Ўзбекистон ҳукуматига мурожаат: Самарқанд шаҳрида тарихий мерос бузилмоқда, ўрнида сохта шаҳарлар қурилмоқда

Сурат манбаси, Diyora Rafiyeva
Ҳуқуқшунос Диёра Рафиеванинг Би-би-сига айтишича, Самарқандда тартибсиз қурилишлар, миллий меросни йўқ қилиш, ерларни тақсимлаш, ҳаракатсизлик ва кўзбўямачиликлар ушбу тарихий шаҳарни катта хавф остига қўймоқда.
"Қонунларнинг ижро этилмаслиги, техник маъмурий камчиликлар, даъво қилинган жиноятларни, жумладан, эҳтимолий коррупция ҳолатларини тергов қилиб жиноий жавобгарликка тортмаслик музей-шаҳарни тез еб битираётган "қуртлардир", - дейди фаол.
Самарқанддаги вазиятга эътиборни қаратиш учун Рафиева Ўзбекистон ҳукумати ва қатор халқаро ташкилотлар, жумладан ЮНEСКО, Европа Тикланиш ва Тараққиёт банки ва Осиё Тараққиёт банкига очиқ мактуб йўллаган.
Мактубда фаол Юнеско ҳимояси ва Миллий мерос рўйхатидаги объектларнинг "қўпол равишда бузилиши ва шикастланиши"га эътиборни қаратишга уринган. Қатор суратлар ва видеолар илова қилинган электрон мактубдан, шунингдек, маҳаллий фаолларнинг "Самарқандни сақлаб қолиш йўлидаги шошилинч тадбирлар" бўйича таклифлари ҳам ўрин олган.
Би-би-си мазкур хатни Самарқанд вилояти ҳокимлигига юборди. Ҳокимликнинг матбуот котиби "Мутахассисларимиз кўриб чиқишсин, натижаси бўйича хабардор қиламан", дея жавоб берди. Би-би-си бир неча кун давомида ҳокимликка хатни икки марта эслатди, аммо бошқа жавоб олмади.
Би-би-си бу масалада барча масъул идоралар ва шахсларнинг фикрларига очиқ эканини таъкидлайди.
Қуйида Диёра Рафиева ва Дмитрий Костюшкин муаллифлигидаги хатнинг тўлиқ матнини эътиборингизга ҳавола этамиз.

Сурат манбаси, Diyora Rafiyeva
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Ўзбекистон Республикаси Маданий мерос агентлиги
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қошидаги Санъат ва маданиятни ривожлантириш жамғармаси
Ўзбекистон Республикаси Табиий ресурслар вазирлиги
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси
Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича бошқармаси (ЮНEСКО)
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Жаҳон сайёҳлик ташкилоти
Ипак йўли ишчи гуруҳи
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ўзбекистондаги Тараққиёт Дастури
Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси
Европа Тикланиш ва Тараққиёт банки (ЕТТБ)
Осиё Тараққиёт банки (ОТБ)
Франция тараққиёт агентлиги (АФД)
Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (ЖИCА)
Марказий ва Шарқий Европадаги халқаро банклар фаолиятини мониторинг қилиш тармоғи
ШОШИЛИНЧ! МУҲИМ!
2023 йил 10 апрел

Сурат манбаси, Diyora Rafiyeva
Инглиз тилидан таржима қилинган
Хонимлар ва жаноблар!
Мен чуқур ташвиш билан Ўзбекистон ҳукумати ва халқаро ҳамжамиятга мурожаат этиб, тарихий Самарқандимизни озгина қолган қисмини сақлаб қолиш бўйича зудлик билан биргаликда ҳаракат қилишни сўрайман.
Самарқанднинг эски қисми миллий ва халқаро муҳофазага олинган. Бу ерда сиз қадимий Афросиёб харобаларидан бошлаб Темурийлар қисмига ўтишингиз ва ундан кейин икки турдаги меъморчилик - ХIХ-аср ва совет давридаги минтақавий тарихнинг ҳар бир даврини кезишингиз мумкин. Ана шундай "буюк умуминсоний қадрияти" учун ЮНEСКО "Самарқанд - маданиятлар чорраҳаси"ни Жаҳон мероси рўйхатига киритди. Миллий қонунчилик эски шаҳарни қўриқланадиган музей-қўриқхона сифатида ҳам тан олади. Давлатнинг меросни ҳимоя қилиш бўйича сиёсий иродаси ҳақида аниқ далиллар мавжуд: янги қонунлар, расмий баёнотлар ва лавозимга тайинлашлар.
Бироқ, шаҳар аҳолиси ва меҳмонлари юқорида айтилганларнинг ўрнига тартибсиз (фақат расман тартибга солинадиган) қурилишлар, миллий меросни йўқ қилиш, ерларни (ноқонуний) тақсимлаш, ҳаракатсизлик, кўзбўямачилик ва назоратсиз қурилиш ишларига гувоҳ бўляпти. Қонунларнинг ижро этилмаслиги, техник маъмурий камчиликлар, даъво қилинган жиноятларни, жумладан, эҳтимолий коррупция ҳолатларини тергов қилиб жиноий жавобгарликка тортмаслик музей-шаҳарни тез еб битираётган "қуртлардир". Мисол учун, шундай пайтлар бўладики, миллий бойлик "тўсатдан" қулаб тушади ва тез орада унинг ўрнида юқори даражадаги элита дўконлар пайдо бўлади; ёки мерос томи ечиб олинади ва табиий ёғингарчилик унинг "тарихий қиймати" йўқолишига олиб келади.
Жаҳон маданий меросини муҳофаза қилиш тўғрисидаги конвенциянинг 4-моддаси ҳукуматларни унинг рўйхатига киритилган объектларнинг сақланиши ва келажак авлодларга етказилишини кафолатлаш мажбуриятини юклайди. Афсуски, Ўзбекистон ҳукумати ўз мажбуриятларини бажара олмаяпти. Умуман олганда, тарихий шаҳар учун ҳалокатли бўлган ўнлаб, балки юзлаб, катта ва кичик ҳолатлар мавжуд.

Сурат манбаси, Diyora Rafiyeva

Сурат манбаси, Diyora Rafiyeva
Иловада музей-қўриқхона учун муҳим бўлган айрим ҳолатлар: Университет хиёбони ва унинг атрофи, Самарқанд-Cити ("Қизил двигател"), унинг атрофидаги бинолар ва марказий кўчалардаги бошқа қурилишлар, шунингдек, анъанавий маҳаллалар - гузарлардаги янги қурилишлар тасвирланган [1]. Улар ЮНEСКО томонидан муҳофаза қилинадиган ҳудуддаги Миллий мерос рўйхатидаги объектларнинг қўпол ривишда бузилиши/шикастланиши билан боғлиқ.
Миллий тарихий-маданий меросга зарар етказиш. Шубҳасиз, "туризм" ёки "таълимни" ривожлантириш баҳонаси ўзига хос тарихий жойлар ўрнига меҳмонхоналар, сохта шаҳарлар, катта ва баланд университет бинолари ва бошқа инфратизилмаларга инвестицияларни жалб қилади. Айни пайтда Регистонда жойлашган Тилла Қори мадрасаси (ХVII аср) ер ости сувлари натижасида зарар кўряпти. Ишратхона мақбарасидаги (ХV аср) реставрация ишлари туфайли унинг ўзига хос атмосфераси йўқолмоқда. Абди-дарун мақбарасидаги (ХII аср) янги улкан масжид қадимий масжидга, шунингдек, унинг атрофидаги қабрлар майдонига суқилиб кириб бормоқда. Бибихоним масжиди деворларида қолган сўнгги қадимий ёзувлар (ХV аср) оқ бўёқ билан бўялмоқда. ХIХ аср фуқаролик архитектурасининг кўплаб объектлари зудлик билан илмий ва профессионал ёрдамга муҳтож.
Археологик муаммолар. Кўриниб турибдики, улкан бинолар қурилиши археологик текширувларсиз амалга оширилмоқда. Масалан, кўп қаватли бинолар пойдевори учун чуқур қазилган ерларда Темурий мақбарасининг қолдиқлари топилганлиги айтилмоқда. Археологик обидаларнинг бир қисми тўйхона ва ресторанларга берилмоқда.

Сурат манбаси, Diyora Rafiyeva
Экологик хавотирлар. Маҳаллий кичик ижтимоий инфратизилмани шаҳарнинг чекка ҳудудларига кўчириб, эски шаҳарда университет бинолари ва йирик кўп қаватли биноларни қуриш барқарор ривожланиш мақсадларига зиддир. Бошқа муаммолар билан бирга, бундай қарорлар транспорт ва заҳарли чиқинди ҳажмини оширади. 2009-йилда Марказий боғда сояли чинорлар кесилиб, маҳаллий иқлимга ёт арчалар ўтқазилган эди. Бир неча йил олдин йўлларни (арзимас даражада) кенгайтириш мақсадида соғлом дарахтлар оммавий равишда кесилган. Шубҳасиз, бундай қарорлар ЕТТБнинг "Яшил шаҳар" лойиҳаси ва миллий яшил ташаббусларига зид келади.
2019-йилда жамоатчиликнинг норозилиги ва ЮНEСКОнинг мурожаатидан сўнг Президент девони асосий кўчалардаги барча қурилиш ишларини текшириш ва тегишли қонуний чоралар кўришни буюрди. 2020-йил январ ойида ICOMOS/WHC Мониторинг Миссияси Самарқандга ташриф буюрди. Шунга қарамай, ушбу кўчаларда улкан иншоотлар, шу жумладан, маданий мерос объектлари майдонида мисли кўрилмаган ғайрат билан янада юксакларга кўтарилмоқда.

Сурат манбаси, Diyora Rafiyeva
Очиғи, "Самарқанд - маданиятлар чорраҳаси" тушунчасидан оз нарса қолди. Музей-қўриқхонадаги булдозер кавлагичлари ва автокранларнинг шиддати одамни даҳшатга солади. Шу боис, 2023-йил октябр ойида Самарқандда бўлиб ўтадиган БМТ Бутунжаҳон туризм конгрессининг 25-сессияси арафасида ЮНEСКО Конвенциянинг 11-моддаси 4-бандига мувофиқ Самарқандни "Хавф остидаги Жаҳон мероси" рўйхатига киритиши зарур. Ўзбекистон ва халқаро ҳамжамият "Буюк умуминсоний қадрият"ни ҳимоя қилишга қодирлигини исботлаши, Самарқанд бренди ва у билан боғлиқ бўлган барча нарсаларни ўта иккиюзламачилик билан суистеъмол қилмаслиги керак.

Сурат манбаси, Diyora Rafiyeva

Сурат манбаси, Diyora Rafiyeva
Ҳукумат ўзининг самимий манфаатдорлигини ўзининг қатъий аралашуви ва давомий ҳаракатлари билан кўрсатиши керак. Биз ўзимнинг баъзи таклифларимни илова қиламиз. Молиявий институтлар ЮНEСКО ҳудудидаги қурилиш лойиҳаларини молиялаштирувчи ташкилотлар ва маҳаллий банклар билан ҳамкорликни қайта кўриб чиқишлари/қайта текширишлари керак. Биз бу борадаги фаол ёрдам ва идоралараро ҳамкорлик учун миннатдор бўлар эдик.
Самарқандни биргаликда сақлаб қолишга умид қиламиз!
Ҳурмат билан,
Диёра Рафиева, жамоат ҳуқуқи ва хавфсизлик бўйича ҳуқуқшунос ([email protected]) @samarkandcrossroadsofcultures.
Дмитрий Костюшкин, минтақавий эксперт
Илова 1
"САМАРҚАНД - МАДАНИЯТЛАР ЧОРРАҲАСИ" ДОИРАСИДА ЙИРИК ЛОЙИҲАЛАР
I.Университет хиёбони
Айни пайтда шаҳарда қолган ягона катта яшил ҳудуднинг фасадлари ортида қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Самарқанд давлат университетининг аутентик кампусларига қўшимча янги бинолар қурилмоқда. Ҳақиқий, сокин ва шинам ҳовлилар, шунингдек, дарахтлар йўқ қилинди. Маҳаллий ҳокимият органлари томонидан 1000-1500 кишига мўлжалланган бинолар қуриш учун 33 та уй-жой қурилишини бузиб, аҳолини кўчириш бўйича муҳокама ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Эски университет кампусининг муҳити ва руҳи деярли йўқолган.
Таъкидланишича, шаҳардаги энг йирик университетни кенгайтириш учун "жамоат эҳтиёжи" бор экан. Шу билан бирга, университет омбори ўрнида кўп қаватли тижорат турар-жой биноси қурилди. Бундан ташқари, яқин атрофдаги собиқ заводнинг ҳудуди (университет бинолари қурилиши мумкин бўлган бўлса-да) элита хусусий меҳмонхоналар учун ажратилди. Бошқа ҳуқуқий контекстларда ернинг бундай манипуляцияси тегишли органларнинг эътиборига тушиши мимкин эди.

