Янгиликлар, Ўзбекистон, мустақил тадқиқот: Олти йилда Тошкентдаги яшил майдон қарийб учдан икки қисмга қисқарган, бу расмий рақамдан қанча камлиги маълум бўлди - O'zbekiston Yangiliklar

Бухоро вилояти экологияси бошқармаси ходими кесилган дарахтни ўлчаяпти

Сурат манбаси, .

2016 йилда пойтахт Тошкент ҳудудининг салкам 35 фоизини қоплаб турган фойдали яшил майдон 2022 йилга келиб, 13 фоизга қадар қисқариб кетган, дейилади янги мустақил тадқиқот хулосасида. 2022 йил ёзида эса расмийлар пойтахтнинг яшил майдони қарийб 30 фоиз эканини билдирганди.

2016 йил августида Тошкент шаҳри ҳудудининг 34.63 фоизини фойдали ва жонли яшиллик қоплаб турган бўлса, бу миқдор роппа-роса олти йилдан сўнг 13.15 фоизга қадар тушиб кетган.

Тошкент Давлат транспорт университети профессори, шаҳарсозлик ва дизайн соҳаси мутахассиси Жамшид Содиқов сунъий йўлдош маълумотлари асосида ўтказган мустақил тадқиқот ана шундай хулосани берган.

Алоқадор мавзулар:

Профессор Содиқов анча вақтдан бери амалга ошириб келаётганини айтган мустақил тадқиқоти натижаларини пойтахт Тошкент ҳавоси ифлослиги бўйича халқаро рейтингларнинг юқори ўринларидан тушмай келаётган бир вақтда эълон қилган.

Профессор Жамшид Содиқовдан иқтибос

Сурат манбаси, .

"Бу ҳолатнинг сабабини шаҳримиздаги яшиллик қисқариб бораётгани билан боғламасликнинг иложи йўқ", дея ёзган профессор ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.

Профессор Содиқов, шунингдек, ўзи қўлга киритгани каби маълумотлар шаҳарларни режалаштиришда муҳим огоҳлантирувчи сигнал ўлароқ хизмат қилиши лозимлигини таъкидлаб, қарор олувчиларни келажак авлодни ҳам ўйлашга чақирган.

Ушбу тадқиқот натижалари эълон қилинган деярли бир вақтда - 29 январь куни Президент Шавкат Мирзиёев, фаолларнинг тинимсиз бонг уриши ортидан, абгорлашиб бораётган экологик вазият ҳақида гапирди, қўл остидагиларга чоралар кўришни буюрди.

Берилган топшириқлар орасида келгуси беш йил ичида пойтахт ва унга туташ Тошкент вилояти туманларини тўлиғича яшиллик билан қоплаш ҳам бор.

"Уйғониш қўнғироғи"

Мустақил тадқиқот скриншоти. LinkedIn

Сурат манбаси, Мустақил тадқиқот скриншоти. LinkedIn

Сурат тагсўзи, Мустақил тадқиқотда ўртадаги фарқ яққол кўринади

Профессор Жамшид Содиқов ўтказган мустақил тадқиқот расмийлар аввал тақдим этганданда хавотирлироқ хулосани ўртага чиқарган.

Деярли бир вақтга оид мустақил ва расмий тадқиқот хулосалари ўртасидаги фарқ қарийб икки баробарни ташкил этади.

Тадқиқотда Европа Иттифоқининг Коперник дастурига тегишли Sentinel сунъий йўлдошларидан олинган маълумотлар асосидаги NDVI индекси натижаларига таянилган.

Сўзма-сўз "нормаллаштирилган фарқли ўсимликлар индекси" дея таржима қилинувчи NDVI (Normalized Difference Vegetation Index) индекси билан маълум бир ҳудуддаги тирик ўсимликлар сони баҳоланади.

Тошкент шаҳрининг ифлос ҳавоси

Сурат манбаси, Ekologiya vazirligi gazeta.uz orqali

Самолёт ёки сунъий йўлдошдан олинган юқори сифатли тасвирлар ёрдамида қуриган дарахт-бута ва сунъий майсазорлар ҳисобга олинмаган ҳолда барча тирик ўсимликлар - дарахт, бута, ўт-ўланларнинг сони аниқланади, яшиллик харитаси шакллантирилади.

"Бу тадқиқот шаҳарнинг экологик саломатлиги ҳамда шаҳарсозлик ва иқлим ўзгаришининг унга нисбатан кўрсатган эҳтимолий таъсирини ўрганишни мақсад қилган", дея ёзган Содиқов.

Профессор Содиқов ўз тадқиқотида вегетация даври одатда кучаядиган апрель октябрь ойлари ўртасидаги вазият ўрганилгани ҳамда жонли яшил ўсимликлар сони ва уларнинг ҳолатини баҳолаш услуби ёрдамида пойтахт Тошкентнинг "яшил харитаси" тузилганини билдирган.

Яшил қоплама. Экология вазирлиги

Сурат манбаси, O'zbekiston Ekologiya vazirligi

"Вақт бўйлаб саёҳат:

8 август, 2016 йил: Тошкент тахминан 34.63 фоиз ям-яшил майдонларни кўрсатмоқда.

Тезда 14 август, 2022 йилга ўтамиз: ўсимликлар қопламаси 13.15 фоизга қадар тушиб кетди.

Олти йил ичида яшил қопламалар билан боғлиқ бундай жиддий ўзгариш оддийгина рақам эмас, балки уйғониш қўнғироғидир", дея таъкидлаган Содиқов.

Эслатма ўрнида, Би-би-сида профессор Жамшид Содиқов тадқиқотининг натижалари ҳаққонийлигини мустақил текшириш имконияти мавжуд эмас.

Тошкент шаҳри атрофидаги иссиқхоналар

Сурат манбаси, Empics

26.8 фоиз

Пойтахт Тошкент ҳудудидаги яшил қоплама майдони NDVI индекси ёрдамида илк бор расман ўлчаб кўрилгани ҳақида 2021 йилда хабар қилинган эди.

Ўшанда собиқ ҳоким Жаҳонгир Ортиқхўжаев шаҳардаги яшил қоплама улуши роппа-роса 26.4 фоизни ташкил этиши, яъни ҳар бир жон бошига 36 квадрат метрга тенг яшил майдон тўғри келишини билдирганди.

Яшил қоплам

Сурат манбаси, BBC O'zbek

Орадан бир йил ўтиб - 2022 йил июнь ойида эълон қилинган расмий рақамда эса пойтахтдаги яшиллик даражаси 0.4 фоизга ошиб, 26.8 фоизни ташкил этганини кўриш мумкин.

Аммо бу рақам ва профессор Жамшид Содиқов деярли айни давр учун қўлга киритган кўрсаткич (13.15 фоиз) ўртасидаги фарқ қарийб икки баробарга етади.

2023 йилда Тошкент шаҳридаги яшиллик даражаси қанчалик ўзгаргани ҳақида на расмий, на мустақил рақамлар мавжуд.

Ўзбекистонда 2019 йилда ўрмон фондига киритилмаган дарахт ва буталарни кесишга мораторий жорий этилиб, у 2022 йилда муддатсиз даврга узайтирилган бўлса-да, ўсимлик дунёсини аёвсиз қирғин қилиш кўлами пасайгани кузатилмаган.

2019 йилда 500 га яқин ноқонуний дарахт кесиш ҳолатлари аниқлангани хабар қилинган бўлса, 2023 йилнинг биргина 9 ойи мобайнида аниқланган бундай ҳуқуқбузарликлар сони 2400 тадан ортиб кетган.

Яшил қоплам

Сурат манбаси, BBC O'zbek

Бундан ташқари фикр билдирувчилар 2021 йил ноябридан бошланиб, йилига 200 миллион туп кўчат экиш кўзланган "Яшил макон" лойиҳаси натижаларини ҳам савол остига олган.

Ўтган йилнинг июль ойида Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов лойиҳа доирасида икки миллион кўчат қўшиб ёзилгани, етти миллиондан зиёд кўчат эса суғорилмайдиган майдонларга экилгани ҳақида гапирган эди.

Августда эса Президент Мирзиёев суғориш тизими йўқ жойларга экилгани сабаб 10 миллион ниҳол нобуд бўлгани учун айрим амалдорларни танқидга тутган.

29 январь куни Экология вазирлиги дарахтларни ноқонуний кесилиб кетишдан ҳимоя қилиш мақсадида улар рақамлаштирилиб, хатловдан ўтказилаётгани, Тошкент шаҳрида эса синов тариқасида дарахтлар паспортлаштирилаётганини хабар қилган.

"Маълумот учун, дарахтларни паспортлаштириш 3 босқичда амалга оширилади. 1-босқичда аэрокосмик тасвирлар ва дастурий воситалардан фойдаланган ҳолда мавжуд дарахтлар тўлиқ хатловдан ўтказилади. 2-босқичда хатлов натижасига кўра аниқланган дарахтларнинг тури, ёши, бўйи, ҳолати ва жойлашув координатасини акс эттирувчи маълумотлар базаси шакллантирилади. 3-босқичда маълумотлар базаси асосида "Яшил макон" электрон платформасида ҳар бир дарахтга паспорт шакллантирилади ва ID рақам берилади", билдирган вазирлик.

Оммавий кўчат экиш тадбири

Сурат манбаси, BBC O'zbek

Айни куни йиғилиш ўтказган Президент Шавкат Мирзиёев фаоллар тинимсиз уриб келаётган бонг ортидан мавжуд экологик вазиятга ҳам тўхталган.

Йиғилишда у йирик қурилиш материаллари, энергетика, металлургия корхоналари томонидан 5 гектардан "яшил белбоғ" яратилиши, жами 10 миллион туп дарахт экилиши кераклиги ҳақида гапирган.

"Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазирлигига вилоятлар ҳокимлари билан биргаликда "ноқонуний кесилган ҳар бир дарахт ўрнига 100 та кўчат экиш" тизимини жорий этиш топширилди", хабар қилган президент матбуот котиби Шерзод Асадов.

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002