Ўзбекистоннинг Афғонистондаги бош мақсади нима ва бензин тез кунда арзонлайдими? — янгиликлар, O'zbekiston, yangiliklar
- Абдулазиз Комилов Ўзбекистоннинг Афғонистон бўйича сиёсати ҳақида гапирди;
- Тошкентда жамоат транспортидаги тегажоғликка қарши ҳаракат бошланди;
- Свет ўчиши пойтахтда ҳам одатий ҳолга айландими?
- Антимонополия қўмитаси вакили тез кунда бензин нархи ўзгаришини айтди;

Сурат манбаси, Euractiv
"Афғонларни ёлғизлатиб қўймаймиз"
"Ўзбекистон Афғонистон билан муносабатларда ўзаро ҳурмат, тенглик, ички ишларга аралашмаслик ва икки томонлама манфаатларни ҳисобга олиш тамойилларига асосланган дўстона сиёсатни илгари сурмоқда".
Брюсселда Euractiv медиа-порталига интервью берган Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов мамлакатнинг Афғонистон бўйича янги сиёсатининг айрим жиҳатларига тўхталиб ўтган.
Комиловнинг сўзларича, ўнлаб йиллар давом этган уруш Ўзбекистон-Афғонистон алоқаларига путур етказган.
Алоқадор мавзулар:
- Кобул: Толибон дунёга куч-қудратини кўрсатиб қўйдими?
- Ўзбекистон янгича мустамлакачилик таҳдиди остидами? Россия, Хитой... дунё ва сиёсат (видео)
- Ўзбекистон афғон аэропортини таъмирлайди, Россиядаги ёнғинда куйган муҳожирлар ва собиқ соғлиқни сақлаш вазири қаерга ўтказилди? – Янгиликлар
- Ўзбекистон – Россия. Қатнов муаммолари ҳамон долзарб: Йўловчилар нега кўчада қолишаяпти?
Юзага келган минтақавий ва халқаро хавфсизликка таҳдид эса Марказий Осиё дохил кенг майдонни инвестиция ва иқтисодий истиқболлардан маҳрум этган.
Ташқи ишлар вазири, шу сабабдан, Афғон инқирозига тинч ечим топиш Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатдаги энг муҳим вазифаларидан бири бўлиб келганини таъкидлаган.
"Ўзбекистон Толибон ҳаракати билан ҳали 1990 йиллардаёқ ишчи алоқалар ўрнатган ва Дохадаги тинчлик жараёни бошланишига амалий ҳисса қўшган. Буларнинг бари Ўзбекистоннинг Афғон муаммосини юмшатишда ўзига хос ролга эга бўлишига замин яратди", - деган Абдулазиз Комилов.
У, шунингдек, муваққат Толибон ҳукуматининг халқаро миқёсда тан олиниши жаҳон ҳамжамиятига Афғонистоннинг янги расмийлари билан конструктив мулоқот ўрнатишда "ҳақиқий имконият" яратишини билдирган.
Мавжуд қийин бир вазиятда "афғонлар ёлғизлатиб қўйилмаслиги лозимлиги"ни таъкидлаган Комилов мамлакатдаги инсонпарварлик билан боғлиқ ҳолатни "ҳалокатга яқин" дея тасвирлаб, дунё ҳамжамияти мамлакатга кўмак қўлини чўзиши зарурлигига ишора қилган.
"Бирламчи қадамлар ўлароқ, жаҳон ҳамжамияти Афғонистоннинг халқаро активлари музлатилишини бекор қилиш, санкцияларни олиб ташлаш ва мамлакатнинг бутун банк тизимини қайта тиклашда самарали ёрдам бериш йўлидаги барча зарур имкониятларга эга эканига ишонамиз", сўзлаган Комилов Брюсселда берган интервьюсида.
Ўзбекистон Афғонистонга инсонпарварлик кўмаги юборишда биринчилардан бўлганини эслатган ташқи ишлар вазири расмий Тошкентнинг бирламчи мақсади нима эканига ойдинлик киритган.
"Таъкидлаб ўтишим жоиз, Ўзбекистон томони мазкур барча ҳаракатларни бир мақсад билан амалга оширмоқда - афғонларга миллий иқтисодиётни тиклаш ва мамлакатнинг вайроналик жарлигига қулаши олдини олишда ёрдам бериш".
Бир вақтнинг ўзида Абдулазиз Комилов расмий Тошкент муваққат Толибон ҳукумати инклюзив ҳукумат тузиш, фундаментал инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳурмат қилиш, халқаро терроризм ҳамда наркотрафикка қарши курашиш дохил берган ваъдалари ва халқаро мажбуриятларини бажаришидан умид қилишини тилга олган.
"Бошқа давлатларга Афғонистон ҳудудидан, ҳатто, заррача таҳдид ҳам келмаслиги шарт", таъкидлаган у.
Фроттеризмга қарши кураш

Сурат манбаси, BBC O'zbek
Тошкент шаҳрида бир гуруҳ кўнгиллилар жамоат транспортларидаги тегажоғлик ва бошқа безориликларнинг олдини олиш ҳамда қарши курашиш бўйича лойиҳани ишга туширди.
Махсус лойиҳанинг frotterizm.uz номли сайтида кўнгиллилар "Тошшаҳартрансхизмат" АЖ билан ҳам ҳамкорлик қилаётгани билдирилган.
Лойиҳа сайтида "фроттеризм" тушунчасига шундай изоҳ берилган:
"Фроттеризм - французча "ишқалаш" сўзидан олинган бўлиб, одам (кўпинча эркак) ўз қурбонига ишқаланади ва гавжум жойларда, кўпинча жамоат транспортида кийим орқали тегинишга ҳаракат қилади. Асосан, аёллар ва болалар бундай таъқиблар қурбони бўлишади".
Йил давомида жамоат транспортида ёш қизчага беҳаё қилиқлар қилган эркак ва бир қанча аёлларга шилқимлик қилган хусусий таксичи дохил тегажоғлик ҳолатлари борасида хабарлар чиққан эди.
Лойиҳа муаллифларининг таъкидлашича, уларнинг асосий мақсади бундай муаммо юзасидан аҳолининг хабардорлигини ошириш, фроттеризм ҳолатлари олдини олиш ва тегажоғликка учраган инсонларни жим турмасликка ўргатишдир.
Тошкентда ҳам ўчган свет

Сурат манбаси, Энергетика вазирлиги
16 ноябрь куни пойтахтнинг Яшнобод туманидаги бир қанча мавзелар аҳолиси камида 6 соат электр энергияси таъминотисиз қолган.
Ижтимоий тармоқда аксарият янги қурилган турар-жой яшовчилари чироқсизлик ортидан ичимлик суви таъминотисиз ҳам қолиб кетганликларини хабар қилганлар.
Туман ҳокимлигининг маълум қилишича, муаммога подстанциялардан биридаги кабель канали кеч соат 18:00 да ёниб кетгани сабаб бўлган.
Кабель каналининг ёниб кетишига мамлакатнинг бошқа ҳудудларида йиллардан бери кузатиб келаётган омил - катта кучлама туртки берган.
Энергетика вазирлигининг тунги соат 23:47 да қолдирган хабарида аварияга қарши махсус бригада ушбу носозликни бартараф этаётгани, электр энергияси таъминоти босқичма-босқич тикланаётгани маълум қилинган.
Бензин арзонлайдими?

Сурат манбаси, АОКА
Йил бошидан нархи энг кўп даражада қимматлашган ноозиқ-овқат маҳсулотларидан бири ўлароқ кўрилган бензин яқин кунларда арзонлашиши мумкин.
16 ноябрь куни ўтган брифингда Монополияга қарши курашиш қўмитаси раиси ўринбосари Фаррух Қорабоев "яқин 10 кунлик ичида" бензин нархларида ўзгариш бўлишини маълум қилган.
Мулозимнинг бу хабари охирги кунларда одамлар норозилигига сабаб бўлаётган бензин нархлари қимматлашиши фонида янграган.
Қорабоевнинг билдиришича, бензин нархлари ошишида "манипуляция ҳолатлари, арзон нархдаги бензинни сунъий равишда аннулация қилиш аломатлари" аниқланган.
"Бензин нархини барқарорлаштириш, тушириш бўйича ҳаракатлар давом этяпти, бу вақт талаб қиладиган масала. Лекин яқин кунларда нархларда ўзгариш бўлади", билдирган Антимонополия қўмитаси вакили.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek















