"Рим Папаси "Роҳинга" сўзини ишлатмасин!"

Сурат манбаси, AFP
Рим Папаси Франциск бутун дунёда этник тозалашларда айбланаётган Мянмарга сафарини бошлаган.
Мухбирларнинг ёзишларича, Мянмарга сафари мобайнида Рим Папасининг бу мамлакатда истиқомат қилиб келган мусулмон озчиликни қандай аташини ҳамма диққат билан кузатади.
Мянмар расмийлари шундай огоҳлантириш билан чиқдилар: мабодо Рим Папаси "Роҳинга" сўзини ишлатадиган бўлса, мамлакатда зўравонликларни келтириб чиқарадиган норозилик намойишлари рўй бериши мумкин.
Мянмар ҳукумати Бирма заминида бир неча авлоди истиқомат қилиб келган Роҳинга мусулмонларини "Бенгали"лар деб атайди.
Бундай атама остида "улар Бангладеш"дан ноқонуний келиб қолган муҳожирлар" деган маъно бор.
Рим Папаси ўзининг Мянмарга сафари у ерда таъқиблардан азоб чекаётган Роҳинга мусулмонлари билан ҳукумат ўртасида ярашувга эришишдан умид қилишини билдирган.
Папа Францискнинг ушбу сафари ўзининг 4 йиллик дунё католиклари раҳбари сифатидаги фаолиятида энг нозиги деб таърифланмоқда.
У Мянмарнинг амалдаги раҳбари Аун Сан Су Чи ва мамлакат армиясининг раҳбари билан учрашиши режалаштирилган.
Рим Папаси Франциск Мянмардан кейин Бангладешга бориб, у ердан паноҳ топган Роҳинга қочқинлари билан кўришишни ният қилгани айтилмоқда.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Telegram орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858860002















