Ўзбекистон: Акам ҳибсхонада калтакланганини айтяпти, расмийлардан чора кўришни сўраймиз – Даулетмурат Тажимуратовнинг укаси O‘zbekiston Yangiliklar

Сурат манбаси, Oliy sud
Адвокат ва журналист Даулетмурат Тажимуратовнинг укаси Ринат Тажимуратов Би-би-си билан суҳбатда акасининг Тошкентдаги ҳибсхонада калтакланганини даъво қилди.
Қорақалпоғистон воқеаларининг асосий фигуранти ўлароқ кўрилган Даулетмурат Тажимуратовнинг адвокати Сергей Майоров бундан бир неча кун аввал ўз мижозини сиёсий маҳбус ўлароқ тан олишга чақирганди.
Мамлакат президентига 18 апрель куни йўллаган видеомурожаатида адвокат Майоров мазкур қадам Тажимуратовнинг ҳимояси учун зарурлигини таъкидлаган.
У 6 апрель куни Тошкентга олиб келинган Тажимуратовга нисбатан суд ҳукми ҳали кучга кирмай туриб, у ҳибсхонада таҳқирга учрагани ҳақида гапирган.
Тажимуратовнинг укаси Би-би-си билан суҳбатда акасига нисбатан Зангиотадаги ҳибсхонада қўлланган эҳтимолий "қийноқлар ва ноинсоний муносабат" ҳақида батафсил сўзлаб берди.
"Оиласига хабар беришмади"
31 январь куни Бухоро вилояти судида ўтган маҳкамада Қорақалпоғистон воқеалари бўйича бир қатор судланувчиларга нисбатан суд ҳукми ўқилган.
Мазкур ишнинг асосий фигуранти ўлароқ кўрилган Даулетмурат Тажимуратов энг кўп муддат - 16 йилга қамалган.
Алоқадор мавзулар:
Март ойининг охирида Тажимуратов бошқа бир неча судланувчилар қатори суд қарори устидан апелляция шикояти берган.
Ишни апелляция инстанцияда кўриш учун у 6 апрель куни Бухородан Тошкентга кўчирилган.

Сурат манбаси, Skrinshot/YouTube
Тажимуратовнинг укаси эса Би-би-сига акасининг Тошкентга олиб кетилаётгани ҳақида оиласи олдиндан хабардор қилинмагани ҳақида гапирди.
"Бухорода ҳар шанба кўришишга рухсат беришаётганди. Ой бошида яна кўришга борсам, изоляторда акам йўқлигини айтишди. Бироз аниқлаштиришдан сўнг уни Тошкентга олиб кетишганидан хабар топдим", дейди Ринат Тажимуратов.
Кенжа Тажимуратов орадан 10 кун ўтгач, Тошкентга келиб, адвокат Сергей Майоров билан акасини ҳимоя қилиш борасида шартнома имзолагани, аммо 20 апрелгача ҳибсхонага киритилмаганини билдирди.
"Бир неча бор ҳаракат қилиб, акамни кўролмадим. Кейин Қорақалпоғистонга қайтдим. Ҳеч қанча вақт ўтмай, адвокатимиздан акамни изоляторда қийнашаётгани ҳақида эшитишим билан яна Тошкентга йўлга чиқдим", давом этади у.
Ринат Тажимуратовнинг сўзлашича, оила адвокати ўз мижози билан 18 апрель куни кўришган.
Шу куни Сергей Майоровнинг президент, ички ишлар вазири ва бош прокурор номига йўлланган видеомурожаати эълон қилинган.
Видеомурожаатда адвокат ҳимояси остидаги шахс ҳали суд қарори кучга кирмаган бўлса-да, Тоштурмада ҳам жисмоний, ҳам руҳий босимларга учраётгани ҳақида гапиради.
"Ҳукм кучга кирмаган - у шунчаки ҳибсга олинган шахс мақомида", дейди Майоровнинг ўзи Би-би-сига.
"Ҳаммасини атайин қилишяпти"

Майоров президентга мурожаатдан сўнг 20 апрель куни Ринат Тажимуратов билан бирга Тоштурмага киришга муваффақ бўлгани айтди.
Пайшанба куни акаси билан суҳбатлашганини айтган кенжа Тажимуратов эса Би-би-сига у ҳибсхонада ноинсоний муносабатларга дучор бўлаётгани, ҳатто, калтакланганини даъво қилди.
"Акамнинг айтишича, Тошкентга келган куниёқ уни 10 тача одам куч билан соч-соқолини олиб ташлашибди, уришибди ҳам. Бу ишларни тепасида Ж. исмли ходим турибди, деяпти. Агар менга ишонишмаса, кузатув камераларидаги ёзувларни текширишсин, деди".
Ринат Тажимуратовнинг сўзларига кўра, акаси, шунингдек, ювиниш ва ётиш шароитлари билан ҳам зарурий даражада таъминланмаган.
Шунингдек, у Даулетмурат Тажимуратов ҳибсхонада бошқа маҳбуслардан кўра ёмонроқ шароитда ушлаб турилганини таъкидлагани ҳақида гапирди.
"Ювинишга кирганда ҳам бошқаларга нормал ҳароратдаги сув, акамга эса гоҳ жуда қайноқ, гоҳ совуқ сув беришибди. Оқибатда, шамоллаб қолибди. Врач ҳам Гестапо ходимига ўхшайди, деяпти. Унга берилган дорилар номини қоидада кўрсатилгандек махсус дафтарга қайд қилишмабди", сўзлайди Ринат Тажимуратов.
Кенжа Тажимуратовнинг тилга олишича, акаси мазкур ҳолатлар юзасидан шикоят қилмоқчи бўлган, лекин ҳибсхона ходимлари бунга билвосита тўсқинлик қилган.
"Изоляторда шикоятлар қутиси бор экан. Акам бу таҳқирлар юзасидан омбудсман, бош прокурор, ИИВга арз қилмоқчи бўлибди, бироқ шикоятини қутига ўзи ташлашига рухсат беришмабди. Бизнинг қўлимизга беринг, ўзимиз ташлаб қўямиз, дейишибди. Шундан кейин акам ёзма арз қилиш қароридан воз кечибди".
"Акамнинг фикрича, унга атайин бундай муносабатда бўлишяпти. Сабаби камерадошларимда чойшаблар, бошқа керакли шароитлар билан муаммо йўқ, фақат менда шундай, деяпти. Айтганча, у билан кўришишимиздан бир кун олдин яна соч-соқолини мажбуран олиб ташлашга ҳаракат қилишибди, аммо акам бу сафар йўл қўймабди бунга", қўшимча қилади Ринат Тажимуратов.
У расмийлардан акаси тилга олган ходимнинг хатти-ҳаракатига нисбатан текширув ўтказишни сўрашини таъкидлади.
"Агар акамнинг гаплари ёлғон, деб ўйлашаётган бўлса, унда шунчаки камерани текшириб кўришсин".
Би-би-сида мазкур маълумотларни мустақил текширишнинг имкони йўқ ва таҳририят Даулетмурат Тажимуратовнинг ҳолатига оид расмий муносабатларга очиқ.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.














