Россияда асли ўзбекистонлик эркак педофилияда айбланмоқда – ОАВ

justice

Сурат манбаси, Denis Larkin/Getty Images

Сурат тагсўзи, Иллюстратив сурат.

Россияда асли ўзбекистонлик 46 яшар эркак педофилияда айбланмоқда.

Россия Тергов қўмитасининг маълум қилишича, Чувашия пойтахти Чебоксары шаҳри яшовчиси бўлган эркак икки йил давомида вояга етмаган болалар билан жинсий алоқага киришган, улар иштирокида порнографик материаллар тайёрлаган.

Расмий хабарда эркакка нисбатан 14 ёшга етмаган шахснинг бемадад ҳолатидан фойдаланиб, жинсий характердаги зўравонлик содир этиш, 16 ёшга тўлмаган шахсга нисбатан беҳаё ҳаракатлар содир этиш, вояга етмаган шахслардан порнографик материаллар тайёрлашда фойдаланиш каби олти ҳолатда айбланаётгани тилга олинган.

"Тергов хулосасига кўра, 2020-йил январидан 2022-йил сентябрига қадар айбланувчи ижтимоий тармоқда 11 ёшдан 15 ёшга қадар бўлган вояга етмаган шахслар билан танишган, учрашишга келишган ва шундан сўнг уларни алкоголь маҳсулотларини истеъмол қилишга ундаган, беҳаё ҳаракатлар содир этган, жинсий алоқага киришган ва улардан порнографик материаллар тайёрлашда фойдаланган", дейилади Россия Тергов қўмитасининг Чувашия Республикаси бўйича бўлими тарқатган хабарда.

Чувашия Республикаси прокуратураси айбланувчи болалар билан содир этган беҳаё ҳаракатларини қўл телефони видеокамерасига ёзиб боргани ва порнографик тасвирлардан ижтимоий тармоқдаги ёзишмаларда фойдаланганини билдирган.

Мазкур ишда 15 нафар вояга етмаган шахслар жабрланувчи ўлароқ иштирок этаётгани қўшимча қилинган.

Шунингдек, эркак тилга олинган жиноятларни содир этишда гумонланиб қўлга олинганидан сўнг 2022-йил сентябрь ойида жиноий жавобгарликдан қутилиб қолиш мақсадида полиция ходимига 100 минг рубль миқдорида порага таклиф ҳам қилган, аммо полициячи уни рад этган, дейилади 31 август кунги расмий хабарда.

Айни вақтда, дастлабки тергов якунланиб, ушбу жиноий иш кўриб чиқиш учун судга юборилган.

На Россия Тергов қўмитаси, на Чувашия Республикаси ҳуқуқ-тартибот органлари тарқатган расмий хабарларда эркакнинг шахси ошкор этилмаган.

Бироқ "Kоммерсантъ" нашри ҳуқуқ-тартибот органларидаги ўз манбалари берган маълумотга таяниб, эркак асли ўзбекистонлик экани ҳақида ёзган.

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002