Собиқ эстрада юлдузи Дониёр Файз масжидда муаззинлик қилмоқда

Дониёр Қори

Сурат манбаси, Telegram/doniyorqori

90 чи йилларда ўзбек эстрадасида ўзига хос из қолдирган, "Жонон бўламан" қўшиғини ўзгача оҳангда куйлаган собиқ хонанда Дониёр Файз (Тошмуҳаммедов) Қуръон ҳофизи бўлди ва Тошкентдаги Истироҳат мавзесидаги "Абдулҳамид" масжидида муаззинлик қилмоқда. У Дониёр қори номи билан Telegram да канал ҳам очган.

Олдинроқ ижтимоий тармоқларда Дониёр Тошмуҳаммедовнинг Тошкент шаҳрид Истироҳат мавзесидаги "Абдулҳамид" масжидига имом бўлгани ҳақида хабарлар чиқди.

BBCUZBEK.COM Ўзбекистон мусулмонлар диний идораси Тошкент шаҳри имомлари вакилли матбуот котиби Аброр Мухтор Алий билан боғланиб ушбу хабарларга ойдинлик киритиб беришни сўради.

"Дониёр Тошмуҳаммедов интернетда ёзилаётгани каби Истироҳат мавзесидаги "Абдулҳамид" масжидига имом бўлганликлари йўқ. Аммо ўша ерда азон чақириб, Қуръон тиловат қилиб турадилар. У киши билан икки йил олдин кўришганимда Қуръоннинг 27 порасини ёдлаганини айтганди. Ҳозир тўлиқ ёдлаган бўлса керак", - дейди Аброр Мухтор Алий.

Тошкент имомлар вакиллиги матбуот котибининг айтишича, Собиқ хонандада диний маълумоти борлиги тўғрисида расмий ҳужжат йўқлиги боис имом бўлолмайди. Бироқ расан муаззинлик қилмоқда.

25 январ куни Telegram ижтимоий тармоғида Doniyor Qori канали очилди.

"Азизлар, ушбу канал орқали сиз билан мулоқотда бўлиб, дастурларимизга қуйидаги мавзуларни ҳам киритиш ниятидаман. Каминанинг Қуръони Каримдан қилган тиловатларим аудио ва видео тасмаси. Дунё ва охиратимизга оид энг долзарб мавзудаги мақолалар", деб ёзди канал соҳиби.

Унда Дониёр қори (Тошмуҳаммедов)нинг азон чақиргани ва Қуръон суралари тиловатини тинглаш мумкин.

Канал қисқа муддатда 3 мингдан ортиқ ўқувчи тўплаган. Ўқувчилар сони шиддат билан ошиб бораётганини кўриш мумкин.

Бундан ташқари у Қуръон ва суннатда мўминнинг қўрғони сифатида келган дуо ва зикрларнинг аудио тасмаси, изоҳ ва шарҳларини ҳам бериб боришини маълум қилган.

"Мега юлдуз! Унинг хар бир куйлаган қўшиқлари хит бўлган! Унинг мухлислари ҳали ҳануз қўшиқларини севиб тинглайди, унинг тароналари аксарият инсонларнинг ҳаётидаги муҳаббат, армон, болалик ва ёшлик тарихи билан боғлиқ", деб ёзади sayyod.com сайти асосчиси Сардор Комилов.

Сардор Комилов Дониёр Тошмуҳаммедовдан энг сўнгги бор интервью олган журналистлардан ҳисобланади.

Дониёр Файз унга санъатдан кетганига 7-8 йил бўлганидан сўнг 2009 йили интервью берган.

Сардор Комилов собиқ хонандани жуда ҳам пунктуал деб таърифлаган.

Дониёр Тошмуҳаммедов журналистга санъатни бутунлай тарк этганини айтган. У бунга сабаб қилиб оиласи билан бирга бўлишни ихтиёр этгани, фонограмма авж олгани ва иззат-нафсини сабаб қилиб келтирган.

"Жонон бўламан деб" қўшиғининг эстрада йўналишида хали хеч ким ундан-да аъло маромига етказиб куйлай олгани йўқ. Шу қўшиқ янграши билан янги услубдаги рангли йўл-йўл чопонда экрандаги кўриниши кўз олдимдан кетмайди. У эстрада йўналишида жуда машҳур эди, ўша давр қизларининг ягона ёқимтойи… Бироқ сирли равишда санъатдан йўқолди", деб ёзади Сардор Комилов.

Дониёр Тошмуҳаммедов 1969 йил 23 февралда шифокорлар оиласида туғилган.

Илк мусиқий альбоми 1989 йил, охиргиси 2001 йил чиққан. "Ферузабону", "Табассум", "Қарашингдан", "Кишмишим" каби қўшиқлари анча машҳур бўлган.

Дониёр Тошмуҳаммедов 2009 йил берган суҳбатидан санъатдан кетгач тижорат билан шуғулланаётганини маълум қилган.

Халқ орасида юрган миш-мишларда унинг диндор бўлиб кетгани айтиларди.

Маълум бўлишича, ўтган йиллар давомида собиқ хонанда Қуръони Каримни тўлиқ ёдлаган ва Қуръон ҳофизи бўлган.

  • BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek