Дин ва дунё: Рим Папаси ва черковдаги жинсий таҳқирлашлар

Pope Francis

Сурат манбаси, Getty Images

    • Author, Мартин Башир
    • Role, Диний масалалар бўйича муҳаррир

Рим Католик Черковида юз бераётган жинсий таҳқирлар бўйича хабарлар ортидан Папа Франсис 130 дан ортиқ давлатдан келган епископлар билан фавқулодда йиғин ўтказди.

Бунга қадар Рим Папаси Франциядаги монастирда роҳиба аёлларнинг "секс қуллар"га айлантирилганини тан олиб, мисли кўрилмаган халқаро шов-шувга сабаб бўлган эди.

Дунёнинг турли бурчагидаги католик черковларида руҳонийлар ноинсоний ва жинсий таҳқирлар содир этиб келгани борасида хабарлар урчиши ортидан Папа Франсис ўта мушкул вазиятга тушиб қолгани айтилмоқда.

Айни вақтда Католик Черкови роҳиблар қўл урган турли ахлоқсизликлар ва жиноятларни яширишга уринганликда ҳам айбланмоқда.

Jason Berry

Сурат манбаси, Jason Berry

Сурат тагсўзи, Жейсон Берри черковдаги жинсий таҳқирлашлар миқёсини фош этган илк журналистлардан бўлган

Миси чиққан Черков

Черковдаги бундай салбий вазият 1980 йиллардан буён шаклланиб келгани тахмин қилинади.

Черковдаги кенг кўламли мунтазам таҳқирларнинг фош этилишига катта ҳисса қўшган америкалик мухбир Жейсон Берри зўравонлиги билан ном таратган Гилберт Гауте исмли руҳонийнинг ҳаёти ва фаолиятини ўргана бошлаган вақтда, бир кун келиб, халқаро жанжалнинг юзага келишига туртки беришини билмаган эди. Айнан жаноб Беррининг текширувидан сўнг бутун дунё Черковнинг 30 йиллик сиридан воқиф бўлди.

Жаноб Берри 1980 йиллар сўнггига қадар Черков бости-бости қилган таҳқирлар бўйича суд ишларини ўрганиб, улар асосида 1992 йили китоб ёзади.

Жаноб Беррининг ишларидан сўнг Boston Globe газетаси 2002 йилда руҳонийларнинг қора қилмишлари тўғрисида янада кенгроқ текширув натижаларини эълон қилади. Текширувни олиб борган журналистлар Пулитзер Мукофотини қўлга киритади.

Бироқ йил сайин руҳонийларнинг ахлоқсиз қилмишлари фош этилиб бораверади.

The Boston Globe's Michael Rezendes, left, Walter V. Robinson, and Sacha Pfeiffer, right, hold Oscar winning writer Josh Singer's Oscar statue in the newsroom of the Boston Globe

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Boston Globe журналистлари Майкл Резендес (чапда), Уолтер Робинсон ва Саша Пфейфер

Ўтган йили АҚШнинг Пенсилвания штатидаги саккиз епархиядан олтитаси текширувга тортилган эди.

Штат прокуратураси епархияларга доир ярим миллионга яқин ҳужжатларни ўрганиб чиққан. Текширув давомида руҳонийларнинг зўравон хулқ-атворига нисбатан ўнлаб даъволар, гувоҳликлар қўлга киритилган ва бир қанча диний ходимлар ўз айбига иқрор бўлган.

"Черковнинг ўз қайдномаларидан мингдан ортиқ боланинг таҳқир қурбонига айланганини аниқлаш мумкин эди. 300 дан зиёд зўравон руҳонийга нисбатан эса ишончли даъволар илгари сурилди," дея текширув хулосаларини эълон қилган штат прокурори Жош Шапиро ўтган йилнинг декабрь ойида.

Catholic nuns in Kerala, who are demanding the arrest of Bishop Franco Mullakal of Jalandhar for allegedly raping a nun multiple times

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Ҳиндистоннинг Керала шаҳридаги католик роҳибалар жинсий таҳқирлашда айбланган руҳоний Франко Мулаккалнинг ҳибсга олинишини талаб қилишмоқда

Минг саҳифадан кўпроқ текширув натижалари бўйича ҳисоботда епархияларнинг 70 йиллик тарихи кенг ёритилган ва бу йиллар давомида қўл урилган таҳқирлар кишини даҳшатга солади.

Масалан, епархияларнинг бирида руҳоний бир қизни зўрлайди. Қиз ҳомиладор бўлиб қолгандан сўнг руҳоний уни абортга мажбурлайди.

Руҳонийнинг раҳбари шундай мактуб йўллайди: «Ҳозир ҳаётингдаги энг оғир дамлар ва қанчалик тушкунликда эканингни яхши англайман. Дардингга шерикман.»

Аммо бу мактуб қизга эмас, балки руҳонийга аталган эди.

Бошқа бир епархияда руҳонийлардан бири эндигина кичик жарроҳликни бошидан ўтказган етти яшар қизни кўриш учун касалхонага боради ва ўша ернинг ўзида қизни зўрлайди.

Яна бир ҳолатда эса руҳоний мажбурлаб, тўққиз яшар боланинг оғзига яқинлик қилади, сўнг унинг оғзини муқаддас сув билан чайиб, «гуноҳдан фориғ бўлгани»ни айтади.

Эълон қилинган ҳисоботда Бош Черков педофил руҳонийлар жиноятини яшириб келгани, арздорлар даъвосини бости-бости қилгани туфайли ҳам жазо муқаррар эмаслигидан руҳланган дин ходимларининг хулқ-атвори янада ваҳшийлаша боргани таъкидланган.

Иддаолар

2018 йил августида Рим Католик Черкови Австралия ҳукумати ташкил қилган комиссия хулосаларига нисбатан расмий муносабатини эълон қилди.

Chrissie Foster

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Крисси Фостер Австралиянинг Мелбурнидаги педофил руҳоний қурбони бўлган икки боланинг онаси

Австралия Католик Епископлар Конференцияси президенти архиепископ Марк Колериж мамлакат черковларидаги «жуда кўплаб» руҳонийлар «барча ва, айниқса, энг ҳимояга муҳтож қатлам - болалар қадр-қимматини ҳимоя қилиш ва эъзозлашга бўлган бурчини бажара олмаган»ини тан олган.

"Бир овоздан епископлар ва диний уюшмалар етакчилари шу ерда, шу тонгда «Ҳеч қачон такрорланмайди,» деб онт ичамиз," таъкидлаган у.

'Даҳшатли таҳқирʼ

Ўтган ёзда Британиядаги мустақил текширув ўз ҳисоботида мамлакатнинг икки нуфузли диний таълим муассасаси - Амплефорт Коллежи ва Даунсайд Мактабида педофилия ҳолатлари қайд этилганини эълон қилинди.

Ҳисоботда мактаблар маъмурияти «руҳонийларнинг обрўсини болалар ҳимоясидан устун қўйгани» ва "Амплефорт Коллежида етти, Даунсайд Мактабида эса ўн бир яшар болалар йиллар давомида даҳшатли таҳқирга тутиб келинган"и таъкидланади.

Downside Abbey

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Даунсайд черков мактаби ўқувчиларни ҳимоя қилолмагани учун кечирим сўраган

Мустақил текширув «аксар жиноятчилар ўзининг жинсий қизиқишларини болалардан яширмаган»ини аниқлаган.

«Бундай очиқ-ойдин ҳаракатлар муассасаларда зўравон хулқ-атворга кўз юмиш муҳити шаклланганини кўрсатади,» дейилади ҳисоботда.

Ҳисобот эълон қилингандан сўнг мактаблар маъмурияти йўл қўйилган жиноятларни қисман тан олиб, расман узр сўраган.

Дунё бўйлаб 1.2 миллиарддан зиёд издоши мавжуд Католик Черкови билан боғлиқ бундай салбий вазият фонида ҳамманинг диққати Папа Франсисга қаратилганча қолмоқда.

2013 йил март ойида Папа этиб сайланган вақтдаёқ у ўз қўл остидаги руҳонийлар билан юзага келган жанжаллардан хабардор эди.

Protesters demonstrate in support of the victims of violence by paedophile priests, near the Vatican on 3 October 2018

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Педофил руҳонийларга қарши Ватиканда ўтган намойиш

2014 йил июнь ойида Папа Ирландия, Британия ва Германиядан бўлган олти жинсий таҳқир қурбони билан учрашиб, улардан кечирим сўраган эди.

«Яратган ва унинг бандалари қаршисида мен сизларга нисбатан содир этилган диний ходимларнинг қилмишлари учун қайғуда эканимни изҳор қиламан,» деган эди Папа Франсис.

«Мен чин дилдан сизларнинг афв этишингиз сўрайман. Қурбонларнинг ўзи ва уларнинг оила аъзолари томонидан қилинган шикоятларга етарлича эътибор қаратмаган Черков раҳбарларининг гуноҳидан кечишингизни ўтинаман.»

Кейинроқ Папа Франсис Озчилик Вакилларини Муҳофаза Қилиш Бўйича Понтифик Комиссиясига саккиз янги аъзони қўшади. Бироқ бу комиссия фаолияти самарадор бўлмайди. Комиссия таркибида бўлган атиги икки таҳқир қурбонлари - Мэри Коллинс ва Питер Сандерс - тез орада истеъфо беради.

Survivor of clerical abuse, Marie Collins

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Таҳқир қурбони бўлган Мэри Коллинс черков комиссиясидан истеъфо берган

13 ёшида бир руҳоний томонидан зўрланган Мари Коллинс Папага хат ёзиб, унда Ватикандаги бюрократия таҳқир ҳолатларига чек қўйиш йўлида ташланган ҳар қандай қадамга тўғаноқ бўлаётганини таъкидлайди.

Коллинс хоним хатида Черковни комиссия берган тавсияларга совуққонлик билан муносабатда бўлишда айблайди.

«Черковдаги таҳқир инқирози мана қандай ҳал қилинади: омма олдида чиройли сўзлаб, ёпиқ эшиклар ортида айтилганларнинг аксини қилиш,» дея якунлайди Коллинс хоним ўз мактубини.

Папа Франсис куни кеча чақирилган йиғин орқали бу ёпиқ эшикларни очишга қарор қилди.

Айрим кузатувчилар Папа бутун дунё католик черковлари учун фармон чиқариш орқали муаммога осонгина чек қўйиш мумкин, деган фикрда. Бироқ бошқалар католик черковлари турли маданиятлар ва адлия тизимлари мавжуд давлатларда жойлашгани сабабли бундай умумий тартиб-қоидани жорий қилиш мушкул, дейди.

Шу тариқа 82 ёшли Папа ўта оғир халқаро босим қаршисида қолмоқда. Черков билан содир бўлаётган муаммолар унинг бундан кейин қандай қарор олишига боғлиқ кўринади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek