Кобул: Толибон дунёга куч-қудратини кўрсатиб қўйдими? Афғонистон Afg‘oniston O‘zbekiston Tolibon dunyo yangiliklar

Пойтахт Кобулдаги ҳарбий парад

Сурат манбаси, ANADOLU AGENCY

Толибон Афғонистон пойтахтида яна ҳарбий парад ўтказди. Ўзининг ихтиёрида бўлган АҚШ ва Россия техникасини дунёга кўз-кўз қилди.

Парад дунё толибларнинг муваққат ҳукуматини ҳали тан олмаётган ва мамлакат таназзул ҳамда очарчиликка юз тутади, деган жиддий хавотирлар манзарасида бўлиб ўтди.

Мавжуд вазият эса, Толибон муваққат ҳукумати нега айнан ҳозир яна ҳарбий парад ўтказиш фикрига тушиб қолганига оид саволларни ҳам пайдо қилмай қўймади.

Таҳлил:

Феруза Раҳмон

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM

Сурат тагсўзи, Би-би-си Ўзбек хизмати ходими Феруза Раҳмон таҳлили

Алоқадор мавзулар:

Ҳаракат шу йилнинг 15 август куни пойтахт Кобулни эгаллаган, 7 сентябрь куни ўзининг муваққат ҳукуматини дунёга таништирган ва Афғонистонни яна Исломий Амирлик, деб эълон қилганди.

Аммо уларнинг муваққат ҳукумати ҳали-ҳануз дунёнинг бирор бир давлати томонидан расман қонуний, деб тан олинмаган.

Халқаро ҳамжамият Афғонистонни қуролли йўл билан эгаллаган тақдирда, Толибонни яккалаб қўйиш билан таҳдид қилган.

Инклюзив бўлмаса, ҳукуматини ҳам қабул қилмаслигини айтган.

Афғонистоннинг четда сақланаётган миллиардлаб долларлик пулларини ҳам толибларга беришга ҳали-ҳануз мойиллик кўрсатмаган.

Афғонистон пойтахтидаги йирик ҳарбий парад кеча, якшанба куни бўлиб ўтган.

Ҳарбий парад

Пойтахт Кобулдаги ҳарбий парад

Сурат манбаси, Reuters

Толиблар Кобул марказидан марш қилиб ўтишган, АҚШ чиқиб кетиши ортидан ўзлари қўлга киритган ва собиқ афғон ҳукуматидан қолган ўта замонавий ҳарбий техникаларини намойиш этишган.

Бунга қўшимча, Кобул осмонида Россиянинг "Ми-8/17" русумидаги транспорт-қирувчи вертолётлари ҳам парвоз қилиб турган.

Пойтахт Кобулдаги ҳарбий парад

Сурат манбаси, Reuters

Толибларга умумий қиймати бир неча ўн миллиард долларга тенг ҳарбий техника "мерос" бўлиб қолган.

Қочқин афғонистонлик ҳарбийлар билан АҚШ ҳарбий техникасининг бир қисми Ўзбекистон ва Тожикистонга ҳам ўтганига оид хабарлар олинган.

Бу ҳарбий техникаларнинг тақдири нима бўлиши ҳозирча маълум эмас.

Ўзбекистон ва Тожикистон Марказий Осиёнинг Афғонистонга чегарадош учта давлатидан иккитаси бўлишади.

Толиблар аллақачон ўзларининг анъанавий уст-бошларини ҳам ўзгартиришган, янгича ҳарбий либос кийишга ўтишган.

Пойтахт Кобулдаги ҳарбий парад

Сурат манбаси, Reuters

Толибон муваққат ҳукуматининг ўзи янги ҳарбий паради сабабини 250 нафар янги жангчисининг сафга кириши билан изоҳлаган.

Айрим таҳлилчиларга кўра эса, толиблар бу билан ўзларининг ортиқ жангари ҳаракат эмасликлари, ростмана бир армияга айланганликларини кўрсатмоқчи бўлишган.

Ўзининг сиёсий қанотига ҳам эга Афғонистон Толибон ҳаракати минтақадаги энг йирик жангари гуруҳ бўлади.

Ҳарбий доираларда гуруҳ доимий аъзоларининг сони 80 мингдан 100 мингтагача, деб тахмин қилинади.

Толибон Ўзбекистон Исломий ҳаракати Афғонистонда илк байъат келтирган жангари гуруҳ саналади.

Ҳаракат сўнггида ИШИДга тўлиқ байъат келтириб, сафлари парчаланиши ортидан ҳам, толибларга мойил ўзаги ажралиб чиққан.

Бу ҳақда ўзини қайта Ўзбекистон Исломий ҳаракати, деб номлаган гуруҳнинг ўзи маълум қилган.

Толиблар Афғонистонни қайта забт этган пайтида уларнинг сафларида ўзбекистонлик жангарилар ҳам жанг қилишганига оид хабарлар олинган.

Жанубий Қандаҳордаги ҳарбий парад

Сурат манбаси, ANADOLU AGENCY

Толиблар Афғонистонда ўзларининг муваққат ҳукуматларини эълон қилишларидан икки ой ўтиб, жанубий Қандаҳор вилоятида ҳам худди шунга ўхшаш ҳарбий парад ўтказишган.

Қандаҳор Ҳелманд билан бирга толибларнинг Афғонистондаги иккита энг муҳим таянч нуқтасидан биттаси санаб келинади.

Пойтахт Кобулдаги ҳарбий парад

Сурат манбаси, Reuters

Толибларнинг бу гал Афғонистонни қанчалар "яшин тезлигида" ва хорижий иттифоқ қўшинлари ҳозирлигида эгаллаши четдаги кўпчиликни шоширмай қўймаганди.

Муҳтожларга озиқ-овқат тарқатиш

Сурат манбаси, Getty Images

Пойтахт Кобулдаги яна бир йирик ҳарбий парад билан толиблар ўз тузумларининг қудратини намойиш этишга уринаётган эсалар-да, Афғонистондаги иқтисодий вазият ҳалокатли тус олиши, ҳозир мамлакатдаги миллионлаб одам очликка юз тутишига оид жиддий қўрқув ва хавотирлар бор.

Ҳозир афғон тупроғида бирор бир хориж ҳарбийси қолмаган.

Улар Афғонистонни буткул тарк этган сўнгги икки ярим ой ичида мамлакатда кузатилган қонли ҳужумларга масъулиятни эса, ИШИДнинг Хуросон қаноти ўз зиммасига олган.

Бу гуруҳнинг ҳам Толибонга Ҳаққоний тармоғи орқали билвосита алоқаси борлиги ишонилади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek