Ўзбекистон: Пули йўқлар Тошкентга киритилмайдими? video, Rossiya, O‘zbekiston, kovid, dunyo, yangiliklar

Сурат манбаси, BBC UZBEK
- Author, Соҳиба Ҳаёт
- Role, Би-би-cи, Москва
- Ўқилиш вақти: 6 дақ
Ўтган йилнинг 25 декабридан бошлаб Тошкент аэропортида йўловчиларни коронавирусга тезкор тестдан ўтказиш тартиби жорий қилинди.
"UZBEKISTAN AIRPORTS" нинг Telegram даги расмий канали «юртимизга кириб келаётган барча шахсларнинг ўз ҳисобидан чегара пункти ҳудудида коронавирус антигенини аниқлаш учун» дея билдирган мазкур тест олиш тартибининг нархи қисқа вақтда 95 минг сўмдан 140 минг сўмга ўзгарган.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Расмий каналда билдирилишича, Тошкент халқаро аэропортида экспресс тест олиш жараёнларини икки томонлама имзоланган шартномага асосан "Тиббиёт дунёси" МЧЖ амалга оширмоқда.
Буни пандемия манзарасида коронавирус тарқалишининг олдини олиш мақсадида деярли барча йирик аэропортларда қўлланилаётган чора сифатида қабул қилиш мумкин.
Аммо Тошкент аэропортидаги тест олиш жараёнлари билан боғлиқ вазиятлар бир ой ичида кўплаб йўловчиларнинг норозиликларига сабаб бўла бошлади.
Би-би-си Ўзбек хизмати мухбири Тошкентга сафари чоғида аэропортдаги норозиликларнинг гувоҳи бўлди ва хориждан қайтган бошқа йўловчиларнинг фикрларини ўрганди.
10 соат ичида 2-тест

Сурат манбаси, BBC UZBEK
Истанбул аэропортида коронавирусга қарши тест синовидан ўтдим.
Махсус мобил лабораторияда олинган таҳлилнинг жавоби 3 соатда тайёр бўлди ва натижасини қўлимга олдим.
Рейсга қайддан олдин тест натижасини сўрашди, кўрсатдим. Шу куниёқ 200 дан ошиқ йўловчили учоқда Тошкентга учдик.
Тошкент халқаро аэропортига киришимиз билан паспорт назоратига етмасдан зал тўла одамлар ва узунқатор навбатларни кўрдим.
Маълум бўлишича, коронавирус учун тезкор тест олинаётган экан.
Тест топширганимга ҳали 10 соат ҳам бўлмаган эди, қўлимдаги хужжатни кўрсатдим. Аммо рад этишди.
«Бу ўтмайди! Боринг, қайтадан топширинг!» деди паспорт назорати ходими.
Бунга қадар Москва ва Истанбулда коронавирусга экспресс-тест топширганман, одатда уларнинг жавоби 120 дақиқада тайёр бўлади. Тошкент аэропортида экспресс-тест жавоби 4 дақиқада чиқишини айтишди.

Сурат манбаси, BBC UZBEK
Аэропортдаги коронавирус инфекциясини пуллик асосда текширишда "Тиббиёт дунёси" МЧЖ ходимлари хизмат кўрсатаяпти.
Чек ҳам йўқ, қайтим ҳам
Дарчали оқ бўлмачаларнинг бирига навбатга турдим. Яхшики, ёнимда ўзбек сўми бор эди. Олдин 140 минг сўм тўловни қилиш керак экан. 150 минг сўм бердим, майдамиз йўқ, дея тезроқ тест топшириш бўлимига йўналтирди.
- Чек бермайсизми?, - сўрадим.
- Тўлаганингизни мен айтдим, ўтаверинг, - дея ёнидаги ходима аёлга ишора қилиб шоширди кассир.
Кўп туриб бўлмайди, ортимда яна ўнлаб одамлар навбатда турибди.
Тезкор тестни жуда тез олишди, бурним ҳатто сезишга ҳам улгурмади. Томоқдан суртма олинмади ҳам.
Паспортимнинг орқасига штрихкод ёпиштиришди ва шуни кўрсатганимдан кейингина паспорт назоратидан ўтишимга рухсат беришди.
Юкимни олганимдан кейин тест натижасини берадиган жойни излай бошладим, чунки 72 соат ичида яна бошқа шаҳарга учишда яна тест топшириб юрмаслик учун керак эди.
Аммо чиқишда оғзаки «негатив» деган жавобни эшитиш билан чекландим. Натижа ёзилган қоғозни олишга ҳаракатим бекор кетди.
Чорасиз йўловчилар
Залда биз учиб келган рейс билан кетма-кет вақт оралиғида келган йўловчилар ҳам бор эди.
Улар орасида кекса ёшлилар, болалар бор.
Залдаги тирбандлик, шовқин ва норози оҳангларга ходимлар парвосиз.
Ижтимоий масофа унутилган, одамлар саросимада.
Ёнида пули ёки ўзбек сўми бўлмаганлар чора излашаяпти.
Ходимлар аэропорт ташқарисидаги яқинлари пул олиб киришини тавсия қилишаяпти.
«Аэропортнинг биргина учиб келиш залида 4 та банкомат ва 2 та валюта айирбошлаш шoхобчалари мавжуд бўлиб, уларнинг мунтазам фаолият олиб бориши таъминлангани сабаб, пул айирбошлашда муаммо кузатилмайди», дейилади Ҳаво йўллари расмий каналида.
Бироқ мен кўрган вазиятда камида 300 га яқин одамлар учун 4 та банкомату 2 та шoхобчада пул олишнинг узундан узун навбатларсиз ҳеч имкони йўқ.
Телефонимни тасвир учун тўғирлашим билан Тошкент аэропорти ходими келиб бино ичида видео ва суратга олиш тақиқланганлигидан огоҳлантирди.
Аммо яқин кунларда бу воқеаларга гувоҳ бўлаётганларнинг айримлари Тошкент аэропортида дуч келган вазиятларини Би-би-си Ўзбек хизматига сўзлаб беришга рози бўлишди.
«Тест эмас, цирк»

Сурат манбаси, BBC UZBEK
Америкадан Истанбул орқали Тошкентга учиб келган Умид Якубов 48 соатли йўл сафари чарчоқлари устига аэропортда бошидан кечирган ҳолатни «тест эмас, цирк», деб атади.
«Соат тонгги 2:00 лар чамаси. Майли дедигу, одам ўзини консерва балиқларидек ҳис қиладиган даражада жипс бўлган автобусларда паспорт назоратига йўл олдик. Йўлда кимда сўм бўлса, тезгина тўлаб, тест топширди. Бўлмаса валюта алмаштириш "шoxобчалар"ида узундан узоқ навбат кутиш керак эди. Тест эса... Тестмас, цирк десам ҳам бўлади:
Тест нархи 140,000 сўм. $14 ча. Майли. Лекин доимий яшаш жойидаги суғурта учун қоғоз сўрасам бир наклейкани кўрсатишди. Паспортим орқасида экан. Шунда ҳам мантиқ излаб кулдик - ахир бизда охирги 72 соатда олинган манфий тест жавоблари бор эди. Агар аэропортда баланд овозда эълон ўқиб турувчи диктор опоқи назарда тутганидек "тестинг бўлллааадими, тестинг бўммидими, барибир топширасан" қабилида иш кўришган бўлса, унда учиб келадиган жойдан тест сўраб нима қиласан?! Келишдан олдинги тестниям суғуртаси бор - текинга қилдирган. Суғуртаси йўқ эса шу Ўзбекистонга келай деб, чўнтагидан $25 дан $100 гача тўлаб тест олган. Нимага, агар ҳеч кимга керак бўлмаса?!
Авиачипта сотилаётганда бундай талаб қўйилмаганди. Рейсга рўйхатдан ўтаётгандаям олдиндан айтиб қўйишмаган. Атрофимдаги ҳеч кимнинг хабари йўқ. Кўзим олдида қандай тўлашни билмаётган нечта одамни кўрдим, чунки олдида на сўм, на доллар билан келишган. Кимлардадур 3-4 та фарзандлар», - дея таассуротларини бўлишди Умид Якубов.
Талабага чегирма бор, ўқувчига йўқ
Умид Якубов Тошкентга мактаб ўқувчиси бўлган фарзанди билан қайтган.
Талабаларга чегирмали тестдан фойдаланиш мақсадини билдирганида, аэропорт ходимлари боланинг қаерда ўқишини сўрашган.
Америка мактабида эканлигини айтишгач, чегирма талабалар учун экани, мактаб ўқувчиларига амал қилмаслиги, тўлиқ нархда тест топширишини айтган.
- Тест олиш жараёни зўр кечди... Аниқроғи деярли кечмади. Менимча, мени 3 ёшли фарзандим бурнини бизни бурунга тиқишгандан яхши ковлайди ("ҳой" демаса...). Чет элда тест топширгандаги чўп гайморитни тозалайдиган нинадек узун эди; аэропортда буринга тиқилган чўп эса адашмасам жимжилоғимдан ҳам кичкина…, - ҳикоя қилади йўловчи.
Якубов Тошкентда тест топшириши билан боғлиқ энг ажабланарли вазият сифатида паспорт назоратидаги ва тест натижасини олишдаги воқеаларни тилга олди.
Унинг паспортига Истанбул ўрнига Самара белгиси урилган ва ходимлар ўзаро гаплашиб, «ўтказиб юборавер»ишга қарор қилишган.
«Давлатга сенмас, пулинг керак»
- «Кейин ўйлаб, кўпроқ амин бўлдим - кўринишдан бу тест - тест учун эмас, балки қашшоқ гадойга ўхшаб пул йиғиш учун мўлжалланган. Ўзинг давлатга керакмассан, сенинг пулинг керак, холос...
Чиқишда тест жавобини олмоқчи бўлдим. Сўрасам, яхши муомала билан жавоб беришди: "Ока, қоғозда керак бўлса рейсдаги ҳамма чиқишини кутасиз" дейди. Кейин "лоaқал расмга олиб беринг" дедим. Кўзим билан кўрай натижасини. Олиб қарасам, расмда манфийдан бошқа ҳеч нарса йўқ. Ана санга телвизору, ана сенга антитана фоизлари, майли, лаоқал манфий чиқибди-ку, деб чиқиб кетдик аэропортдан.
Шошаётгандик. Ҳар холда тезроқ бориб, уйдагилар билан кўришишдан ҳам олдин IMEI ни рўйхатдан ўтказиш ва унгаям 100,000 сўмча тўлаш керак эди. Тағин яна ёзнинг куни келиб, бизнинг паспорт маълумотларимизни бировлар ишлатиб, бизни телефонимиз ўчиб қолмасин, дедим. Пул эса топилади... Ҳа, муҳими давлат бой бўлсин, пул билан одамнинг қадри топилади», - хулоса қилади Умид Якубов.
Пули йўқлар Тошкентга киритилмайдими?

Сурат манбаси, BBC UZBEK
Шу ойда Истанбулдан Тошкентга учган блогер Жамолиддин Муҳаммаджон эса Facebook даги саҳифасида «Халқ пулини шилиш бўйича Тошкент аэропорти тажрибаси» сарлавҳали постини эълон қилди.
Блогер Тошкент аэропортида ушбу амалиётни жорий этган Республика махсус комиссиясининг ҳаракатларини савол остига олади.
«Аввалроқ ушбу комиссия хлорли йўлакчадан ўтишни ҳам мажбурий талаб қилган ва кейинчалик ушбу талаб инсон соғлиги учун зарарли деб топилганди», дейди Жамолиддин Би-би-сига.
Блогер коронавирусга тест олиш нархи ва айрим ноаниқликларига тилга олди.
«Аввалроқ экспресс тест нархи 95000 сўм бўлган ва яқин кунларда ушбу нарх бирданига 50%га оширилиб, 140000 сўм қилиб белгиланган.
Ушбу тестни топширмаган киши қўлида бир неча соат олдин олинган ПЦР тести натижаси бўлса ҳам, ёки тўлашга етарли маблағи бўлмаса, мамлакат худудига киритилмайди. Одам аэропорт терминалида қолиб кетиши мумкин.
Лекин улар сизни бундай оғир аҳволда қолдиришмайди. Вазиятдан чиқишингиз учун яқинларингизга қўнғироқ қилиб пул сўрашингизга имкон беришади, пулни олиб келган яқинингиздан ўзлари ташқарига чиқиб келиб олиб кириб беришлари мумкин. Чунки яқинингиз пулни сизга олиб кириб беролмайди.
Тест жавоби ҳеч кимнинг қўлига берилмайди. Шунчаки тестни топшириб, чиқиб кетаверасиз».
Бу ерда кўпчиликнинг ҳаққи бор
Жамолиддин Муҳаммаджон ўз постини «Пули бўлмаган ва ўша вақтда бунинг иложини топмаган киши чегарада қанча вақт қолиб кетиши мумкин, ёки нима учун юрт ташқарисига чиқишда ушбу тестлар қўлланилмайди. Бунинг ўрнига, кўпроқ пул ва вақт талаб қиладиган ПЦР анализи топширилади?» каби саволлар билан якунлайди.
Би-би-си Ўзбек хизмати блогердан вазиятга Facebook орқали билдирган муносабатига қандай муносабат бўлганини сўради.
- Ҳеч қандай жавоб бўлмади, бу постим расмийларга юборилгани ҳам йўқ. Агар гап фақат менга тааллуқли бўлганида, 140 мингни индамай тўлаб, ўтиб кетаверардим. 140 минг сўмга кофе ичиб кетишга қурбим етади, алҳамдулиллаҳ. Лекин бу ерда кўпчиликнинг ҳаққи масаласи турибди, - дейди Жамолиддин Муҳаммаджон.
Бу - Ўзбекистон имиджига салбий таъсир
Умид Якубов эса Ўзбекистоннинг кейинги йилларда энг кўп эътибор бераётган жиҳати - имиджи масаласига тўхталди.
- Биз билан келган рейсда хорижликлар жуда кўп эди. Тошкентга ҳали кирмасиданоқ дуч келишган бу ғалати воқеадан эсанкираб қолишганини кўрдим. Кўпчилик кайфиятсиз, Ўзбекистон ҳақида биринчи таассуроти салбий тарзда бошлангани ачинарли.
Би-би-си Ўзбек хизмати Тошкент аэропортидаги коронавирусга экспресс-тест олиниши билан боғлиқ вазият бўйича изоҳ олиш мақсадида «Ўзбекистон ҳаво йўллари»нинг расмий сайтидаги электрон манзилига, Facebook даги расмий саҳифасининг хабар қолдириш ва у ерда кўрсатилган электрон манзилларга мактуб йўллади. Аммо ҳалигача жавоб ололгани йўқ.
Би-би-си барча томонлар учун очиқ, бу мавзуни ўрганишда давом этади ва вазият юзасидан томонларнинг муносабатларини қабул қилади.

Сурат манбаси, BBC UZBEK
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek















