‘Нусхаси Ўзбекистонга қайтаётган “Девони Бобур”нинг баҳоси йўқ’

Сурат манбаси, BBC
"Бобур" халқаро жамғармасининг раиси Ҳиндистон томонининг Ўзбекистонга қилган икки ноёб туҳфасига оид янгиликка худди шу тариқа муносабат билдирди.
Сўз эса, улуғ шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг 1528 йилги қадим девони ва 1640 йилга мансуб "Шаҳзода Дори Шикоҳнинг тўй маросими" миниатюрасининг нусхалари ҳақида кетмоқда.
"Бу девоннинг қиммати йўқ. Чунки бу Бобур тириклик пайтида мужассамлашган девон бўлган. Мана, Истанбулда сақланади, Парижда сақланади. Ўша Деҳлидаги миллий музейнинг ўзида сақланади. Мен шуни айтмоқчиманки, Бобурнинг асарлари уммон, ҳали охирига етиб борганимиз йўқ", - дейди Зокиржон ака Машрабов Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида.
Расмий хабарларга кўра, бу икки ноёб асарнинг нусхаларига Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилигидаги ҳайъатнинг Ҳиндистонга сафари чоғида эга бўлинган.
Бу иш Ўзбекистон раҳбарининг ўзбк халқи тарихий ва маданий бойликлари намуналарини ортга қайтаришга оид топшириғи доирасида амалга оширилган.
Ўзбекистоннинг Деҳлидаги элчихонаси Ҳиндистон Миллий Музейи билан бу хусусда келишиб олган.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири бошчилигидаги ҳайъатнинг ташрифи чоғида эса, музей Бош директори Будҳа Рашми Мани ҳар икки ноёб аср нусхасини уларга расман топширган.
"Мен ҳам бу девонни кўрганман. Афсуски, олиш имконияти бўлмаган у маҳалда...Бундан 12-13 йил илгари. Мана, энди вақти келди, уни мукаммал ўрганамиз. Агарда, биз чоп этган девонларга нисбатан янгиликлар бўлса, бу - яна бир бор бутун Бобуршуносларнинг ғалабаси. Бир йилга қолмасдан, уни Бобур ихлосмандларига етказамиз", - дейди "Бобур" халқаро жамғармаси раиси.
Хабар тафсилотларидан маълум бўлишича, энди бу нусха-туҳфалар Ўзбекистон Давлат тарих музейидан жой олади.
"Девони Бобур"дан Заҳириддин Муҳаммад Бобур томонидан битилган рубоийлар ўрин олгани айтилади.
Ташриф ва музей
Деҳлидаги музей Ҳиндистоннинг энг йирик ва энг бой музейларидан бири бўлади.
Агар, айрим маълумотларга таянилса, бу музейдан Бобурийлар даврига мансублари дохил 200 мингдан ортиқ осори атиқа сақланади.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири бошчилигидаги ҳайъатнинг Ҳиндистонга уч кунлик расмий ташрифи 21 август куни бошланган.
Вазир Абдулазиз Комилов аллақачон ҳиндистонлик ҳамкасби билан учрашиб, музокаралар ҳам олиб борган.
Хабарларга кўра, томонлар ўзаро ҳамкорликларининг бугунги аҳволи, истиқболлари, долзарб халқаро ва минтақавий масалаларни муҳокама этишган.
Ўзбек ҳайъатининг, бундан ташқари, Ўзбекистон-Ҳиндистон бизнес-форуми ва бошқа қўшма тадбирларда ҳам иштирок этиши айтилган.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02












