Ўзбекистон – Россия. Қатнов муаммолари ҳамон долзарб: Йўловчилар нега кўчада қолишаяпти? Rossiya, O‘zbekiston, kovid, dunyo, yangiliklar

Toshkent

Сурат манбаси, BBC UZBEK

    • Author, Соҳиба Ҳаёт
    • Role, Би-би-си, Москва

"Ўзбекистонда авиабилетлар қиммат, чартерлар рейслар ишончсиз, лоукостерлар йўқ, поезд қатнамаяпти", - ўзбекистонликлар ишлаш учун ҳамон Россияга кела олишмаяпти.

  • Жадвалда йўқ рейсларга билетларни ким сотган?
  • Чартер рейслар неқадар ишончли?
  • Лоукостерни қанча кутамиз?
  • Президент айтса ҳам тушмаётган нархлар.

Алоқадор мавзулар:

Муаллифдан, бу ҳам қизиқ:

Ўзбекистонда ноябрь ойи бошида бир хафтанинг ичида 3 та рейснинг 700 га яқин йўловчиси аэропортларда тўпланиб қолишган. Улар 3 ноябрь куни Тошкент - Истанбул, 4 ноябрь куни Ургенч - Москва, Навоий - Москва ва Навоий - Санкт-Петербург йўналишидаги рейсларда учиш учун чипта олишган. Аммо мазкур рейслар белгиланган вақтда учмаган.

"Uzbekistan Airports" Акциядорлик жамияти мазкур ҳолатни рейсларнинг парвозлар жадвалига киритилмагани билан изоҳлаган.

Жадвалда йўқ рейсларга билетларни ким сотган? Чипталарга куйган йўловчиларнинг пуллари қайтариладими?

Аэропорт

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM

Қатнов муаммоси қандай бошланди?

Пандемия тарқалиши ортидан карантин чекловларининг бошланиши Россия - Ўзбекистон орасида қатновчи минглаб йўловчиларни оғир вазиятга туширди. Аввалига йўллар бутунлай ёпилди. Чекловлар юмшатилгач, фақат парвозлар орқали қатновлар йўлга қўйилди.

Айни пайтда 20 га яқин авиакомпаниялар Россия - Ўзбекистон йўналишида ҳаво қатновларини амалга оширмоқда. Улар орасида 6 таси мунтазам, 10 га яқини чартер рейслардир.

Пандемия даврига қадар Ўзбекистонда чартерлар деярли йўқ эди. Карантин чекловлари айниқса, Россиядаги ўзбекистонлик мигрантлар луғатига ва ҳаётига чартер рейсларни киритди.

Мунтазам рейсларга Тошкент Москва йуналишидаги ўртача нарх карантинга қадар 100 - 120 долларни ташкил қилган бўлса, чекловлар даврида ўн баробар ошиб, 1200 долларгача кўтарилиб кетди.

"Одамлар Россияга ишлашга келиш учун мажбурликдан 80 минг рублга ҳам билет олишди. Йўллар қачон очилиши номаълум, "уйда ишсиз ўтиргандан кўра, бир-икки ой ишласам йўлкирам қопланиб кетади, қолгани даромад дейишарди" - дейди Москвадаги авиакассаларнинг бирида иш юритувчи Фарҳод Умурзоқов.

2021 йилнинг апрелидан бошлаб Россия - Ўзбекистон орасида ҳаво қатновлари эркинлашиб, мунтазам рейслар тиклана бошланди.

Авиакасса ходимининг сўзларига кўра, чипталар нархлари июнь сўнгига бориб туша бошлаган.

"Мижозларимизнинг катта қисми меҳнат муҳожирлари. Улар кўпроқ чартерларга чипта олишни танлашаяпди, чунки чартерларда нархлар мунтазам рейсларга кўра 1000 рублдан 3000 рублгача арзонроқ. Аммо уларда интизом яхшимас, ўриндиқлар сонига тўла одам йиғилмаса, учмай ҳам, кечиктириб ҳам қолдирилаверади" - дейди кассир.

Учмай қолган рейсларнинг пуллари қайтариладими, деган савол ўртага чиқади.

"Авиакомпаниялар қайтаради, аммо ҳужжат ишлари бироз вақт олади" - дейди суҳбатдошимиз.

Чартер рейсларнинг бекор қилиниши ёки қолдирилиши асосан етарли миқдорда йўловчининг тўпланмагани билан боғланарди. Ўзбекистонда ноябрь ойи бошидаги кетма-кет уч рейснинг белгиланган вақтда учмай қолишини аэропортлар масъуллари рейсларнинг жадвалга киритилмагани билан изоҳланган.

150 дан 400 долларгача билет олган йўловчилар муаммоси қандай ҳал этилди?

Жадвалда йўқ рейсларга билетларни ким сотган?

Аэропорт

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM

3 ноябрь куни Истанбулга учиш учун чипта олган 227 йўловчи Тошкент аэропортида тўпланишган.

"Uzbekistan Airports" йўловчилар чиптасида кўрсатилган рейс жадвалда йўқлигини билдирган ва йўловчиларга чипталарни "Asialuxe Travel" туристик ширкати сотганлигини маълум қилган.

"Asialuxe" бу вазиятни расмий сайтида изоҳлаган ва юзага келган ноқулайлик учун йўловчилардан узр сўраган.

Шу куннинг ўзидаёқ Uzbekistan Airways янги рейс ташкил қилган ва 227 йўловчининг манзилига етиб бориши таъминланган.

4 ноябрь куни эса Урганч аэропортида 290 нафар йўловчи iFly Airlines авиакомпанияси рейсида Москвага учиш учун йиғилишган.

"Uzbekistan Airports" бу рейснинг ҳам парвозлар жадвалида мавжуд бўлмаганини билдирган. Йўловчилар чипталарни "Авиамаркет" компаниясидан сотиб олишганини маълум қилишган.

"Урганч" аэропорти маъмурияти "Авиамаркет" билан боғланган.

Аниқланишича, компания Ўзбекистон транспорт вазирлиги билан парвозни келишмаган ва керакли ҳужжатларни тайёрламаган, дея баёнот берган "Uzbekistan Airports" АЖ.

8 ноябр куни "Навоий" халқаро аэропортига Россиянинг iFly Airlines авиакомпаниясининг Навоий - Москва ва Навоий - Санкт-Петербург йўналишидаги рейслари учун чипта олган 200 киши йиғилган. Бироқ бу рейслар ҳам парвозлар жадвалида бўлмаган.

Йўловчиларнинг сўзларига кўра, авиачипталарни Самарқанд, Бухоро ва Урганч шаҳарларида жойлашган "Восток Бухоро" компаниясининг турли бўлимларидан сотиб олишган.

"Навоий" аэропорти ходимлари чипталарни сотган компания билан боғланиб, вазиятни ҳал этишни талаб қилишган. Компания вакиллари барча йўловчиларнинг чипта учун пулларини қайтариб беришларини айтишган.

"Uzbekistan Airports" Телеграмдаги расмий каналида юқоридаги уччала ҳолатдаги расмий баенотида акциядорлик жамиятининг авиачипталарни сотишга алоқаси йўқлигини таъкидлаган.

Ўзбекистон iFly Airlinesни "жазолади"

Аэропорт

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM

Жадвалга киритилмаган рейсларга чипталар сотиши ортидан Россиянинг iFly Airlines авиакомпанияси чартер рейсларининг Ўзбекистонга парвозлари вақтинчалик чекланди.

Транспорт вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўра, октябрь ойида "Узавиация" агентлиги (Ўзбекистон аэропортларига чартер рейсларини ташкил этиш бўйича ваколатли ташкилот -таҳр.) iFly Airlines авиакомпаниясига агентлик рухсатисиз чипталар сотишни тўхтатишни талаб қилиб хат юборган. Аммо, шунга қарамай, ташувчи авиачипталарни сотишни ташкил қилди.

"Ўзавиация агентлиги Россиянинг iFly Airlines авиакомпаниясига нисбатан Ўзбекистонга парвозларни вақтинчалик тақиқлаш тарзида санкциялар киритди" - дейилади хабарда.

"Агар авиакомпания талабларни бузишда давом этса, унга берилган эксплуатация учун рухсатномалар бекор қилинади" - дея таъкидлади Транспорт вазирлиги.

Транспорт вазирлиги Украинанинг "Bees Airline" авиакомпанияси билан ҳам боғлиқ вазиятга алоҳида тўхталди. Хабарга кўра, "Bees Airline" Киев-Самарқанд-Киев йўналишидаги рейсларга чипталар сотуви бошланганлиги тўғрисида расмий сайти ва ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифаларида эълон қилган.

Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги Украинанинг "Bees Airline" авиакомпанияси томонидан Ўзбекистон Республикасига мунтазам парвозларни йўлга қўйиш юзасидан мурожаатлар бўлмаганлигини маълум қилади. Қолаверса, авиакомпания томонидан Киев-Самарқанд-Киев йўналишида бир марталик чартер парвозларни бажаришни ташкил этиш юзасидан ҳам "Ўзавиация" агентлигига шу вақтга қадар ҳеч қандай сўров келиб тушмаган, - дея баёнот беради вазирлик ахборот хизмати.

Шунингдек, Ўзбекистон ва Украина авиация маъмуриятлари ўртасида фақатгина "Тошкент - Киев" йўналишида парвозларни амалга ошириш юзасидан келишув мавжудлигини эслатиб, хорижий авиакомпаниялар йўловчиларнинг ҳуқуқлари ва ташувчининг мажбуриятларига қатъий риоя этиши этишини сўрайди.

Мунтазам рейсларда юк машмашалари

O'zbekiston

Сурат манбаси, official

Чартер рейслар билан боғлиқ муаммолар асосан парвозлар жадвалига тегишли бўлса, мунтазам рейсларда чипталар нархи ва йўловчиларнинг юклари борасидаги норозиликлар кузатилмоқда.

Ўзбекистон-Россия орасида қатновчи ўзбекистонликлар кейинги ярим йиллик давомида мунтазам рейсларнинг юкларга қўяётган талабларидан шикоятлар қилишмоқда.

Карантин чекловларига қадар Россия-Ўзбекистон йўналишида қатнаган йўловчилар бошқа авиакомпанияга нисбатан "Ўзбекистон Ҳаво йўллари"нинг чипталарини айнан юк ташиш имконияти учун қимматроққа олишга рози бўлишганини айтишарди.

"Ютэйр"да нархлар "Ҳаво йўллари"га қараганда арзон бўларди. Аммо юк ва овқатланишда ҳам фарқ бор эди. "Ҳаво" да қўлдаги юкдан ташқари 32 кг топшириш юки мумкин бўларди. Ҳозир 23 кг га қисқартирган" - дейди Москвадаги авиакассалардан бирининг ходими.

"Айниқса, "Ҳаво йўллари" чипталар сотилиб бўлганидан кейин юк ҳажмининг 32 кг дан 15 кг га ўзгартиргани одамларни жуда норози қилди"- гапириб беради ходим.

Бунинг устига, Ўзбекистон авиакомпаниялари мунтазам рейсларда юксиз (қўл юкидан ташқари) чипталарни юкли чипта нархида сота бошлади ва бу лоукостер эмас.

"200 долларга Тошкентдан Москвага чипта олдим. Фақат 10 кг қўл юки киритилган. Топшириладиган юк учун қўшимча пул тўланаркан. Бошқа жойларда юксиз чипталар арзонроқ бўларди. Бу жудаям ноинсофлик эмасми?" - арз қилди ўзбекистонлик муҳожир Би-би-си Ўзбек хизматига.

Ўзбекистонда лоукостер очилиши хақида хабарлар 2020 йилнинг куз ойларида "Росавиация"нинг «Победа« авиакомпаниясига Ўзбекистонда парвозларга рухсат бергани ортидан матбуотда кўринганди.

Бунақада ҳеч ким учмай қўяди

Migrantlar

Сурат манбаси, Getty Images

Ўзбекистонликлар ижтимоий тармоқларда авиачипталар нархининг юқорилигини тез-тез ёзиб туришади, қўшни давлатлар орқали учиш арзонроқ тушишини тавсия қилишади.

Авиачипталар нархлари масаласи бўйича президент Шавкат Мирзиёев Транспорт вазири Илҳом Маҳкамовга авиапарвозлардаги муаммоларни эслатганди.

"Нархларни яна бир кўриб чиқиш керак. Бунақада ҳеч ким учмай қўяди" - деган эди Шавкат Мирзиёев 2021 йилги давлат дастурида режалаштирилган вазифаларга бағишланган йиғилишда.

Аммо нархларда сезиларли ўзгаришлар кузатилмаган бўлса-да, ўзбекистонликлар учишга мажбур.

Нафақат учишга, уларнинг яқинлари қишин-ёзин йўловчиларни аэропорт ташқарисидаги майдонда кутиб олишга ҳам мажбурлар.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek