Ўликхоналар улгурмаяпти: Қирғизистонда нима бўлмоқда?

Сурат манбаси, Reuters
Қирғизистонда жорий ойда коронавирус юқтирганлар сони 4 ярим баравар ортди.
Бишкекдаги Би-би-си мухбири Наргиза Рискулованинг ёзишича, мамлакат тиббиёт тизими бу босимни эплолмай қолмоқда.
Депутатлар таътилга чиққан, одамларда ваҳима бошланган.
Тест учун навбатлар узун, касалхоналар тўлган, дори ва тиббий ускуналар етмайди, ўликхоналар қийналиб қолаётгани айтилади.
Беморлар сони 30 мингга яқинлашмоқда.
Мингдан зиёд киши нобуд бўлган.
Қирғизистонда нима бўлмоқда? Видео:
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Гулноранинг ҳикояси
33 яшар Гулнора ишхонасида коронавирус юқтирган.
Хизмат юзасидан мулоқотда бўлган бир мижоз ўзида вирус чиққанини айтган.
"Ҳайрон қолдик, чунки унда на йўтал, на аксириш бор эди. Билсак, симптомсиз кечган экан" - дейди Гулнора.
Ишхонада барча қўлқоп ва ниқоб таққан, фақат тушлик овқат чоғи уларни ечишган.
Гулнора Қирғизистонда илк коронавирус топилганидан кейин тўрт ой ўтиб бу вирусни юқтирган.
Илк бора вирус ўтган март ойида Умрага бориб келган ҳожиларда топилганди.
Қимматга тушган карантин

Сурат манбаси, AFP
Ўзбекистон ва Қозоғистон каби Қирғизистон ҳам март ойи охирига бориб халқаро парвозларни бекор қилган ва кескин карантин чоралари киритганди.
Учта йирик шаҳар - Бишкек, Ўш ва Жалолободда эса фавқулодда ҳолат киритилиб, комендантлик соати ҳам жорий этилганди.
Аммо бу чекловлар Қирғизистон иқтисодига зарба берди.
Солиқ тушумлари ўнлаб маротаба қисқариб кетди.
Бюджет танқислиги 500 миллион долларга етди.
Бу - умумий бюджетнинг бешдан бир қисми дегани.
Ҳукумат башоратларига кўра, мамлакатни 1990-йиллардаги каби иқтисодий инқироз кутмоқда.
Карантиндан кейинги тўлқин
Бироқ май ойида карантин енгиллаштирилди ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги муваффақиятли иш олиб борганини эълон қилди.
Зотан у пайтда 6 ярим миллионли мамлакатда атиги мингдан зиёд кишида вирус топилган, қурбонлар сони эса 12 нафар эди.
Аксар касаллар эса чет эллардан келганлар эди.
Қирғизистон бир ой мобайнида карантинни юмшатиб борар экан, вирус юқтирганлар сони 2 минг нафарга етди.
Июнда эса аксар чекловлар олиб ташланди.
Шундан сўнги ҳар куни 300-700 нафар одамда вирус топила бошлади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавирус касаллари учун фақат 2 мингта ўрин ажратгани маълум бўлди.
Шундан сўнги касалликни енгил ва ёки ўртача оғирликда ўтказаётганлар одамларга уйда даволаниш айтилди.
Ҳукумати бошқа касалхона ва корхоналарда беморлар учун янги ўринлар очишни бошлади.
Нотўғри ташхис

Сурат манбаси, Reuters
Гулнора ҳам бошида касалликни енгил ўтказарман, деб ўйлайди.
Шунда ҳам уч кун давомида махсус тез ёрдам рақамига қўнғироқ қилиб туша олмайди.
Иложсиз, хусусий касалхонада тест топширади.
"Тест олиб, менда коронавирус топишмади. Лекин орадан икки кун ўтиб ҳароратим кўтарилди, йўтала бошладим ва суякларим сирқираб оғрий бошлади" - дейди Гулнора.
У витамин қабул қилади ва сув ичади.
Чунки шифокорга кўриниш имкони йўқ эди.
Шифокорлар ва ҳатто махсус ташкил этилган кўчма гуруҳлар ҳам касаллик аломати кўринган барча одамларни текшириб улгурмасди.
Аммо орадан беш кун ўтиб, унга хусусий шифохонадан қўнғироқ қилишади, илк тестда коронавирус топилганини айтишади.
"Касаллар ва тестлар кўплиги сабабли ҳамма нарса чалкашиб кетганини ва оқибатда менга вирус йўқ, деб нотўғри ташхис қўйишганини айтишди" - дейли Гулнора.
Вирус топилмади, деган ташхис ортидан эса Гулнора касал эмас эканман, деган ишончда бу орада ишга борган, қариндошлари билан кўришган эди.
Тез ёрдамни икки кун кутасиз
Гулнора "Тез ёрдам" чақиради, аммо фақат икки кундан кейин унга навбат етиши мумкинлигини айтишади.
Касалхонага қабул қилмасликларини, бу ҳақида ҳатто гап ҳам бўлмаслигини билдиришади.
"Ўзимни ҳеч қачон бундай ёлғиз ва ташландиқ ҳис қилмагандим" - дейди Гулнора.
"Бир қўлимда телевон гўшаги, бошқасида тест натижасини тутганча фақат йиғлардим".
Дорини ўзинг топ

Сурат манбаси, EPA
Қирғизистонда беморлар ва яқинлари оддий парацетамол ё антибиотиклардан тортиб, кислород концентраторларини (ҳаво берадиган ускунани) ҳам ўзлари топишга мажбур бўлишмоқда.
Икки ҳафта вақт ўтиб, Гулнора ҳам тузалавермайди.
У хусусий касалхонага бориб, ўпкасини рентгенга туширади.
Гулнорада икки тарафлама зотилжам (пневмония) топишади ва ўпкасининг 30% қисми зарарланганини айтишади.
Нега зотилжам?
Қирғизистонда кўп қурбонлар коронавирусдан эмас, балки зотилжамдан вафот этган, дейилади.
Расман, уларда коронавирус топилмаган.
Бироқ ЖССТ вакили Майкл Райаннинг айтишича, бундай ҳолат минтақадаги қатор мамлакатларда кузатилмоқда.
Унинг ишонишича, ўлим сабаби аслида коронавирус бўлиши мумкин, лекин беморларга нотўғри ташхис (диагноз) қўйилган ва вирус йўқ, деган хато хулоса берилгани эҳтимоли бор.
Қирғизистон ҳозир кундузги шифохоналар ташкил этмоқда.
Гулнора ҳам улардан бирида икки кун ётган. У ердаги аҳволни эса "қўрқинчли туш" каби тасвирлайди.
"Нафақат енгил ҳолатдаги беморларни, ҳатто ўлаётган одамларни ҳам келтиришарди" - дейди суҳбатдошимиз.
Ўзбекистон нима қилмоқда?
Коронавирус ҳолатлари қўшни Ўзбекистон ва Қозоғистонда ҳам кескин ошган.
Ўзбекистон раҳбарияти буткул янги чоралар қўлланишини эълон қилди.
Бу икки давлат олдинроқ иккинчи бор карантин ёки бошқа чеклов чораларини киритишганди.
Ўзбекистонда одамлар тест топшириш учун навбатлар узунлигини, касалхонага жойлашиш қийинлигини ижтимоий тармоқларда ёзишмоқда.
Бир неча кун олдин Ўзбекистон расмийлари агар кескин чоралар кўрилмаса ва занжир узилмаса, аҳвол қўшни давлатлардаги каби бўлиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантиришган эди.
Қўшни Қозоғистон эса ҳозирга келиб вирус тарқалиши барқарорлашиб, камайганини айтди.
Шунингдек, касалхоналарда бўш жойлар пайдо бўлаётгани ва кўпроқ коронавирус беморларини шифохонда даволаш имкони юзага келгани хабар берилган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














