Ўзбекистон: Опен бюджетчилардан 1,5 триллион, Мирзиёевдан 1,3 триллион сўм - O'zbekiston Dunyo Янгиликлар

Ташаббусли бюджет лойиҳаси учун Тошкент шаҳрида овоз тўплаб юрган қашқадарёлик йигит

Сурат манбаси, Gazeta.uz

Ўзбекистон фуқароларининг саъй-ҳаракатлари билан ўз муаммоларини ҳал этиш йўлидаги 2023 йилдаги биринчи ҳаракат натижалари аниқ бўлди: "Ташаббусли бюджет" кампаниясининг 1-мавсумида ғолиб деб топилганларга давлат бюджетидан 1,57 триллион сўм ажратилади, бунга қўшимча Президент Шавкат Мирзиёев кўрсатмасига биноан овоз беришда қатнашган, лекин ютиб чиқолмаган лойиҳаларга 1,3 триллион сўм бериладиган бўлди.

"Ташаббусли бюджет" мавсумини йилига икки марта уюштиришга қарор қилинган: март-апрель ва июль ойларида.

18 мартдан 7 апрелгача давом этган жараёнда 33680 та лойиҳа илгари сурилган, улар учун жами 16 миллион овоз тўпланган.

Алоқадор мавзулар:

Расман 1666 та лойиҳа ғолиб деб топилди, уларга 1,57 триллион сўм ажратишга қарор қилинди.

Хабар қилинишича, Қашқадарё вилояти, Яккабоғ тумани, Дархон Маҳалла фуқаролар йиғинидаги Бутасой қишлоғи энг кўп овоз тўплаган.

Бутасойликлар 20 кун ичида 25728 та овоз тўплашнинг уддасидан чиқдилар.

Энди Бутасой қишлоғининг 2,5 километрлик йўлини асфальт қилишга 1 миллиард 200 миллион сўм берилади.

Ўзбекистон Молиф ва иқтисодиёт вазирлиги хабар қилишича, Президент Шавкат Мирзиёев мавсумда қатнашган, 2000 дан ортиқ овоз тўплаган, лекин ғолиб бўлолмаган 1309 лойиҳа ижросига давлат бюджетидан қўшимча 1,3 триллион сўм ажратишга фармон берган.

Вазирлик хабар қилишича, ҳар бири 1500 дан ортиқ овоз тўплаган маориф, тиббиёт ва спортга бағишланган лойиҳалар таҳлил қилиб чиқилади, уларнинг ижроси 2024 йил бюджетига киритилади. Жами 164 мактаб, 30 болалар боғчаси, 32 тиббиёт муассасасини таъмирлаш, таъминлаш ва бошқа мақсадларига қўшимча 304 миллиард сўм ажратиладиган бўлди.

2023 йилдан Ўзбекистонда вилоят бюджети қўшимча даромадларининг 30 фоизчасини фуқароларнинг ўзлари сарфлашларига изн берилди.

Биринчи мавсумда ғолиб деб топилиб маблағ ажратиладиган лойиҳаларни шу йил июль ва август ойларигача якунига етказиш топшириғи берилган.

Ўзбекистонликлар "Опен бюджет" деб аташга ўрганган "Ташаббусли бюджет" тадбири 2021 йилдан бошланди.

Қишлоғи йўлини асфальтлаш ёки мактаби биносини таъмирлаш истагидаги маҳалла яшовчилари "Очиқ бюджет" портали орқали овоз тўплашлари талаб қилинади.

Овоз телефон рақами орқали берилади.

Опен бюджет тарғиботи

Сурат манбаси, Gazeta.uz

Битта телефон рақамидан бир марта овоз бериш мумкин.

Лекин бир неча мобиль телефон сим-картасини сотиб олиб, ўша рақамлар орқали бир неча овоз тўплаш мумкин.

"Ташаббусли бюджет" масаласига муносабатлар турличалигини кўриш мумкин.

Айрим фаоллар фикрича, давлатнинг ўзининг оддий вазифаси бўлган ишни одамлар вақт ва маблағларини сарфлаб бажаришга мажбур бўлмоқдалар.

Бошқа бир фаоллар фикрича, ушбу тадбир ўзбекистонликларнинг ўз ҳаёти, мамлакати ҳаётига дахлдорлигини оширишга ёрдам берадиган, сиёсий фаолликни кўпайтирадиган тадбирдир.

БМТ Тараққиёт Дастурининг Ўзбекистондаги вакиласи Матильда Димовска, бу нарса инсонларнинг муаммоларни ҳал этиш ва ҳаёт сифатини яхшилашга дахлдорлик ҳиссини кучайтиришга ёрдам беради.

Президент Шавкат Мирзиёев "Ташаббусли бюджетлаштириш амалиётини янада такомиллаштириш ҳамда фаол маҳаллаларни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорни имзолаган.

Ушбу қарорда "Ташаббусли бюджет" лойиҳаси учун раҳбарларнинг мажбурий овоз йиғиш бўйича ходимларга топшириқ беришлари тақиқланиши кўрсатилган.

Бундай ҳолат мажбурий меҳнатга жалб қилиш сифатида баҳоланади.

Open budget учун овоз тўплаш ва ғолибларни аниқлаш механизми танқидий кўриб чиқилиши хабар қилинди.

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002