Ўзбекистон афғон аэропортини таъмирлайди, Россиядаги ёнғинда куйган муҳожирлар ва собиқ соғлиқни сақлаш вазири қаерга ўтказилди? Янгиликлар O‘zbekiston dunyo yangiliklar

Сурат манбаси, Source: Maxar Technologies/ BBC
- Ўзбекистон Мозори Шарифдаги халқаро аэропортни таъмирлайди;
- Электромобиллар учун алоҳида давлат рақами белгиси ишлаб чиқилди;
- Россияда тўрт нафар ўзбекистонлик ёнғинда ҳалок бўлди;
- Бўстонлиқда ўнлаб дарахтлар кесиб ташланди;
- Собиқ вазир федерация раҳбари ўринбосари этиб тайинланди;
"Электр қарзини тўлаймиз"
Ўзбекистон Афғонистоннинг Балх вилоятидаги халқаро аэропортни реконструкция қилиш ва техник носозликларни таъмирлаш учун 30 кишидан иборат гуруҳ юборган.
Афғонистоннинг ToloNews нашри Ўзбекистон президентининг мамлакат бўйича махсус вакили Исматулла Эргашев якшанба куни шимолий Балх вилояти расмийлари билан учрашгани ҳақида хабар берган.
Хабарда билдирилишича, Эргашев Афғонистон Транспорт ва авиация вазирлиги вакиллари ҳам иштирок этган учрашув давомида вилоят маркази бўлмиш Мозори Шариф шаҳрида жойлашган Мавлоно Жалолиддин Муҳаммад Балхий номидаги халқаро аэропорт Ўзбекистондан келган техник гуруҳ ёрдамида тез орада ишга шай ҳолатга келтирилиши ҳақида гапирган.
Алоқадор мавзулар:
- Ўзбекистон: Чангли бўронда қанча одамнинг нафаси қисилди, Навоийда ўзгариш ва туман ҳокими маошини етим болаларга ҳадя қилмоқчи
- Ўзбекистон: Таълим ва тиббиёт учун 70 триллион сўм, UzAuto машиналари асосан қаерда сотилмоқда ва "Жиҳодчилар" орасида имом ноиби йўқ(ми?)
- Ўзбекистон: Президент ўз байроғига эга бўлади, Путин нега шошилинч табрик йўллади ва АҚШ президент сайлови ҳақида нима деди?
- Расмий Тошкент Толибон ҳукуматини қачон тан олади? Қашқадарёда товламачи мухбир қўлга олинди ва ўзбек депутати ЕОИИ билан ҳамкорликни ёқлаб чиқди
ToloNews'нинг ёзишича, афғон расмийлари учрашувда мамлакатнинг Ўзбекистон олдидаги электр энергиясидан қарздорлиги масаласини ҳам тилга олганлар.
"Биз банк тизимидаги муаммолар ҳал қилингач қарзни тўлашимизни ва Ўзбекистон импорт қилинаётган электрни қисқартирмаслиги кераклигини айтдик" - дея нашр Балх губернатори Қудратулла Ҳамза сўзларини келтирган.
Бундан ташқари, хабарда Мозори Шарифдаги халқаро аэропортнинг 83 нафарга яқин техник ходими Ўзбекистонда малака ошириши ҳам маълум қилинган.
Электромобиллар учун алоҳида рақам

Сурат манбаси, official/screenshot
Ўзбекистонда электромобиллар учун алоҳида давлат рақами белгилари ишлаб чиқилди.
ИИВ ЙҲХББнинг маълум қилишича, 1 ноябрга қадар электромобиллар учун расмийлаштирилган рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгилари бепул алмаштириб берилади.
Шунингдек, аукцион савдоларида ютиб олинган давлат рақами белгилари ҳам электромобиллар учун алоҳида ишлаб чиқарилади.
Ўтда қолган ўзбеклар
Тўрт нафар ўзбекистонлик Россияда юз берган ёнғинда қолиб ҳалок бўлган.
Бундан аввал ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари 13 ноябрь куни Москва вилоятининг Солнечногорск шаҳарчасидаги турар-жойда келиб чиққан ёнғинда ҳалок бўлгани тўғрисида хабарлар чиққан эди.
Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ушбу хабарларни тасдиқлаган.
Агентлик ҳалок бўлган ўзбекистонликлар 23-52 ёшлар ўртасида бўлгани аниқланганини маълум қилган.
Билдирилишича, айни вақтда марҳумлар жасадларини Ўзбекистонга олиб келиш ишлари бошланган.
Кесиб ташланган дарахтлар

Сурат манбаси, xabar.uz
Ижтимоий тармоқларда Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида ўнлаб кўп йиллик дарахтлар кесиб ташлангани ҳақида хабар тарқалган.
Тошкент вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасининг маълум қилишича, тумандаги Оқтош қишлоғида жами 56 туп дарахт номаълум шахслар томонидан кесилган.
Бошқарма ушбу амал ортидан ўсимлик дунёсига 288,7 миллион сўм зарар етказилганини билдирган.
Бош прокуратура эса Оқтошдаги ҳолат юзасидан жиноят иши очилганини маълум қилган.
Айрим тармоқ фаоллари "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси доирасида дарахт экиш акцияси бўлиб ўтаётган бир вақтда табиатга бундай зарар етказилаётганини таажжубли ҳолат ўлароқ баҳолаганлар.
Ўринбосарга айланган собиқ вазир

Сурат манбаси, official
Собиқ соғлиқни сақлаш вазири Абдуҳаким Хожибоев Касаба уюшмалари федерацияси раҳбари ўринбосари лавозимида иш бошлаган.
Бу ҳақда Gazeta.uz нашри федерация матбуот хизмати маълумотига таяниб хабар қилган.
Хожибоев ўтган йил ноябрь ойидан бери ССВни бошқариб келаётган эди.
11 ноябрь куни унинг ўрнига Беҳзод Мусаев соғлиқни сақлаш вазири этиб тайинланган.
Шу вақтга қадар Абдуҳаким Хожибоевнинг вазир лавозимидан олиниши сабаби расман изоҳланмаган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
