Сурат манбаси, Diyora Rafiyeva
Ҳеч бўлмаганда гигант университетга Шаҳар тери ва венерология диспансерининг ҳудуди ҳам берилиши ҳақидаги миш-мишлар амалга ошмайди, деб умид қилиб қоламиз. Бундай қарорлар одамларнинг ўнлаб йиллар давомида ўрнатилган турмуш тарзини бузади. Яқинда эски шаҳарнинг маълум бир ҳудудга қарашли туғруқхоналаридан бири шаҳар чеккасига кўчирилди.
"Таълимни ривожлантириш" СамГу университетининг биология факултетини (ХIХ аср) четлаб ўтмади - бу маҳаллий дурдона биринчи аёллар гимназияси бўлган. Бу ердаги бир қаватли ўзига хос биноларни бузиб ташлаб, ўрнига икки ёки уч қаватли янги биноларни қуришга қарор қилинди. Муассасадаги қурилиш ишларини хитойлик уста бошқаради, у фақат ўз она тилида гапиради ва ишчилар билан Google таржимони орқали мулоқот қилади.
1969 йилда ушбу факултетда иссиқхона ташкил этилиб, унда 250 ноёб ўсимлик турларининг 1000 дан ортиқ намуналари тўпланган. 2011-2013 йилларда совуқ қишдан сўнг БМТТД Кичик грантлар дастури, Германия, Швейцария ва АҚШ элчихоналари кўмагида иссиқхона тўлиқ таъмирланиб, замонавий технологиялар билан жиҳозланди. Айни пайтда иссиқхонада яна эътиборсиз таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Ушбу "яшил маскандаги" ўсимликлар ҳолатини кўриб юрак эзилади. Хорижий донорларга алоҳида эслатишни истардикки, сиз ҳам ўз хиссадорларингиз ва солиқ тўловчилар олдида сиз молиялаштираётган лойиҳаларнинг аҳлоқийлиги учун масъулсиз.

Сурат манбаси, Diyora Rafiyeva
II.Тарихий кўчалардаги йирик турар-жой лойиҳалари
а) Самарқанд-Cити. Бузилган "Алпомиш/Қизил двигател" заводи (Маданий мерос миллий рўйхати) ва бир қатор хусусий уйлар ўрнида хусусий турар-жой ва ишбилармонлик массивлари учун кенг кўламли қурилиш ишлари олиб борилмоқда.
Ўзбекистон Миллий банки Вазирлар Маҳкамасининг 30.06.2017 йилдаги 450-сон қарорининг 6-бандига асосан лойиҳанинг "молиялаштирувчи бош ташкилоти" этиб белгиланган. Норматив ҳужжатда истисно имтиёзлар ҳам қонунийлаштирилади: инвестор деб аталадиган шахсга солиқ имтиёзлари, тендерларсиз ишлаш ва лойиҳани маҳаллий бюджет ҳисобидан шаҳарнинг коммунал инфратизилмасига улаш имконияти берилган.
б) Отатурк - Шоҳруҳ Мирзо чорраҳасидаги ХIХ асрга тегишли комплекснинг бузилиши. Бузилишидан олдин тарихий обидадан ижтимоий мақсадларда фойдаланилган: у милиция бўлими, шаҳар идораси, мусиқа мактаби ва болалар боғчаси бўлиб хизмат қилган. Бугунги кунга келиб, ушбу жойда тўққиз қаватли кўп қаватли уйлар ва меҳмонхона скелети мавжуд.
Кўриниб турганидек, оммавий қурилишдан олдин ҳеч қандай археологик текширув ўтказилмаган. Дастлабки маълумотларга кўра, бу ҳудудда маданий қатламлар орқали Амир Темур қалъасигача чуқур қазиб ўтилган.

Сурат манбаси, Diyora Rafiyeva
Миллий меросга ваҳшиёна муносабатда бўлишдан ташқари, 45-сонли мактабнинг кам қаватли бинолари яқинида улкан бинолар қурилган бўлиб, улар потенциал хавф туғдириши мумкин.
Шундай қилиб, юқоридаги лойиҳалар (иккаласи ёки алоҳида) қуйидаги ҳолатларга олиб келди:
1)миллий мерос объектларини йўқотиш. Сайёҳлар учун қулайликлар яратиш номи билан тарихий аҳамиятга эга объектларнинг йўқ қилиниши парадоксал ҳолатдир;
2)уларнинг ўрнида ЮНEСКОнинг қўриқланадиган ҳудудида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда;
3)жамоат жойлар майдони қисқартирилиб, хусусий тижорат манфаатларига бериляпти;
4)бюджетга тегишли инвестициялар тушуми етиб бормаяпти;
5)давлат бюджети маблағлари тадбиркорлик фаолияти учун инфратизилмани яратишга йўналтирилмоқда;
6)ҳудуднинг муҳим ижтимоий инфратизилмаси, унинг ўрнига янгиси яратмасдан, бузиб ташланган.
III.Эски шаҳарнинг гузарлари (маҳаллалари)

Сурат манбаси, Diyora Rafiyeva
Булар ўрта аср ёдгорликлари атрофидаги кўп асрлик шарқона маҳаллалар; уларда уйлар кўпинча авлоддан-авлодга ўтади. Ҳар бир уйда ўзига хос иқлим ва тарихимизга мос келадиган индивидуал анъанавий тартиб мавжуд. Бироқ, бугунги кунда одамлар ва режалаштирувчилар даромадни максимал даражада ошириш учун баланд қутилар қуриш орқали ҳудуд, тарих ва маданият меъёрларига шикаст етказмоқдалар. Иложи борича кўпроқ хоналари бор меҳмонхоналар уч ва ҳатто тўрт қаватли қилиб қурилмоқда. Ўрта асрлардаги Европа балкон ва деразалари бир-бирига ва/ёки қўшниларга қараган ҳолда қурилмоқда; ўсимликларга бурканган анъанавий ҳовлилар, томида беўхшов террасали ва кондиционерлар ёпиштирилган қутиларга алмаштирилмоқда. Қадимий шаҳарнинг жозибаси вайрон қилинмоқда.
Олдинги ҳукумат томонидан ёдгорликлар ва турар-жойлар ўртасида "хавфсизлик мақсадида" қурилган ажратувчи "Берлин деворлари" тарихий шаҳарнинг ўзига хослигини янада бузмоқда ва бундан кейинги ҳуқуқбузарликларни рағбатлантирмоқда. Бундан ташқари, шаҳардаги қадимий очиқ каналларнинг бир қисми (Маданий мерос миллий рўйхати), мутахассислар ва жамоатчиликнинг норозилигига қарамай, қувур билан ёпилиб, бетонлаштирилди; қирғоқларидаги дарахтлар йўқ қилинди.
Илова 2
САМАРҚАНДНИ ҚУТҚАРИШ БЎЙИЧА ШОШИЛИНЧ ТАДБИРЛАР
1. Конвенциянинг 11-моддаси 4-қисмига мувофиқ Самарқандни Хавф остидаги Жаҳон мероси рўйхатига киритиш.
2. ICOMOS/WHS Мониторинг Миссиясининг 2020-йил 12-16-январдаги Тавсияларига (603 рев., Ўзбекистон, 44 CОМ) қатъий риоя қилиш.

Сурат манбаси, Diyora Rafiyeva
3. Музей-қўриқхона ҳудудидаги ер ва мавжуд ноёб кўчмас мулк билан боғлиқ қурилиш, қазиш ва бошқа манипуляциялар зудлик билан тўхтатилиши шарт.
4. Маданий мерос агентлиги ҳузуридаги Илмий кенгаш зудлик билан қутисимон бинолар, террасалар, балконлар, баландлиги номутаносиб бўлган бинолар қуриш, анъанавий ҳовлиларни бузиш ва ҳоказоларга "тасдиқловчи" қарорлар чиқаришни тўхтатиши зарур. Аллақачон чиқарилган қарорларнинг аксариятини қайта кўриб чиқиш ва бекор қилиш керак. Бу, айниқса, гузарлар учун жуда муҳим. Шунингдек, лойиҳалар бўйича чиқарилган қарорлар хусусиятини инобатга олган ҳолда, Илмий кенгашнинг малакаси ва таркибини қайта кўриб чиқиш зарур.
5. Музей-қўриқхонани сақлаб қолиш бўйича Махсус қўмита/Ишчи гуруҳини бевосита Самарқанд шаҳрининг ўзида зудлик билан тузиш зарур. Қўмита қонунларнинг қўлланилишини аниқлаш, назорат қилиш, текшириш, тезкор чоралар кўриш ва ҳоказо ваколатларга эга бўлиши ҳамда у жамоатчилик ва давлат олдида жавобгар бўлиши керак. Ушбу қўмита қуйидагиларни ўз ичига олиши керак:
-давлат вакиллари (ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, парламент, Президент аппарати, Миллий мерос агентлиги ва бошқалар);
-Самарқанд ва хорижий мамлакатлардан танланган мутахассислар (архитекторлар, шаҳарсозлик бўйича мутахассислар, ҳуқуқшунослар, тарихчилар, археологлар ва бошқалар);

Сурат манбаси, Diyora Rafiyeva
-халқаро ташкилотлардан кузатувчилар (ЮНEСКО, БМТТД, ЕТТБ ва бошқалар).
6. Музей-қўриқхона кўринишига ва маданий меросни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунларга зид бўлган янги қурилган ноқонуний биноларни (уларнинг қисмларини) бузиш/қайта режалаштиришни таъминлаш.
7. Шаҳар учун бош режа мавжуд бўлмаган тақдирда, ҳеч бўлмаганда ЮНEСКО ҳудуди бўйича аниқ режа ва стратегия ишлаб чиқиш. Барқарор ва экологик жиҳатларни ҳисобга олиш керак.
8. Маҳаллий меъморлар учун аниқроқ кўрсатмалар тайёрлаш. Лойиҳалаштирувчи ташкилотлар учун тренинглар ўтказиш ва аҳолини барқарор режалаштириш ва миллий меросни сақлаш бўйича маълумотини ошириш зарур.
9. Молиявий институтлар учун:
-Самарқанд шаҳрининг тарихий қисмидаги лойиҳаларни молиялаштиришга катта эътибор бериш.
-Самарқанд шаҳридаги шубҳали лойиҳаларни молиялаштирувчи Ўзбекистон банклари билан ҳамкорликни қайта кўриб чиқиш;
-музей-қўриқхона объектларининг эксперт реставрацияси ва консервациясини қўллаб-қувватлаш.
NB!!! Юқоридаги фаолият онгли, чинакам мазмунли ва тўлақонли равишда,коррупция, қариндош-уруғчилик, "тепа"дан бўладиган ноўрин қўнғироқлар ва ҳоказоларга тоқатсиз ҳамда қонун устуворлигини таъминлаган ҳолда амалга оширилиши зарур.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.














