Ўзбекистон: Нашид учун қамалган талабанинг онаси ИИВни ёлғон хабар беришда айблади, вазирлик рад қилмоқда O‘zbekiston Yangiliklar

Сурат манбаси, Jamoliddin Muhammadjon
YouTubeдан диний оҳангдаги қўшиқ - нашидни танишларига юборгани учун 3 йилга қамалган 21 яшар талаба Жаҳонгир Улуғмуродовнинг онаси ИИВни ўғлига нисбатан ёлғон ишлатиб, туҳмат қилишда айблади.
Вазирлик Би-би-сига Гулчеҳра Умаровaнинг даъволари асоссиз деб билдирди.
Тошкент вилояти ИИББ 10 май куни Жаҳонгир Улуғмуродов ишига расмий муносабат билан чиқди.
- Ўзбекистон: "Етимларни зўрлаган амалдорга уй жазоси, нашид юборганга 3 йил қамоқ" - адолат тарозиси савол остига олинмоқда
- Янгиликлар. Ўзбекистон: Диний қўшиқ учун 5 йилга қамалган Сардор Раҳмонқулов суд залидан озод қилинди
- Хоразмда зўрланган етим қизлар можароси – ЮНИСЕФ болалар ҳимояси вазирлигини очишни таклиф қилди
- Юрист Акмал Шаропов иши: ДХХ, «сохта» айблов ва гувоҳлар даъвоси – Ўзбекистон, Бухоро
Kun.uz нашри расмий баёнотдаги 3 нуқтага эътибор қаратган ва ушбу ҳолатлар айблов хулосасида йўқлиги учун уларни Улуғмуродовга нисбатан туҳмат бўлиб қолганини таъкидлаган.
Тошкент вилояти ИИББ 21 ёшли йигитни "Сурияда фаолият олиб бораётган "Тавҳид ва жиҳод катибаси" халқаро террористик ташкилот жангарилари томонидан тайёрланган маърузаларни интернет орқали тинглаши давомида уларнинг ғоявий таъсирига тушиш ҳамда ушбу ҳаракатларни қўллаб-қувватлашни бошлаган"лигини таъкидлаган.

Сурат манбаси, Facebook
"Ваҳоланки, суд ҳукмида ҳам, айбланувчининг яқинлари Kun.uz'га тақдим қилган, Янгийўл туман ИИБ терговчилари имзоси билан тасдиқланган айблов хулосасида ҳам бундай маълумот йўқ", деб ёзади kun.uz нашри.
ИИББ Жаҳонгир Улуғмуродовни "халқаро террористик ташкилот тарафдорлари сонини орттириш мақсадида интернет орқали "жиҳод" ва "шаҳидликка чорлов" маърузаларини ўзига таниш бўлган шахслар ва яқинлари орасида тарқатиш билан шуғулланган"лигини таъкидлаган.
Суд ҳукмида бундай маълумот йўқ. Кун.узга кўра, айблов хулосасида ҳам бу маълумотлар йўқ.
"Улар менинг ўғлимга туҳмат қилишган, ҳатто судда ҳам бу маълумотлар кўрсатилмаган. Баёнот берганларнинг фарзанди борми? Туҳмат қилишдан олдин Худодан озгина қўрқинглар", деган Гулчеҳра Умарова.
ИИВ матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсовнинг Би-би-сига айтишича, Гулчеҳра Умарованинг туҳмат дейиши асоссиз.
"Тезкор қидирув фаолиятига оид маълумотлар суд хукмида кўрсатилмайди. Ёлғон, туҳмат каби сўзлар асоссиз ишлатилган", дейилади расмий жавобда.
Жиноят ишлари бўйича Оққўрғон тумани суди Тошкент давлат Иқтисод унирверситетининг 2-курс талабаси Жаҳонгир Улуғмуродовни Жиноят Кодексининг 244¹-модда, 3-қисм, "г" банди бўйича, яъни диний қўшиқ, нашид тарқатганликда айбдор деб топиб, 3 йил озодликдан маҳрум қилганди.
Ушбу ҳукм ижтимоий тармоқда акс-садога сабаб бўлган.
Фикр билдирувчилар Ўзбекистондаги қонунлар оддий одамларга қаттиқ ишлаши ва амалдорларга келганда қонундаги енгил жазолардан фойдаланишга эътибор қаратган.
"Ўзбекистонда шаклланган адолатсиз тизимнинг рамзи: миллатдан миллионлаб доллар ўмарган ёки етимларни зўрлаган амалдорлар шартли жазоланаётган бир пайтда, оддий диний қўшиқ деб 3 йилга қамалиб кетган талаба ота-онасининг ҳолати", деб ёзди Сардор Салим Улуғмуродовнинг ота-онаси суд ҳовлисида кутаётган суратни келтириб.
Фаоллар Ўзбекистонда ёшларни экстремизмда айблаб қамаш ҳолатлари кўпаяётганидан хавотир билдирмоқдалар.
"Ўзбекистонда оммавий қамашлар учун энг кўп қўлланилган асос - "диний экстремизм", лекин, қонунчиликда "экстремизм"нинг таърифи йўқ ва бўлмаган ҳам. Жуда уникал холат. Экстремизм - тўлалигича хаёлий талқин қилинаётган ва реал инсонларнинг ҳаётига зомин бўлаётган тушунча", дейди таҳлилчи Камолиддин Раббимов.
Талаба Жаҳонгир Улуғмуродовнинг яқинлари бир нечта адвокат ёллаган ҳолда туман суди ҳукми устидан юқори инстанцияга апелляция берган.
Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002













