Ўзбекистон: Ётоғига яширин камера ўрнатилган талаба қизлар энди нима бўлади? - Видео O‘zbekiston, Dunyo, yangiliklar

Қизлар ётоғига ўрнатилган кузатув камераси

Сурат манбаси, .

Ўқилиш вақти: 3 дақ

Ўзбекистон Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги Қўқон Давлат Педагогика институти раҳбариятининг ноқонуний ишини фош этган талаба қизлар ўқишдан ҳайдалмайди деб баёнот берди.

Вазирлик хабар қилишича, Қўқон Давлат Педагогика институтининг проректори ва яна уч масъул ходим ўз лавозимларидан бўшатилганлар.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Институтнинг бир ходимига интизомий жазо чораси қўлланилган.

"Вазирлик инсон шахсий ҳаётига ўзбошимчалик билан аралашиш, шахсий маълумотларни очиқлашга уриниш каби хатти-ҳаракатларни қаттиқ қоралайди, ушбу ҳолатни талаба-қизларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситиш деб баҳолайди. Ҳеч ким инсон эрки ва шахсий ҳаётига дахл қилишга ҳақи йўқ, деб ҳисоблайди. Шу ўринда, воқеа иштирокчиси бўлган қизларнинг тазйиқсиз таълим олишлари кафолатланади", деб баёнот берди Олий таълим вазирлиги.

Саида Мирзиёева иқтибоси

Сурат манбаси, .

Ўзбекистондаги маҳаллий нашрлар Ўзбекистон Президенти маъмуриятиининг Коммуникациялар ва ахборот сиёсати бўйича шўъба мудири Саида Мирзиёева Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Иброҳим Абдураҳмонов билан Қўқондаги ётоқхонаси ҳодисасини муҳокама этганлари ҳақида хабар тарқатдилар.

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан текширув давом этаётгани билдирилди.

Нима бўлган эди?

Қизлар ётоғига ўрнатилган кузатув камераси

Сурат манбаси, .

Kun.uz веб-сайтига Қўқон Давлат Педагогика институтининг талаба қизлари мурожаат қилганлар ва ўзларининг ётоқ хонасига институтнинг маъсул ходимлари яширин кузатув камераси ўрнатганини хабар қилганлар.

Ҳодиса 1 апрель шанба куни бўлган, қизлар бу камерани ўрнатган кишиларнинг иш жараёни ва ундан кейинги ривожланишларни фото ва видео тасвирга туширганлар.

Камера ўрнатувчилар кетишганидан кейин талабалар хона бурчагидагини қутини очиб ичини текширганлар.

128 GB лик хотира флеш дискида қизларнинг кийим алмаштирганлари видеоси ҳам тушиб қолганини кўрганини айтишган талаба қизлар.

Сўнг ушбу ҳодиса ҳақида 102 телефон рақами орқали Ички ишлар идорасига хабар берганлар, Ўзбекистон президенти порталига ариза ташлашган.

Қизлар ҚДПИ ректори ва проректорига шикоят қилганлари, икки раҳбарнинг гапи икки хил чиққанини айтишган Kun.uz веб-сайтига.

"Ректор саломимизга алик ҳам олгани йўқ. Бизни эшитиб, "яширин камера эканини қаёқдан билақолдинглар?" деди. Биз уни очиб мутахассисга кўрсатганимизни айтдик. "Хоналарингга ўрнатиб кетилган институтнинг мулкини очиб кўришга нима ҳақларинг бор? Балки ўзларинг ўрнатгандирсизлар", деб ўшқирди ректор бизга", - дейишди қизлар.

Институт проректори Ички ишлар идорасига мурожаат қилгани учун талабарга дашном берган.

"Талаба-қизларнинг айтишича, проректор бу ҳолатни шикоят қилган қизларни ушбу хонадан кўчириб, у ерга тарбияси оғир бошқа бир қизни жойлаштириш режа қилингани, лекин уларни кўчиришга улгурмай қолингани билан тушунтиришга ҳаракат қилган", деб ёзди Kun.uz.

ҚДПИ расмий муносабати

Сурат манбаси, ҚДПИ расмий муносабати

Сурат тагсўзи, ҚДПИ расмий муносабати саволларни янада кўпайтирди

Ҳодиса қатор веб сайтларда хабар қилинди, ижтимоий тармоқлардаги энг кўп муҳокама этилган мавзуга айланди.

Бунинг ортидан Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ва Қўқон Давлат Педагогика институти ректорининг муносабати эълон қилинди.

Қўқон Пединститутининг ҳодисага муносбат сифатида тарқатган расмий баёноти эса янада кўпроқ саволларни пайдо қилди.

Баёнотга кўра, қўлбола яширин камера ректорнинг буйруғига асосан қизларнинг хонасига ўрнатилган.

Бундан кўзланган мақсад - талабаларнинг психологик муаммолари билан ишлаш учун махсус хона ташкил этишга қарор қилинган, бу махсус хона талабаларнинг руҳий ҳолатини барқарорлаштириш, ўқиш жараёнидаги стресс ҳолатларнинг олдини олишга ёрдам беради, ўша хонага камера ўрнатилган.

Институтнинг баёнотига жамоатчилик ишонмади.

"Бунақа лағмонни бошқа жойда иласизлар. Қайси бет билан шунча ёлғонни тўқиш ва шунга одамларни ишонади, деб ўйлаш мумкин?", деб ёзди ҚДПИ ректорининг муносабати ишончсиз чиққанинини айтган Телеграмдаги Масофавий таълим канали.

"Вазирлик ва ҚДПИ берган 2 хил расмий муносабат математикага ҳам тўғри келмаяпти-ку? Ётоқхона олдида катта автомобил йўли борлиги сабаб талабалар хавфсизлигини ўйлаб тадбиркорларни жалб қилиб, ойна томонга қаратилган яширин радар ўрнатдик, деса бундан ишонарлироқ бўлар эди", - деб ёзди Тelegramʼдаги Ёшларни қўллаб-қувватлаш канали.

Кўплаб берилаётган саволлар орасида нега руҳий мадад хонасига кузатув камераси ўрнатиш керак, бунинг устига қўлбола камера, деган савол ҳам бор.

Яна нега талаба қизлар олдинроқ огоҳлантирилмаган-у, ўзлари арз қилганларидан кейин уларга изоҳ берилган?

Ва нега психологик профилактика хонаси институт биносида эмас, ётоқхонанинг айнан талаба қизлар яшайдиган хонасида бўлиши керак?

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002