг эътиборини ўзига тортган.
Туркиядаги ўзбекистонликлар-чи, улар кимни мамлакатнинг янги президенти сифатида кўришни исташади ва нима учун? Сайловлар уларда қандай ўй, хавотир ва умидларни пайдо қилган?

Сурат манбаси, NURPHOTO
Фазлиддин Мадиев
Туркия Давлат Карабук Университети,
Халқаро Сиёсий Иқтисод Факультети Магистранти.
Фазлиддин Мадиев: "Туркияда турли юмушлар билан бўлиб турган ўзбекистонликлар ҳам Туркияда бўлаётган "Аср сайлови"га албатта бефарқ эмаслар.
Ҳатто айтиш мумкинки, жуда ҳам катта қизиқиш ва ҳаяжон билан кузатиб боришмоқда.
Улар орасида "Бир кун келиб, Ўзбекистонда ҳам сиёсий майдонларда ўнг, сўл, муҳофазакор, миллиятчи, секуляр партияларнинг ҳукумат учун рақобатли чиқишларига, халқнинг эса ҳаяжонига гувоҳ бўлармиз…" дея демократик сиёсат йўлини тўғри қабул қилган ойдинларимиз ҳам, "Туркиядаги сиёсий манзара ўзгариши керак, Туркия ўз демократик сайлов йўлини йўқотмаслиги лозим, Туркия сиёсатига ва бошқарувига янги юз ва янги қон керак. Шунинг учун Кемал Қиличдарўғли сайланса, Туркияда сиёсат ва иқтисод ўзгаради", деганларни ҳам, "Туркияга президент бўладиган бўлса, фақатгина Эрдоған бўлсин, бошқаси дин душмани. Агар Эрдоған бўлса, ҳижобда бўлсам ҳам рақсга тушаман" дейдиганларни ҳам, "кўчага чиқсам, ЖҲП вакиллари келган экан, ҳамма ўша ерда, ҳамма Қиличдарўғлига овоз бераркан-да десам, эртаси куни ўша майдонга АКП вакиллари келган бўлади ва майдон яна лиқ тўлганини кўриб, Эрдоғанга овоз берадиганлар ҳам кечагидан кам эмас-ку" деганларни ҳам, бундай сиёсий жўшқинлик ва ҳаяжонни кўриб, "Кимни президент қилиб сайлашни Турк халқини ўзига қўйиб берайлик, ўзлари ҳал қилишсин. Бизни бу ерда ҳам, ўзимизда ҳам танловимиз бир тийин", деб ҳавас билан жараённи кузатаётганларни ҳам кўрасиз.
Хулоса қилиб айтадиган бўлса, Туркиядаги сайлов бу ерда турли хизмат ва юмушлар билан бўлиб турган ўзбекистонликларни ҳам ўз таъсирига тортган.
Лекин ўзимнинг шахсий кузатишларимдан келиб чиқиб айтишим мумкинки, ўзбекистонликлар орасида Эрдоғанга мойиллар фоизи баландроқ ва булар асосан анъанавийликни ёқлайдиган ўзбекистонликлардир.
Умуман, Туркиядаги ўзбекистонликлар қайси юмуш билан келган бўлмасин, бу ерда тезда сиёсий атмосферага адаптация бўлишади ва сиёсат борасида фикрлари ўзгаришга учрайди.
Истайсизми йўқми, ўзимизнинг сиёсий муҳит билан қиёслайдилар. Ва ўйлайманки, бундай тажриба вақти келиб, ўзимизда бўладиган сиёсий жараёнларда фойдали бўлади.
Ўзбекистоннинг ўзида ҳам Туркиядаги сайловларга қизиқиш жуда катта бўлиб турганда, Туркиянинг ўзида яшаб турганларни тасаввур қилаверинг.

Сурат манбаси, Getty Images
Туркиядаги ўзбекистонликлар кўпроқ амалдаги президент Эрдоғаннинг яна ўз лавозимида қолишини исташади.
Бунинг биринчи сабаби, уларнинг жаноб Эрдоғаннинг амалдаги обрўси ва сўзамоллигига маҳлиёлигидир.
Эрдоған сиёсий саҳнада жуда ҳам уста сиёсатчи ва сўзамол бошқарувчи.
Айниқса, унинг ташқи сиёсатда "душман" кўрсата олиш қобилиятини унча-мунча сиёсатчи эплай олмайди.
Эрдоған ўзини яхши кўрсатишни усталик билан эплай оладиган президент ва унинг хато ишларини унинг командасида ишлайдиган медиа тармоқлар кўмиб юборади.
Шунингдек, Эрдоғаннинг кейинги йиллардаги халқаро обрўси ҳам бизнинг ватандошларимизга ўта позитив кўриниш беради.
Бундан ташқари, ўзбекистонликлар Кемал Қиличдарўғлидан кўра, Режеп Таййип Эрдоғанни кўпроқ медиада кўришади ва бизнинг ватандошларимизда мухолиф қараш тамойили ҳали шаклланиш даражасида.
Шу сабаб ҳам ўзимизда ўрганиб қолинган "президент энг зўр одам" тушунчаси бу ерда ҳам онг остида ишлайди.
Кемал Қиличдарўғли ва бошқа партиялар ҳақида тўлиқ ва кўп маълумотга эга эмасликлари бунинг катта бир сабабларидан бири эканини ҳам назардан қочирмаслигимиз керак.
Лекин мухолиф партиянинг бошқарувга келишини истовчилар ҳам йўқ эмас. Кам миқдорда бўлса ҳам бор.

Сурат манбаси, .
Сайловдан кейинги ўзгаришлар нафақат Туркия аҳолисини, шу билан бир қаторда, ўзбекистонликларни ҳам ҳаяжонга солиб тургани ёлғон эмас.
Аввало, бунинг ўзбекистонликлар учун муҳим томони, уларнинг бу ердаги тақдири қайси томонга ўзгаришини билмасликларидир.
Агар Эрдоған яна ўз ўрнида қоладиган бўлса, уларнинг хавотир ва ташвишлари ўз ўзидан йўқолади ва одатдагидек ўз юмушларида давом этишлари эҳтимоли катта.
Лекин, иқтидор ўзгарадиган бўлса, ўзбекистонликлар ҳаётида ҳам кескин ўзгаришлар бўлиши кутилмоқда.
Бу энг аввало бу ерда ноқонуний ишлаб юрган кам бўлмаган фоиздаги уй ишларида ишлаётган хотин-қизларимизни ташвишга солади.
Бу борада ўзбекистонликларда ҳам, Турк халқининг ўзида ҳам ҳеч қандай тахмин йўқ.
Ўзбекистонликларнинг умиди эса, иқтидорда ким қолса ҳам, уларнинг Туркияда тинчлик бўлиши ва ўз фаолиятларида давом этишларини исташларидадир.
Лекин бу ерда тижорат ва таълим билан машғул бўлганлар Туркиядаги иқтидор ўзгаришларидан у қадар ҳам ташвишда, дея олмаймиз".
Би-би-си: Туркия томонининг 2018 йилги расмий рақамларига таянилса, бу мамлакатда қонуний мақомда яшаб турган ўзбекистонликлар сони ўттиз мингдан ортади. Яна минглабининг меҳнат визаси билан Туркияда эканликлари англашилади.
Аммо, худди шунинг баробарида, Туркияда ноқонуний мавқеъда бўлган катта сондаги ўзбекистонликларнинг борликлари ҳам тахмин қилинади.
Туркиядаги аксарият ўзбекистонликлар ҳам меҳнат муҳожирлари саналишади, улар кўпчилигининг хотин-қизлар эканликлари айтилади.
Туркияга турли иш, юмуш илинжида келаётганлари эса, асосан мамлакатнинг уч асосий йирик шаҳри - пойтахт Анқара, Истанбул ва Измирни ўзлари учун афзал билишади.
Туркия, бундан ташқари, дунёнинг энг катта сондаги ўзбекистонликлар ҳам саёҳат ва ҳам тижорат мақсадида йўл солаётган саноқли давлатларидан бири бўлади.
Бу икки давлат ўртасидаги авиапарвозлар жаҳоннинг бошқа бирор бир мамлакати билан бўлмаганчалик бир даражада серқатнов экани билан ҳам ажралиб туради.
Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002















