Россия, мигрантлар: ўзбек аёлини фоҳишаликка кимлар мажбурлади? Янгиликлар

мигрант аёл

Сурат манбаси, Taqdim

Ўқилиш вақти: 2 дақ

"Ишхонада ишлаймиз деб чақирганди, бунақа ишлигини билмагандим. Бугун ҳам ишга чиқасан деб мажбурлашаётганди", дейди муҳожир аёл уни қутқариш учун келган ҳуқуқ ҳимоячиларига.

Россияга ишлашга келган андижонлик Зилола (исми ўзгартирилган) 5 ой давомида фоҳишалик қилишга мажбурланган. Қаршилик билдирганида қаттиқ калтакланган, ўлдириш билан таҳдид қилинган.

Ўтган йилнинг ноябрида тирикчилик мақсадида йўлга чиққан 26 ёшли муҳожир аёл Россияда одам савдоси қурбони бўлди.

У қандай қилиб жинсий қулликка тушиб қолди?

Алоқадор мавзулар:

Зилола Москва аэропортларининг бирида икки нафар нотаниш одамлар кутиб олишганини айтади.

"Озарбайжон кафесида ишлаймиз деб чақирди. Кечки пайт соат 7-8 ларда келдим. Қора Мерседесда 2 одам кутиб олди. Кейин билсам, улар ака-укалар экан, шу иш билан шуғулланишаркан. Мен келган жойдан бошқа яна бир шунақа жой бор экан. Уларда ҳам ўзбеклар, андижонлик ва қўқонликлар ишларкан", гапириб берди Зилола.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Унинг айтишича, аёлни Москва вилоятида жойлашган, фоҳишахонага айлантирилган уйларнинг бирига жойлаштирилган. Келиши билан паспортини ўзбекистонлик бир аёл олиб қўйган ва ўз ихтиёрига қарши тарзда жинсий алоқага мажбурланган.

Подмосковьедаги уй

Сурат манбаси, Taqdim

Зилола қаршилик билдирганида унга нисбатан куч ишлатилгани ҳақида гапирди.

"Паспортимни олганидан кейин ишлайсан, деди. Мен "Нимага мени алдайсан, мен бу ишга келмагандим", дедим. 1-2 кундан кейин ишга чиқасан деб мажбур қилишди, уришди. Мен қочиб кетмоқчи бўлдим. Росаям қаттиқ урди.

Мени урган одамни "Дадам" дейишаркан. "Уриб ўлдираман мен сени" деб қўрқитишни бошлади.

Кейин у қиз "ишлайсан, сени 850 доллар қарзинг бор", деди. Россияга келиш учун олинган билетга шунча қарз ёзишган экан."

Зилоланинг гапириб беришича, 5 ой давомида бир неча бор бу ердан қочиб кетишга уринган, аммо уддалай олмаган. Рус тилини билмагани учун полицияга мурожаат қила олмаган. У қутилишга чора излаб, танишлари орқали Москвадаги ҳуқуқ ҳимоячиларининг телефон рақамини топган.

Мигрантлар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи юристлар полиция билан бирга у сақланаётган фоҳишахона жойини топишган.

иқтибос

"Аёл бизга мурожаат қилганидан сўнг, у сақланаётган ерга бордик ва полиция гуруҳини чақирдик. Бир-бир ярим соатларда участка бўлими нозири, Тергов қўмитаси ходимлари билан фоҳишахонага айлантирилган уйга кирдик. У ерда ўнга яқин ўзбекистонлик аёллар бор эди.

Полиция сўроқ-текширувлариларидан кейин Зилолани у ердан олиб чиқишга муваффақ бўлдик. Паспорти ҳам аёлнинг ўзига қайтарилди", дейди "Тонг жаҳони" халқаро нодавлат нотижорат ташкилоти мутахассиси Жалолиддин Рустамов.

Зилола жинсий қулликдан қутилгач, Ўзбекистонга қайтиб кетдими?

"Афсуски, унинг кейинги тақдиридан хабаримиз йўқ. Аммо ўша вақтда Москвада қолиб ишлаш ҳоҳишини борлигини айтгандилар", дейди юрист.

Шунингдек, ҳуқуқ ҳимоячиси ўзбекистонликларни Россияга ишлашга келишдан олдин диққатли бўлишга чақирди:

"Россияга ишлашга келаётганлар рус тилини энг камида гаплаша оладиган даражада ўрганиб келишлари керак. Иш бўйича ўртакаш эмас, иш берувчини ўзи билан гаплашиш, иш шароитларини олдиндан келишиш керак. Иш бор, деб чақираётган ҳар одамларга ишонманг. Айниқса, йўлкира ва ҳаражатларингизни кўтаришни ваъда қилишса, эҳтиёт бўлиш керак. Аксар ҳолларда танишларини ишга жойлаб, унинг учун пул оладиган одамлар бор. Олдиндан иш берувчи билан гаплашиб, меҳнат шартномаси билан танишиш хавфсизроқдир "

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002