Ўзбекистонда аёл маоши эркакка нисбатан 39 фоиз кам O'zbekiston Dunyo Yangiliklar

Сурат манбаси, blogs.worldbank.org
Жаҳон Банкининг Марказий Осиё бўйича бош иқтисодчиси Уильям Зейтц ўтказган тадқиқотдан аён бўлишича, Ўзбекистонда аёл эркакка нисбатан 39 фоиз кам маош олади.
Бунинг бош сабаби гендер тенгсизлик, ҳуқуқий асос эмас, "аёл киши эркакка нисбатан кам иш беради, декрет таътили, саломатлиги ёки оилавий сабаблари туфайли кам ишга чиқади" деган жамиятда шаклланган нотўғри қараш экани аниқланган.
Алоқадор мавзулар:
Жаҳон Банки мутахассислари Қозоғистон, Ўзбекистон ва Қирғизистонда ўтказган экспериментлари асосида шундай тўхтамга келдилар: расмий статистик маълумотларга кўра, эркак билан аёл маоши ўртасидаги фарқ Қозоғистонда 22%, Қирғизистонда 25%, Ўзбекистонда эса 39% ташкил этади.
Халқаро Меҳнат ташкилоти ҳар йили бутун дунёдаги аёл ва эркаклар маошлари ўртасидаги фарқлар таҳлилига бағишланган ҳисоботлар эълон қилиб туради.
Ташкилотнинг 2022 йилдаги ҳисоботига кўра, бутун жаҳондаги меҳнатга ҳақ тўлашдаги гендер фарқ 20 фоизни ташкил этган.
Ўзбекистондаги фарқ эса икки баробарни ташкил этади.
Жаҳон Банки тадқиқотчилари қайд этишларича, Марказий Осиё аёлларининг таълим олиш йўлида бирор бир жиддий муаммолари йўқ.
Қозоғистон ва Қирғизистон қонунчилигида "меҳнатга тенг ҳақ тўлаш" деган банд киритилмаган.
Бироқ Ўзбекистон 2022 йили қонунчиликка аёл кишига ҳам эркакка тенг маош тўлаш талабини киритган.
2019 йили "Хотин қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида"ги қонун қабул қилинган.
Бироқ Жаҳон Банки экспериментидан маълум бўлишича, бугунги Ўзбек жамиятида барибир аёлга нисбатан нотўғри қараш устун келар экан, бу эса иш берувчининг аёлни ишга олиш танловига таъсир қилмасдан қолмас экан.
Жаҳон Банки бош иқтисодчиси Уильям Зейтц жамиятдаги нотўғри ёндашувларга қарши курашнинг энг самарали йўли маърифат деб маслаҳат беради.
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002















