Янгиликлар: Нукус воқеалари асосий фигуранти Даулетмурат Тажимуратов сиёсий маҳбусми? Ўзбекистон Yangiliklar

Даулетмурат Тажимуратовни сиёсий маҳбус, деб тан олиш талаби янгради

Сурат манбаси, Ijtimoiy tarmoq

Сурат тагсўзи, Даулетмурат Тажимуратовни сиёсий маҳбус, деб тан олиш талаби янгради

Қорақалпоғистон пойтахти Нукусда юз берган оммавий намойишларнинг юзи сифатида кўрилган Даулетмурат Тажимуратовни сиёсий маҳбус, деб тан олиш талаби янгради.

Тажимуратовнинг адвокати Сергей Майоров Президент Шавкат Мирзиёевга мурожаат қилган ва ҳимоясидаги шахсни сиёсий маҳбус сифатида тан олиш кераклигини урғулаган.

"Ушбу ҳолатда уни шубҳасиз сиёсий маҳбус, деб тан олиш керак. Мен ҳозир сизни у айбдор деб топилган ишларни қилмаган деб ишонтирмоқчи эмасман. Мен унга сиёсий рақиб сифатида, ҳурмат билан муносабат кўрсатишни сўрайман", деган Майоров.

Адвокатнинг айтишича, Даулетмурат Тажимуратовни 6 апрел куни Тошкентга олиб келишган ва биринчи навбатда унинг сочини "кал қилиб" олиб ташлашган.

"Унга нисбатан суд ҳукми ҳали кучга киргани йўқ. У ҳозирча айби тасдиқланган ва ҳукм кучга кирган айбдор ҳисобланмайди. Бу қонунга зид эди", дейди у.

Сергей Майоров балки Тажимуратовга "чидаб бўлмас шароитлар яратиш бўйича тепадан буйруқ бўлгандир", дейди.

"Ётган камерада унга пахтаси йўқ, йиртилиб кетган эски матрас, сассиқ ёстиқ ва дабдала чойшаб беришган. Буларнинг ҳаммаси уни таҳқирлаш учун намойишкорона қилинмоқда. Уни тозалашга ишларига мажбурлашяпти. У камерасини тозалашдан бош тортмаяпти, аммо унга тозалаш учун на челак, на латта беришган".

Адвокатининг айтишича, Тажимуратов ётган камерага жиноят оламида "лохмач"лар деб билинадиган бу шафқатсиз жиноятчиларни киритишган.

"Унинг ёнига "лохмоч"ларни қўйишган ва улар унга жисмоний ва руҳий босим ўтказишмоқда. 6 апрел куни уни иш билан танишиш учун Олий судга олиб келишганда ва у ўз ҳуқуқини ҳимоя қилишга ҳаракат қилганида соқчилар унинг қўлларини қайириб, урган. Худди шундай дўппослашлар у ноқонуний ҳаракатлардан бош тортгани учун камерада ҳам содир бўлган", дейди у.

Сергей Майоров ҳукм нотўғрилигига ишонса-да, ҳали у кучга кирмасдан ва ҳали аппеляция маҳкамаси бўлмасдан, ҳукм нотўғри деб таъкидламоқчи ва тортишмоқчи эмаслигини урғулаган.

Тажимуратов

"Мен сиздан шуни сўрамоқчиман, нима бўлганда ҳам у сиёсий рақиб, яъни ҳукм бўйича у сиёсий рақиб, аслида эса у ватанпарвар. Қандайдир вақтдан сўнг, у билан шахсан таниш бўлганлар, бундан фахрланишади. Тергов изоляторидаги зобитлар ва уни таҳқирлаган соқчилар ўз жазосини олади, ҳеч бўлмаса ушбу ноқонуний ҳаракатларидан афсусланади. Жаноб президент, ҳали ҳукм кучга кирмасидан сиёсий маҳбус Тажимуратов Давлетмуратни таҳқирламасликларига топшириқ беринг", дейди Майоров.

Сергей Майоровнинг Би-би-сига айтишича, президентга мурожаат қилганидан сўнг у ва Даулетмурат Тажимуратовнинг укаси ҳимоясидаги шахс билан тергов изоляторида кўришган.

Майоров учрашув тафсилотларини кейинроқ айтишини маълум қилди.

Би-би-си Даулетмурат Тажимуратовнинг адвокати Сергей Майоров айтган гапларга расмийлардан муносабат олиш ҳаракатида.

Шу йилнинг 31 январ куни Нукус воеалари бўйича ўтган Бухоро вилояти судидаги маҳкама жамоатчилик учун кутилмаган натижалар билан якунланган - бир қатор судланувчилар суд залидан озод этилганди.

Безориликдан тортиб конституциявий тузумга тажовуз қилишгача бўлган айбловлар илгари сурилган 22 судланувчининг 16 нафари 3 йилдан 16 йилга қадар озодликдан маҳрум этилган.

Қолган олти нафар шахс эса турли муддатларга озодликдан чеклаш ва синов муддати билан шартли жазо олган.

Ҳеч ким оқланмаган.

Мазкур жиноят ишининг асосий фигурантлари ўлароқ кўрилган Даулетмурат Тажимуратов энг кўп муддатга қамалган - 16 йил; Лолагул Каллихановага эса синов муддати берилган.

Даулетмурат Тажимуратов - адвокат, журналист ва блогер

Ўзбекистон ҳукумати 1979 йилда туғилган адвокат Даулетмурат Тажимуратовни Нукус воқеаларининг асосий ташкилотчиси ўлароқ кўриб келади.

