Ўзбекистон: Мирзиёев фавқулодда йиғилиш ўтказди - коронавирусга қарши кураш янгитдан бошланади - O'zbekiston

Сурат манбаси, president.uz
Президент Шавкат Мирзиёев "янги ҳафтанинг биринчи иш кунини эрта тонгдан коронавирус инфекциясига қарши кураш борасида олиб борилаётган ишларнинг чуқур танқидий таҳлилидан бошлаган".
Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар бермоқда.
Коронавирус: Вазият ёмонлашгандан ёмонлашиши мумкин(ми)?
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Мирзиёев коронавирусга чалинган фуқаролар сони янада ошиб бориши мумкинлигини айтиб, олийгоҳлар ётоқхоналари ва ёпиқ спорт майдонларини коронавирус беморлари учун қайта жиҳозлаш ва кислород концентраторларини Ўзбекистонга олиб келиш учун махсус самолёт ажратиш ҳақида кўрсатма берган.
У Тошкент шаҳри ва вилоятида вазият мураккаблигича қолаётганини таъкидлаган.
Президент эълон қилган янги чораларга мувофиқ;
- Коронавирусга шубҳа бўлган барча беморларни инфекция мавжудлигини тасдиқловчи ҳужжатларсиз, зотилжам ва нафас етишмовчилигининг клиник белгилари мавжудлигига асосланган ҳолда даволаш муассасаларига қабул қилинади;
- Тошкент шаҳридаги коронавирус беморларини даволашга жалб этилган махсус клиникалар ходимларига ҳар бир иш куни учун ойлик маошининг 6 фоизи миқдорида устама ҳақ тўланади;
- 20 июлдан бошлаб коронавирусга чалинган беморлар билан ишлаётган ҳар бир махсус шифохонада алоҳида тижорат банкининг кассалари ташкил қилиниб, шифокорларнинг 14 кунлик иш хақини жойида олиш тизими жорий этилади;
- "Ўзэкспомарказ" миллий кўргазмалар мажмуасида ушбу вирусга шубҳали бўлган беморларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатувчи 500 ўринли Тақсимловчи марказ ташкил қилинади;
- Хусусий клиникаларга ҳам бундай беморларга тиббий ёрдам кўрсатишга рухсат берилади;
- Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигининг туман бўлимларига коронавирусга ПЗР-анализи олишга ва таҳлил жавобини Республика агентлигига юбормасдан, бевосита беморларга топшириш тартиби ўрнатилди ва бу орқали таҳлил жавобларини кутиш даври қисқаради.
- Коронавирус билан касалланган беморларни даволаш жараёни учун 49 хил турдаги дори воситалари захираси учун дастлабки 10 миллиард сўм пул ажратилиши режалаштирилди.
- 103 телефон рақамига уланиш вақти 1,5 дақиқадан 15 сониягача қисқартирилади;
- Оилавий поликлиникалар ва қишлоқ врачлик пунктлари аҳолига ёрдам бериш учун 24 соатлик иш режимига ўтказилади
- Тошкент тиббиёт академиясининг кўп тармоқли клиникаси, Республика ихтисослаштирилган терапия ва тиббий реабилитация маркази, Тошкент шахар 1-сон клиник шифохонаси, Республика биринчи ва иккинчи сон клиник касалхонасида ҳамда барча янги очилаётган "провизор" шифохоналарида кислород ўтказадиган нуқталар сонини кўпайтирилади
- Тошкент шаҳри хокимлиги, Ички ишлар вазирлиги ҳамда ҳар бир туман ҳокими ўз ҳудудида жойлашган тиббиёт муассасаларини доимий асосда кислород билан тўлдириб боришни назорат қилади;
- Коронавирус пандемияси боис муолажаси тўхтаб қолган бошқа турдаги оғир беморларни даволаш ишлари қайта йўлга қўйилади.
Фавқулодда вазият
Шавкат Мирзиёев охирги бир ҳафтада коронавирусга қарши кураш чораларига доир учинчи бор йиғилиш ўтказмоқда.

Охирги видеоселекторда пандемияга қарши курашни "янгитдан бошлаш" ҳақида эълон қилиниши ҳукумат бунга қадар қабул қилган стратегияси унчалик иш бермаганини тан олаётганини англатади.
Президент Шавкат Мирзиёев 17 июль кунги видеоселектор йиғилишида бу чораларнинг самара бермаётганини тан олган эди.
"Қўлимизда аниқ маълумот, асосланган таҳлилий материаллар йўқлиги туфайли қабул қилган қарорларимиз кутилган натижани бермаяпти", деб айтган Мирзиёев ҳукумат йиғилишида.
Жамоатчилик республика махсус комиссиясини шаффоф эмаслиги ва пала-партиш қарорлар қабул қилаётгани учун танқид қилиб келган.
Ҳатто ҳукуматнинг ўз мутахассислари ҳам махсус комиссия уларнинг тавсиясига қулоқ солмаётганини айтишган.
Тошкент шаҳридаги Вирусология илмий-тадқиқот институти директори ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош инфекционисти Эркин Мусабоев шу ой бошида маҳаллий матбуотга интервьюсида уларни "коронавируснинг билвосита қурбонлари" деб атаган.
Қўшни Қозоғистондан фарқли ўлароқ, Ўзбекистон ҳукумати коронавирус билан боғлиқ фавқулодда чораларга қарамай расман фавқулодда ҳолат эълон қилмаган.
Таҳлилчилар ҳукумат бу каби қарорнинг ҳуқуқий оқибатларига тайёр эмаслигини айтишади.
Ярим чоралар
Президент Мирзиёев эълон қилган охирги чоралар коронавирусга қарши курашда бутунлай янги ёндошувдан кўра кўпроқ йўл қўйилган, аммо жамоатчилик томонидан бунгача ҳам бонг уриб келинган хатоларни тузатиш ҳаракатига ўхшайди.
Аммо сўнгги кунларда давлат раҳбарининг коронавирусга қарши курашдаги оҳанги янада қатъийлашгани ва хавотирли тус олганига қарамай, икки нарса ўзгаришсиз қолмоқда.
Биринчиси - масъулиятни расмийлар ва тиббиёт тизимидан кўра кўпроқ фуқароларнинг ўзларига юклаш.
Иккинчиси эса, пандемия ва қаттиқ карантин даврида аҳолига тўғридан-тўғри моддий ёрдам тарқатишдан бош тортаётгани.
Ижтимоий тармоқларда ўзбекистонликларнинг шахсий буюмларини озиқ-овқатга алмаштириш ҳақидаги эълонлари пайдо бўлган.
Бир гуруҳ фаоллар оғир шароитга тушиб қолган одамларга зарурий ёрдам етказиш мақсадида "Яқинлар" деб номланган лойиҳани ишга туширишган.
Ҳукумат ўтган ҳафта 120 минг оилага 20 миллиард сўм ёрдам тарқатиш ҳақидаги қарорни эълон қилган.
Бу оила бошига тақрибан 16 долларни ташкил этади.
Ҳукумат биринчи карантин вақтида аҳолига пул тарқатиш масаласини муҳокама қилган, аммо кейинроқ Мирзиёев коррупцияга олиб келади, деган хавотирда бу чораларни рад этган эди.
Коронавирус билан боғлиқ вазият мураккаблашиб бориши манзарасида ижтимоий тармоқларда пандемия учун курашга ажратилган маблағлар талон-тарож қилинаётгани ҳақидаги хавотирлар тобора баралла янграмоқда.
Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда ўзбекистонлик шифокорларнинг вазият оғирлиги ва махсус кийимлар ҳамда дори-дармонлар етишмаётгани айтилган видеолари тарқаган.
Расмийларнинг беморларни даволаш учун барча воситалар етарли экани ҳақидаги таъкидлари аҳолини тинчлантира олмаяпти.
Ижтимоий тармоқлардаги кўпчилик коронавирус беморлари ва вафот этганлар билан боғлиқ статистика сохталаштириляпти, деб ишонади.
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, 20 июль соат 10:00 ҳолатига кўра, мамлакатда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар яна 214 кишига кўпайиб, умумий сони 16 966 нафарга етган.
18 июль куни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Муса Ерниязов Нукус шаҳридаги клиникада ва Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов Тошкент шаҳрида коронавирусдан даволанаётгани маълум қилинган.
Уларнинг ҳолати барқарор экани айтилган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













