Ўзбекистон: "Мени Қорақалпоққа бош этинг" - Нукус воқеаларининг асосий айбланувчилари ким эди?

Сурат манбаси, Gazeta.uz
Ўтган 28 ноябрдан буён Бухоро вилояти судида давом этиб келган маҳкама жамоатчилик учун кутилмаган натижалар билан якунланган - бир қатор судланувчилар суд залидан озод этилган.
Безориликдан тортиб конституциявий тузумга тажовуз қилишгача бўлган айбловлар илгари сурилган 22 судланувчининг 16 нафари 3 йилдан 16 йилга қадар озодликдан маҳрум этилган.
Қолган олти нафар шахс эса турли муддатларга озодликдан чеклаш ва синов муддати билан шартли жазо олган.
Ҳеч ким оқланмаган.
Мазкур жиноят ишининг асосий фигурантлари ўлароқ кўрилган Даулетмурат Тажимуратов энг кўп муддатга қамалган - 16 йил; Лолагул Каллихановага эса синов муддати берилган.
Би-би-си ўтган йилнинг 1-2 июль кунлари Қорақалпоғистон пойтахти Нукусда юз берган оммавий намойишларнинг юзи сифатида кўрилган бу икки инсоннинг фаолиятига қайта назар ташлади.
Адвокат, журналист ва блогер

Сурат манбаси, Skrinshot/Ijtimoiy tarmoq
Ўзбекистон ҳукумати 1979 йилда туғилган адвокат Даулетмурат Тажимуратовни Нукус воқеаларининг асосий ташкилотчиси ўлароқ кўриб келади.
Тажимуратов қорақалпоғистонликлар орасида катта обрўга эга - июль бошида Нукус кўчаларини тўлдирган намойишчиларнинг аксарияти уни ўз етакчиси, дея атаган.
Унгача маълум вақт қорақалпоқ тилида чиқувчи "Ел хызметинде" газетасини юритган.
У Ўзбекистон жамоатчилигига ўзининг суд даъволари ортидан танилган.
Тажимуратовнинг номи ўзбек тилидаги матбуотда 2019 йилда пайдо бўлган.
Ўшанда, адвокат ЗўрТВ телеканалида эфирга узатилган шоулардан бирида ёш болаларга ахлоқсиз саволлар берилганини даъво қилиб, канални судга бериш ниятини билдирган.
Тажимуратов билан боғлиқ навбатдаги шов-шувли ҳолат эса 2021 йилда таниқли хонанда Юлдуз Усмонова билан юз берган.
Қўшиқчини қорақалпоқ халқи шаънига мос келмайдиган сўзларни айтишда айблаган Тажимуратов судга арз қилган, кейинроқ даъвосини қайтиб олган.
Алоқадор мавзулар:
Шундан сўнг адвокат ижтимоий тармоқда фаоллаша бошлаган - ўзини мустақил журналист дея атаб, ўз номида очилган ва қорақалпоғистонликлар орасида оммалашган бир қанча саҳифаларни юритиб келган.
Ижтимоий-маиший характердаги масалалар бўйича қарашларини ўқувчиларига, асосан, видеомурожаатлар шаклида етказган.
2022 йил 24 июнь куни Жўқорғи Кенгес депутатлари Ўзбекистон Конституциясининг Қорақалпоғистон Республикаси суверенитетига оид 70-75-моддаларига ўзгартириш киритиш бўйича ўз таклифини илгари суриши ортидан Даулетмурат Тажимуратов тармоқдаги фаоллигини ошириб, ўзгаришларга қарши эканини таъкидлай бошлаган.
Ўшанда, Конституциявий қонун лойиҳасидан амалдаги Бош қомусда белгиланган Қорақалпоғистон халқи Ўзбекистон таркибидан умумий референдум асосида ажралиб чиқиш ҳуқуқига эгалиги билдирилган жумла олиб ташлангани кўплаб қорақалпоқларнинг норозилигига сабаб бўлган эди.

Адвокат Тажимуратов Нукус аҳли бош кўтарган 1 июлга қадар бир қанча видеомурожаатлар эълон қилиб, Жўқорғи Кенгес депутатларини "халқ розилигисиз" қарор қабул қилишда айблаган ва қорақалпоғистонликларни Менинг Конституциям портали орқали ўз фикрини билдиришга чақирган.
Бу вақт давомида Қорақалпоғистонда шаклланиб келаётган ижтимоий кайфиятни кузатган кўплаб журналист ва фаоллар Тажимуратовнинг омма орасидаги обрўси кескин ошиб бораётгани, конституциявий ўзгаришлардан норози аксар қорақалпоғистонликлар уни ўз етакчиси ўлароқ кўраётганига гувоҳ бўлган.
Намойишлар бошланганига қадар адвокат бир неча бор қорақалпоғистонликлар ўз норозилигини "тинч ва қонуний митинг" кўринишида билдириши лозимлигини таъкидлаган.
Шунингдек, Тажимуратов бошқа адвокатлар билан биргаликда Қорақалпоғистон раҳбарларига турли мурожаатлар тайёрлаганини ҳам билдирган.
1 июль куни тушдан кейин Тажимуратовнинг Нукусдаги масжид ёнида йиғилганларга мурожаати видеоси тарқалган.
Унда адвокат маҳаллий раҳбарлардан 5 июль куни кечки томон Жўқорғи Кенгес биноси олдида "тинч ва қонуний митинг" ўтказишга рухсат беришни сўраганини билдириб, одамларни ўзини етакчи ўлароқ кўришга чақиради.
"Қорақалпоғистоннинг озодлигини сақлаб қолиш учун тинч йўл билан, қонуний тартибда митинг қилиб, мени Қорақалпоққа бош этиб, изимдан юришингизни сўрайман", дейди видеода атрофдагиларнинг олқишига кўмилган Тажимуратов.
Шу куни соат 16.00 дан ўтганда тармоқда адвокат ҳуқуқ тартибот органлари томонидан қўлга олингани ҳақида хабар тарқалган - бунинг ортидан юзлаб нукусликлар шаҳарнинг марказий кўчаларига чиқиб, "Даулет!" дея қичқирганча, унинг озодлигини талаб қила бошлаганлар.
Кечга томон Жўқорғи Кенгеснинг ўша вақтдаги раиси Мурат Камалов билан намойишчилар орасида кўриниш берган Тажимуратов, кейинроқ, ҳибсга олингани маълум бўлган.
Ўзбекистон Олий суди Тажимуратовга нисбатан конституциявий тузумга тажозув қилиш, оммавий тартибсизликлар, жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш каби айбловларни илгари сурган.
31 январь куни эълон қилинган суд ҳукмида Тажимуратов ўзига белгиланган 16 йиллик қамоқ жазосининг дастлабки 2 йилини турмада, қолган қисмини қаттиқ тартибли колонияда ўташи кўрсатилган.
Бухорода икки ойдан сал кўпроқ вақт давом этган маҳкама жараёнини мунтазам кузатиб борган Gazeta.uz нашрининг ёзишича, Тажимуратов кўрсатмалари давомида ўзига қўйилган айбловларга қисман иқрор эканини билдирган, ҳукуматни ағдариш режасида бўлмаганини таъкидлаган ҳамда қўлга олинган вақтда калтакланганини даъво қилган.
"Сизга васиятим - озод эл бўлинг"

Сурат манбаси, Rasmiy
Журналист Лолагул Каллиханова Нукус воқеаларида юзага чиққан яна бир таниқли шахсдир.
1989 йилда туғилган Каллиханова Қорақалпоғистоннинг машҳур журналистларидан бири ўлароқ кўрилган.
Республикада оммабоп Makan.uz интернет нашри ва сайтнинг Телеграмдаги каналини юритиб келган.
2021 йилда "Шуҳрат" медали билан тақдирланган.
Каллиханованинг номи ўзбекистонлик ўқувчиларга 2020 йилда маълум бўлган эди.
Ўшанда, журналист Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгесига узоқ йил раислик қилган Муса Ерниязовнинг ўлими тўғрисидаги тасдиқланмаган хабарни улашиши ортидан бошқа ҳамкасблари қатори ярим тунда ўз уйидан олиб кетилганди.
Ўзбекистонда шов-шувга айланган мазкур ҳолат бўйича Би-би-си билан суҳбатлашган Каллиханова журналистларнинг ярим тунда ҳеч қандай огоҳлантиришсиз, мажбурлаб олиб кетилишини "қатағон вақтидаги манзара"га қиёслаган эди.
"Тўғри, мендан ҳам хато ўтди. Тасдиқланмаган хабарни бериб юбордим. Аслида, беришдан олдин учта манбадан тасдиқлатиб олишим керак эди. Бироқ соат 22.00 дан кейин бировнинг уйига бостириб бориш, қўлидан шахсий мулки бўлган телефонни юлиб олиш, ҳеч қандай ҳужжат кўрсатмасдан олиб кетиш ҳолатига нисбатан ваколатли органлар ҳуқуқий баҳо беради, деган умиддаман", деган эди у Би-би-сига берган интервьюсида.
Конституциявий ўзгартиришлар доирасида Қорақалпоғистоннинг суверен мақомига дахл этувчи таклифлар илгари сурилгач, Каллиханова ҳам бу борада ўз норозилигини оммавий билдира бошлаган.
Телеграмдаги Makan.uz каналида ўзгаришларга қарши инсонлар видеомурожаатлари ва чақириқларини эълон қилиб борган.
1 июль куни Нукусда оммавий норозилик намойиши бошланиши ортидан у каналда видеомурожаат қолдириб, "озодлик учун курашни давом эттириш"га чақирган.

Сурат манбаси, Skrinshot/Ijtimoiy tarmoq
"Бундай имкон келган пайтда қўлдан чиқарманг. Ўзбекистон таркибидан чиқинг. Сизларга васиятим ҳам, сўровим ҳам шу", дейди видеода журналист.
Мазкур видео эълон қилинганидан 10 дақиқа ўтгач Каллиханованинг яқинлари Би-би-сига унинг ДХХ олиб кетганини хабар қилган эди.
Кейинроқ, Каллихановага нисбатан ҳам конституциявий тузумга тажовуз қилиш, оммавий тартибсизликлар, жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш каби айбловлар қўйилган.
Бухорода ўтган маҳкамада Каллиханова айбига иқрор экани ҳақида гапирган.
"Ҳурматли суд қатнашувчилари, қилган қилмишимдан чин кўнгилдан пушаймон эканлигимни билдираман. Мен ўзимнинг сўнгги ўйламай қилган видеомурожаатим, Makan.uz сайти орқали чиқарилган материаллар орқали тинч халқни бузғунчиликка бошлаганимни, шунча одамнинг умрига зомин бўлганимни, қанчадан-қанча одам қамалганини яна терговга олиб келинганини англаб етдим", дея ундан иқтибос келтирган Gazeta.uz 14 январь куни.
31 январь кунги суд ҳукмида Каллиханова 8 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосига судланиб, жазо 3 йил синов муддати билан шартли деб белгиланиб, суд залида қамоқдан озод қилинган.
BBC.COM/UZBEK билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