Тажимуратов қорақалпоғистонликлар орасида катта обрўга эга - июль бошида Нукус кўчаларини тўлдирган намойишчиларнинг аксарияти уни ўз етакчиси, дея атаган.

Унгача маълум вақт қорақалпоқ тилида чиқувчи "Ел хызметинде" газетасини юритган.

У Ўзбекистон жамоатчилигига ўзининг суд даъволари ортидан танилган.

Тажимуратовнинг номи ўзбек тилидаги матбуотда 2019 йилда пайдо бўлган.

Ўшанда, адвокат ЗўрТВ телеканалида эфирга узатилган шоулардан бирида ёш болаларга ахлоқсиз саволлар берилганини даъво қилиб, канални судга бериш ниятини билдирган.

Тажимуратов билан боғлиқ навбатдаги шов-шувли ҳолат эса 2021 йилда таниқли хонанда Юлдуз Усмонова билан юз берган.

Қўшиқчини қорақалпоқ халқи шаънига мос келмайдиган сўзларни айтишда айблаган Тажимуратов судга арз қилган, кейинроқ даъвосини қайтиб олган.

Шундан сўнг адвокат ижтимоий тармоқда фаоллаша бошлаган - ўзини мустақил журналист дея атаб, ўз номида очилган ва қорақалпоғистонликлар орасида оммалашган бир қанча саҳифаларни юритиб келган.

Ижтимоий-маиший характердаги масалалар бўйича қарашларини ўқувчиларига, асосан, видеомурожаатлар шаклида етказган.

2022 йил 24 июнь куни Жўқорғи Кенгес депутатлари Ўзбекистон Конституциясининг Қорақалпоғистон Республикаси суверенитетига оид 70-75-моддаларига ўзгартириш киритиш бўйича ўз таклифини илгари суриши ортидан Даулетмурат Тажимуратов тармоқдаги фаоллигини ошириб, ўзгаришларга қарши эканини таъкидлай бошлаган.

Ўшанда, Конституциявий қонун лойиҳасидан амалдаги Бош қомусда белгиланган Қорақалпоғистон халқи Ўзбекистон таркибидан умумий референдум асосида ажралиб чиқиш ҳуқуқига эгалиги билдирилган жумла олиб ташлангани кўплаб қорақалпоқларнинг норозилигига сабаб бўлган эди.

Адвокат Тажимуратов Нукус аҳли бош кўтарган 1 июлга қадар бир қанча видеомурожаатлар эълон қилиб, Жўқорғи Кенгес депутатларини "халқ розилигисиз" қарор қабул қилишда айблаган ва қорақалпоғистонликларни Менинг Конституциям портали орқали ўз фикрини билдиришга чақирган.

Бу вақт давомида Қорақалпоғистонда шаклланиб келаётган ижтимоий кайфиятни кузатган кўплаб журналист ва фаоллар Тажимуратовнинг омма орасидаги обрўси кескин ошиб бораётгани, конституциявий ўзгаришлардан норози аксар қорақалпоғистонликлар уни ўз етакчиси ўлароқ кўраётганига гувоҳ бўлган.

Намойишлар бошланганига қадар адвокат бир неча бор қорақалпоғистонликлар ўз норозилигини "тинч ва қонуний митинг" кўринишида билдириши лозимлигини таъкидлаган.

Шунингдек, Тажимуратов бошқа адвокатлар билан биргаликда Қорақалпоғистон раҳбарларига турли мурожаатлар тайёрлаганини ҳам билдирган.

1 июль куни тушдан кейин Тажимуратовнинг Нукусдаги масжид ёнида йиғилганларга мурожаати видеоси тарқалган.

Унда адвокат маҳаллий раҳбарлардан 5 июль куни кечки томон Жўқорғи Кенгес биноси олдида "тинч ва қонуний митинг" ўтказишга рухсат беришни сўраганини билдириб, одамларни ўзини етакчи ўлароқ кўришга чақиради.

"Қорақалпоғистоннинг озодлигини сақлаб қолиш учун тинч йўл билан, қонуний тартибда митинг қилиб, мени Қорақалпоққа бош этиб, изимдан юришингизни сўрайман", дейди видеода атрофдагиларнинг олқишига кўмилган Тажимуратов.

Шу куни соат 16.00 дан ўтганда тармоқда адвокат ҳуқуқ тартибот органлари томонидан қўлга олингани ҳақида хабар тарқалган - бунинг ортидан юзлаб нукусликлар шаҳарнинг марказий кўчаларига чиқиб, "Даулет!" дея қичқирганча, унинг озодлигини талаб қила бошлаганлар.

Кечга томон Жўқорғи Кенгеснинг ўша вақтдаги раиси Мурат Камалов билан намойишчилар орасида кўриниш берган Тажимуратов, кейинроқ, ҳибсга олингани маълум бўлган.

Ўзбекистон Олий суди Тажимуратовга нисбатан конституциявий тузумга тажозув қилиш, оммавий тартибсизликлар, жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш каби айбловларни илгари сурган.

31 январь куни эълон қилинган суд ҳукмида Тажимуратов ўзига белгиланган 16 йиллик қамоқ жазосининг дастлабки 2 йилини турмада, қолган қисмини қаттиқ тартибли колонияда ўташи кўрсатилган.

Бухорода икки ойдан сал кўпроқ вақт давом этган маҳкама жараёнини мунтазам кузатиб борган Gazeta.uz нашрининг ёзишича, Тажимуратов кўрсатмалари давомида ўзига қўйилган айбловларга қисман иқрор эканини билдирган, ҳукуматни ағдариш режасида бўлмаганини таъкидлаган ҳамда қўлга олинган вақтда калтакланганини даъво қилган.

BBC.COM/UZBEK билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek