Президентга хитоб қилган имомдан тортиб, Фаластин хабарлар канали - Ўзбекистонда тақиқланган диний саҳифалар рўйхати чиқди - Yangiliklar

infografika

Сурат манбаси, Din ishlari bo'yicha qo'mita

Сурат тагсўзи, Қўмита чиқарган огоҳлантириш варақаси

Олий суд томонидан экстремизм ва терроризм ғоялари билан йўғрилган деб топилган Ўзбекистонга олиб кириш, тайёрлаш, тарқатиш ва намойиш этиш тақиқланган материаллар рўйхати эълон қилинди.

Вазирлар Маҳкамаси қошидаги Дин ишлари бўйича қўмита эълон қилган рўйхат бир йил олдингисига қараганда анча кенгайган.

Бу йилги рўйхатда 800 дан ортиқ Telegram, YouTube каналлар, Facebook, Instagram, TikTok саҳифалар ва сайтлар рўйхати тузилган. Ўтган йилги рўйхатда 500 га яқин саҳифа ва каналлар бор эди.

Тақиқланган Telegram каналлар сирасида 2018 йили Ўзбекистон ҳижоб ва соқолга бўлаётган тазйиқлар масаласида масжид минбаридан туриб Президентга мурожаат қилган имом Фазлиддин Парпиевнинг Fazliddin Shaxobiddinov канали бу йилги рўйхатда ҳам бор.

"Омина" имом хатиби Фазлиддин Парпиев мурожаат ортидан ишдан олинган ва у Ўзбекистонни тарк қилганди.

Бу йилги рўйхатда Исроил-Ғазо уруши манзарасида оммалашган айрим каналлар ҳам экстремизм ва терроризм ғоялари билан йўғрилган деб топилган.

Диний қўмита рўйхатида Телеграмдаги Falastin | Rasmiy kanal ва Faslastin/Quddus каналлари бор.

iqtibos

Диний қўмита Олий суд ушбу каналлар ва саҳифаларни қайси критерияга асосланиб тақиқлагани борасида маълумот бермаган.

Ушбу саҳифалардаги айнан қайси матнлар Ўзбекистон қонунларига тўғри келмагани борасида ҳам очиқ манбаларда маълумот йўқ.

Дин ишлари бўйича қўмита эълон қилинган саҳифа ва канал материалларини тарқатиш ва уларга "Ёқди" (Like) тугмасини босмасликка чақирган.

Қонунни билмаслик жавобгарликдан озод қилмайди, деб огоҳлантиради қўмита.

"Сўз эркинлиги, ҳуқуқ эркинлиги чегараси ёки, хавфсизлик билан диний эркинликлар чегаралари доим ҳукуматларнинг сиёсатига боғлиқ бўлган. Кенгайиб борадиган бўлса, ҳукумат бироз либералроқ, янаям кенгаядиган бўлса демократроқ. Агар тораядиган бўлса авторитар, жудаям торайса диктаторлик жамиятлари. Мирзиёев ҳокимиятга келган даврда бу чегара ҳаддан ташқари катта қўйилганди. Яъни қора рўйхатдагилар чиқарилганди. Лекин кейинчалик аста-аста хавфсизлик нуқтаи назаридан узун ташланган арқонлар бироз тортилди. Керакли жойда давлат катта бўлганлиги учун бирорта идора, масалан, ИИВ ёки ДХХ, бошқа идоралар ўзининг манфаатидан келиб чиқиб, кўпроқ ҳам тортиб қўйиши мумкин", дейди Инсон ҳуқуқлари "Эзгулик" жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов.

Абдураҳмон Ташановнинг айтишича, сўнгги вақтларда диний айбловлар билан қамалганларнинг сони ортган.

ro'yxat

Сурат манбаси, Diniy qo'mita

Айрим ҳолатларда фуқаролар тақиқланган саҳифаларга "Лайк" тугмасини босгани учун ҳам қамалган.

"Буни ўйлаб кўриш керак. Давлатда қонун ҳужжатлари мониторинг институтлари бор. Ўшалар ва Адлия вазирлигига ўхшаш идоралар булар бўйича экспертиза бериши керак. Тўғрисини айтсам бизда ҳам аниқ хулоса йўқ. Лайк қўйсангиз, бўлишсангиз сиз уни тарқатган бўласизми. Буни Олий суд пленуми йиғилганда аниқ механизм ва чегараларини ишлаб чиқиши керак. Масалан, сен фалончи билан гаплашсанг террорчисан, деб аниқ кўрсатиб қўйиши керак. Ҳозир жуда мавҳумлик бор. Ҳуқуқ тартибот органлари ҳам ўзлари шарҳлай олмайди. Тепадан шунақа дейдиган бўлса тортади. Унинг устидан фуқаролар мурожаат қилади, адвокатлар ёзади, унинг карерасига ҳам таъсир қилади. Хуллас чалкашиб қолади", дейди Абдураҳмон Ташанов.

Ўтган йили диний қўшиқлар ёки адабиётлар тарқатгани учун қамалган ўзбекистонликларнинг айримлари шов-шувларга сабаб бўлганди.

Техника университети 4-курс талабаси Сардор Раҳмонқулов диний қўшиқларни танишлари орасида тарқатгани учун беш йилга озодликдан маҳрум этилган.

Шунингдек, майда YouTube`даги нашидани Telegram-гуруҳга юборган 21 ёшли Жаҳонгир Улуғмуродов 3 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган.

Кейинроқ ушбу шахсларнинг жазоси енгилроғига ўзгартирилиб улар озодликка чиққан.

Gazeta.uz сайти, шунингдек, июлда Наманганда "ақидапарастлик материаллари, шу жумладан нашидалар"ни тарқатгани учун 23 ёшли йигитга 5 йилга қамоқ, унинг 19 ёшли синглисига 2 йилга «уй қамоғи» жазоси тайинлангани ҳақида ёзган.

HRW: "Экстремист деб қамашни бас қилинг, қамалганлар озод қилинсин"

2023 йилнинг май ойида Human Rights Watch Ўзбекистон ҳукуматини "экстремизм" атамасига қонунчиликда аниқ таъриф беришга чақирган ва бу модда билан қамалганларни озод қилиш тавсияларини берганди.

Инсон ҳақлари ташкилотининг айтишича, Ўзбекистон ҳукумати дин эркинлигини таъминлашга ваъда берганига қарамасдан, кўплаб чекловлар сақланиб қолмоқда.

Ҳукумат диний ташкилотларни рўйхатга олишга тўсқинлик қилмоқда, собиқ диний маҳкумларни ўзбошимчалик билан назорат қилмоқда ва мусулмонларни қарши ҳаддан зиёд кенг кўламда экстремизмда ноаниқ айбловлар билан айблаб жиноий жавобгарликка тортмоқда.

Ташкилот чоп қилган ҳисоботда айтилишича, 2021 йили қабул қилинган "Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида"ги қонунда ҳамон инсон ҳуқуқларини чекловчи ва бузувчи меъёрлар бор. Бу вақтда расмийлар қамоқлардаги ваколатни суиистеъмол қилиш ҳақидаги даъволарни эътиборсиз қолдириб, Ўзбекистон жиноят кодексининг диний экстремизм билан боғлиқ бандлари бўйича одамларни жавобгарликка тортмоқда.

"Ўзбекистонда диний эркинликларни кенгайтириш бўйича ислоҳотлар бошлаган президент Мирзиёев обрў қозонди, аммо бугун биз жиддий қонунбузарликлар давом этса-да, ҳеч ким жавобгарликка тортилмаётган ноаниқ вазиятга нувоҳ бўляпмиз", дейди Human Rights Watchнинг Марказий Осиёдаги катта тадқиқотчиси Мира Ритман.

Унга кўра, Ўзбекистон ҳукумати ҳануз диний қарашлар ва эътиқоднинг қонуний ифодасини "экстремизм" деб ҳисоблайди. "Бундан тинч диний жамоалар билан бирга оддий диндорлар ҳам азият чекмоқда".

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002