Ўзбекистон: Аёллар мавзулари трендда, зўравонлик ва мажбурий меҳнат давом этаяптими? Янгиликлар O'zbekiston, yangiliklar

Сурат манбаси, FERUZABABASHEVA/FACEBOOK
- Журналистлар киритилмаган кенгаш
- Блогер аёл нега калтакланди?
- Зўравонликка қарши 16 кунлик кампания
Алоқадор мавзулар:
- Ўзбекистон: Ҳоким ўзига "ҳурматли" дея мурожаат қилмасликни сўради ва пойтахт ҳудудига ўтган Қибрай маҳаллалари
- Ўзбекистон: Мирзиёев Москвада, прокурорлар жазога тортилди, минглаб вакцина олмаганлар ишдан четлатилди ва ис гази қурбонлари
- Ўзбекистоннинг Афғонистондаги бош мақсади нима ва бензин тез кунда арзонлайдими?
- Кобул: Толибон дунёга куч-қудратини кўрсатиб қўйдими?
Журналистлар киритилмаган кенгаш
Шахсий ҳаётига оид видео ижтимоий тармоқларда тарқалган чирчиқлик депутат Феруза Бабашева 22 ноябрь куни Ўртачирчиқ туман Халқ депутатлари Кенгаши ёпиқ мажлисида прокурор тақдимномасига кўра дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилинди, аммо депутатлик мандати сақлаб қолинди.
Маҳаллий ОАВлар депутат Феруза Бабашевани "Агробанк" бошқарма бошлиғининг талабига биноан судда жавобгар сифатида иштирок этишини маълум қилган, аммо суд жараёнининг қачон ўтказилиши ҳозирча очиқланмаган.
Хабарларга кўра, Тошкент вилояти Ўртачирчиқ туман Халқ депутатлари Кенгаши мажлиси ёпиқ режимда бўлиб ўтган, унга журналист ва блогерлар киритилмаган.
ЎзХДП туман Кенгаши раиси Феруза Бабашева ижтимоий тармоқларга сиздирилган видеоларнинг қасддан тарқалишида, унга нисбатан таҳдид ва босимларда вилоят ички ишлар бошқармаси ходимларини айблаган эди.
Бунинг ортидан Тошкент вилояти ИИББ расмий муносабат билан чиққан.
Бошқарма "Хавфсиз тун" рейди вақтида олинган тасвирларни тарқатганларни аниқлаш ишлари бошланганини билдирган.
Би-би-си Ўзбек хизмати орада тасвирларнинг ижтимоий тармоқларга қандай қилиб сизгани, бу хусусда ИИВ ички қонун ва тартибларида нима дейилиши ҳамда масъул, деб топилган шахсларга нисбатан айнан қандай жазо чоралари кўзда тутилганига оид саволларга ойдинлик киритишга уринди.
Аммо Ўзбекистон ИИВ матбуот хизматига юборилган ёзма мурожаатдаги саволларга ҳалича жавоб олиш имкони бўлмади.
Блогер аёл нега калтакланди?

Сурат манбаси, facebook
Ўзбекистонда депутат аёл билан боғлиқ можаролар ортидан яна бир аёлга оид хабарлар тарқалди.
Маҳаллий нашрлар Андижонда блогер Фатима Жўраеванинг калтакланганини ёритди ва Бош прокуратура мазкур ҳодиса юзасидан баёнот берди.
"Аниқланишича, 22 ноябрь куни блогер Фатима Жўраева Улуғнор тумани ИИБга мурожаат қилган.
Ф.Жўраева ўз мурожаатида туман электр тармоқлари корхонаси бош ҳисобчисидан ўзи ҳуқуқшунос сифатида ишлаб келаётган фермер хўжалигига электр энергиясидан қарздорликни сунъий равишда оширилганлиги бўйича тегишли ҳужжатларни беришини талаб қилганлигини билдирган.
Шунда корхона бош ҳисобчиси унга қўпол муносабатда бўлиб, уни ҳақорат қилиб, қўли билан унинг юзига урганлигини ва қўл телефонини синдириб юборганлигини баён қилиб, айбдор корхона ходимларига нисбатан қонуний чора кўришликни сўраган", - деб ёзилади баёнотда.
Расмий маълумотга кўра, блогер аёлнинг мурожаати бўйича туман ИИБ томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Жўраеванинг олган тан жароҳатларини оғирлик даражасини аниқлаш мақсадида суд-тиббий экспертизаси тайинланган.
Текширув ҳаракатлари Бош прокуратура томонидан назоратга олинган.
Зўравонликка қарши 16 кунлик кампания

Сурат манбаси, facebook
Ўзбекистонда "Гендер зўравонликка қарши 16 кунлик фаол ҳаракатлар" кампанияси эълон қилинди.
Сенат матбуот хизматининг хабар беришича, мазкур кампания 25 ноябрдан "Зўравонликка қарши биргаликда курашамиз" шиори остида бошланади.
22 ноябрь куни бўлиб ўтган тадбирда Олий мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева сўзга чиқиб, Ўзбекистонда аёлларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш, зўравонлик қурбонларини реабилитация қилиш бўйича амалга оширилган чора-тадбирлар бўйича ҳисобот берган.
"Шу билан бирга, жамиятимизда хотин-қизларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари учраб турибди, бундай холатларни энди яшириб бўлмайди. Аммо баъзи опа-сингилларимиз ўзлари билан содир бўлган зўравонлик ҳолатларини ошкор қилмасликни афзал кўришларини ҳам яхши биламиз", — деб айтган Танзила Норбоева ўз нутқида.
Олий мажлис Сенатининг Ахборот хизмати маълумотларига кўра, жорий йилнинг май ойида Ўзбекистон президентининг "Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган хотин-қизларни реабилитация қилишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори қабул қилинган.
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳузурида 29 та аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш маркази ташкил этилган.
Шу вақтгача реабилитация марказлари нодавлат нотижорат ташкилоти сифатида фаолият юритиб келган бўлса, эндиликда уларнинг фаолияти тўлиқ Давлат бюджети ҳисобидан молиялаштирилиши белгиланган.
"Тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган, ўз жонига суиқасд қилган ёки шунга мойиллиги бўлган хотин-қизлар билан ўзаро алоқа ўрнатиш ва тезкор руҳий, психотерапевтик, ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, маслаҳат бериш ва ахборот тақдим этиш мақсадида "1146" Ишонч телефони AZIZ-AYOL.UZ ягона интерактив миллий платформаси билан мувофиқлаштирилди", - дейилади парламент юқори палатаси хабарида.
Меҳнат ҳуқуқи ҳисоботи

Сурат манбаси, YELENAURLAYEVA
Ўзбекистонда мажбурий меҳнатнинг турли кўринишлари давом этмоқда. Бу ҳақда Меҳнат вазирлиги ҳисоботида сўз юритилди.
"Давлат меҳнат инспекцияси томонидан мажбурий меҳнатга ва болалар меҳнатига қарши курашиш борасида ҳам тизимли ишлар амалга оширилган", дейилади ҳисоботда.
Келтирилган рақамларга кўра, жорий йилнинг 10 ойида мажбурий меҳнатга йўл қўйган 62 нафар мансабдор шахсга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-моддаси билан 736,1 млн сўм миқдорида жарима қўлланилган.
18 та ҳолатда юқори турувчи ташкилотларга тақдимномалар ҳамда 1 та ҳолатда ҳужжатлар суд органларига, 4 та ҳолатда прокуратура органларига киритилган.
Пахта йиғим-терими мавсумида жами 13 419 та мониторинглар олиб борилган бўлиб, меҳнат қонунчилигини бузганлиги учун 65 нафар мансабдор шахсга жами 198,4 млн сўм миқдорда маъмурий жарима тайинланган.
АОКАда бўлиб ўтган брифингда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Мавжуда Мирзаева мажбурий меҳнатни олдини олиш, меҳнатни муҳофаза қилиш ва аҳоли бандлиги масалалари юзасидан маълумот берди.
Брифингда қайд этилишича, ўтган 10 ой мобайнида Давлат меҳнат инспекциясига келиб тушган 20 814 та мурожаатнинг 10 441 тасида қонунбузилиши ҳолатлари аниқланган.
Шунингдек, Халқ таълими тизимида 8386 та ҳолатда меҳнатни муҳофаза қилиш талаблари бузилгани маълум қилинган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














