Коронавирус: Тестдан коронавирус юқадими? Тест натижаси сотиладими? Бу ёлғонми ёки рост? - O'zbekiston, dunyo, koronavirus, yangiliklar

A young man in a hoodie adminsters a swab test on himself

Сурат манбаси, Al Seib

    • Author, Жак Гудмен ва Флора Кармиэль
    • Role, Би-би-си Reality Check

Коронавирус: Тестдан коронавирус юқадими? Тест натижаси сотиладими? Коронавирус атрофидаги иддаолар - қай бири росту қайсиси ёлғон?

Коронавирус тестлари одамларга зарар бериши ҳақида ижтимоий тармоқларда иддаолар тарқади.

Биз кенг миқёсда улашилган постлардаги иддаоларни ўргандик.

Бурундан суртма олиш мияга зарар бермайди

Бурундан суртма олинаётгани тасвирланган сурат суртма "гемато-энцефалит тўсиқ"дан олинаётгани ҳақида ёзилган иддао билан бирга Facebook ва Instagram да ёйинланди.

Суртма олиш учун таёқча "гемато-энцефалит тўсиқ"қача кириб бориши ҳақидаги даъво унинг аслида нима экани ва қандай ишлашини хато тушуниш оқибатидир.

Мияда бир қанча ҳимоя қатлами мавжуд. Аввало ва энг муҳими бош чаноқ келади. Унинг ичидаги мия ҳимоя мембранаси ва суюқлик билан ўралган.

Мияни ўраб турган томирлар ичидаги қон ва мия ҳужайраларини ажратиб турувчи зич жойланган ҳужайралар - "гемато-энцефалит тўсиқ" кислород ва озуқа моддаларни ўтказиб, қондаги бошқа молекулаларни эса тутиб қолади.

Бурунга киритилган суртма таёқчаси бу тўсиққача етиб бориши учун бир қанча қатлам тўқималарни ва суякни тешиб ўтиши керак бўлади.

"Таёқча куч билан бир нечта тўқима қатламлари ва суякни тешиб ўтиши керак. Биз неврология амалиётимизда шу вақтгача Ковид учун суртма олишда бирор муаммо юзага келганини кўрмадик," дейди Британия Неврология ассоциацияси (БНА) қўмита аъзоси доктор Лиз Култҳард.

Назофарингиал суртма орқали бурун орқа бўшлиғида вирус бор йўқлиги аниқланади ва бу суртма орқали текшириш усулларидан бири саналади.

Бурун ва томоқдан суртма олиш Ковид-19 ни аниқлаш учун Британияда мунтазам қўлланади.

"Касалхонада ишлаб кўплаб беморлардан суртма олганман ва синовларда кўнгилли сифатида ўзимдан ҳам ҳар ҳафта суртма оламан. Бурун қаърида ниманидир бўлиши қичитади, ноқулайлик туғдиради, аммо оғритмайди," дейди Ливерпулдаги Тропик касалликлар мактабидан доктор Том Уингфильд.

Сохта даъво АҚШда очилган "Facebook" аккаунт орқали 6 июль куни тарқалди, сўнг унга Ковидга тест топширмасликка чақириқлар ҳам қўшилди.

Буларнинг айримлари Facebook даги факт чекинг қилувчи ташкилотлар томонидан "ёлғон" деб эълон қилинди.

Айни шу даъво акс этган тасвир румин, француз, ҳолланд ва португал тилидаги постларда ҳам пайдо бўлди ва минглаб одамларнинг эътиборини тортди.

Тест олиш воситалари коронавирусни юқтирмайди

A woman having a swab test performed on her

Сурат манбаси, Angela Weiss

Тест олиш воситаларида инфекция топилгани ҳақидаги хабарлардан тест топширганлар коронавирусни юқтиради, деб хато хулоса чиқарилди.

Аслида инфекция ҳақидаги хабарлар пандемия энди бошланганда АҚШдаги Касалликни назорат қилиш ва олдини олиш марказларидаги (CDC) лаборатория ишлари пала-партишлиги оқибатида самарасиз тестлар олингани ҳақида эди. Бу тест топшириш вирусни юқтиришини англатмас эди.

"Fox News" бошловчиси Такер Карлсоннинг мухлислари саҳифаси қўйган пост "Facebook"да 3000дан ортиқ марта улашилди. Постда ўша хабар улашилган бўлиб, унга "Ковид-19 ни юқтирмоқчимисиз? Мана бунга қандай эришишингиз мумкин", деб изоҳ ҳам ёзилган эди.

"Washington Post"нинг июнь ойида чоп қилинган мақоласида федерал текширув жараёнида сифатсиз тестлар сабабли лаборатория ишлари ўз вақтида бажарилмагани аниқлангани ҳақида батафсил ёзилган эди. Мақолада сифатсиз тестлар вирусни одамларга юқтириши ҳақида ҳеч гап йўқ эди.

Мақола пуллик бўлгани учун уни ҳамма ҳам ўқий олмас, мақола улашилган постни кўрганлар сарлавҳанинг ўзидан хулоса чиқариб қўйган эди.

АҚШ ва Ҳиндистонда факт текширувчилар коронавирус тестлари Гейтс фонди томонидан беморга микрочип ўрнатиш учун қўлланилаётгани ҳақидаги ёввойи даъволарнинг пучлигини кўрсатиб беришди. "Facebook"да минглаб марта улашилган бу сохта даъволар аввал кўрганимиз вакцина орқали микрочип ўрнатилиши ҳақидаги фитна назарияларига ўхшайди.

Коронавирус пандемияси билан боғлиқ микрочип дастурлари борлигини дастакловчи бирорта далил йўқ, Билл ва Мелинда Гейтс фонди ҳам бу даъволарни инкор этди.

"Нега тест таёқчасига нафас чиқариб қўя қолмаймиз?"

A woman having a swab test

Сурат манбаси, Boston Globe

Мемда шундай савол қўйилган: "Агар Ковид нафас орқали юқса, нега тест таёқчасига шунчаки нафас чиқариб қўя қолмаймиз? Нега улар бу таёқчани буруннинг энг ичигача тиқишлари керак?" Бу мем Facebook ва Instagram да қарийб 7000 марта улашилган.

Касалланган одам йўталса ёки аксирса, коронавирус томчилар орқали ҳавога чиқади. Бу шунчаки нафас чиқариш орқали лаборатория текшируви учун етарли ашё олиб бўлмайди, деганидир.

Англия Жамоат Соғлиғига мурожаат қилганимизда, улар бурун ичидан ва томоқдан олинган суртма тўғрироқ натижа беришини таъкидлашди.

Агар сиз ингичка суртма таёқчасига шунчаки нафас чиқарсангиз, вирус ташувчи томчи ёки ҳужайрани тута олмаслигингиз мумкин. Шундай бўлса да, агар суртма таёқчасини бурун ва оғизга тиқиб, инфекция бор ерда айлантирсангиз, аниқ натижани кўрсатувчи инфекцияни олишингиз эҳтимоли анча ортади.

Бангладешдаги вирусдан холилик ҳақидаги сохта сертификатлар

Ва ниҳоят, Бангладешда шахснинг коронавирусдан холилигини тасдиқловчи сохта сертификатлар тарқалгани ҳақидаги можарога эътибор қаратдик.

Вирусга тест топширмаган одамларга уларнинг касалмаслигини, манфий тест хулосасини кўрсатувчи қалбаки ҳужжатлар тарқатгани учун бир нечта киши ҳибсга олинди.

Бу ҳужжатлар сотиб олинади, кўпинча мухожир ишчилар манзилларига етиб олишлари учун ўзларида касаллик йўқлигини тасдиқловчи далил керак. Бангладеш хорижда меҳнат қилувчи фуқаролари юборган маблаққа суяниб қолган.

Энг охирги ҳолат минглаб тест хулосаларини сохталаштирган касалхона эгаси тўққиз кунлик таъқибдан сўнг Ҳиндистон чегараси яқинида аёл киши ниқобида қочаётганда қўлга олингани бўлди.

Жиноий гуруҳлар эҳтимолий мижозларни топиш учун ижтимоий медиада реклама бериб туради.

Буни қарангки, касаллик борлигини тасдиқловчи мусбат натижали қалбаки хулосалар ҳам сотувда бор экан. Буларни кўпинча давлат ишчилари ишга чиқмаслик учун сотиб олади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Reality Check branding