Ўзбекистон: Мирзиёев Москвада, прокурорлар жазога тортилди, минглаб вакцина олмаганлар ишдан четлатилди ва ис гази қурбонлари

Сурат манбаси, President.uz
Президент Шавкат Мирзиёев Москвада. Жиддий хатога йўл қўйган 18 нафар прокурор интизомий жазога тортилди. Ўзбекистонда вакцинадан бош тортган 26 мингдан ортиқ ходим вақтинча ишдан четлатилгани айтилмоқда. Фарғонада ота-бола ис газидан вафот этди.
Президент Мирзиёев Москвада
"Внуково-2" аэропортида Президент Мирзиёевни Россия президенти ёрдамчиси Максим Орешкин ва бошқа расмийлар кутиб олгани айтилмоқда.
Президент матбуот хизматининг хабар беришича, давлат раҳбари президент Путин билан учрашиш учун Кремлга йўл олган.
"Учрашувда Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини мустаҳкамлаш, турли соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинади", дейилади хабарда.
Алоқадор мавзулар:
- Ўзбекистон: Мирзиёев Москвага боради, Зойир Мирзаев ҳокимликдан кетди, метан гази тақчиллашадими ва кечикаётган рейслар
- Ўзбекистоннинг Афғонистондаги бош мақсади нима ва бензин тез кунда арзонлайдими? — янгиликлар
- Ўзбекистон афғон аэропортини таъмирлайди, Россиядаги ёнғинда куйган муҳожирлар ва собиқ соғлиқни сақлаш вазири қаерга ўтказилди? – Янгиликлар
- Ўзбекистон: Расмий Тошкент Толибон ҳукуматини қачон тан олади? Қашқадарёда товламачи мухбир қўлга олинди ва ўзбек депутати ЕОИИ билан ҳамкорликни ёқлаб чиқди
Россия Ўзбекистоннинг муҳим стратегик шериги ҳисобланади. Россия, шунингдек, Ўзбекистоннинг ташқи савдода иккинчи муҳим ҳамкори.
2020 йили икки давлат ўртасидаги савдо айланмаси 16% кўпайган ва 6 миллиард долларга яқинлашиб қолган.
Жорий йилнинг 9 ойида савдо ҳажми 6% ўсган.
Айни дамда икки давлат ўртасида умумий қиймати 14 миллиард долларлик 150 дан ортиқ қўшма лойиҳалар амал қилмоқда.
Ўзбекистонда Россия маблағлари эвазига қурилган корхоналар сони сўнгги 4 йилда 2,5 баробар ортиб, 2 мингдан ошган.
Бу Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон президенти бўлиб қайта сайланиши ортидан хорижий давлатга иккинчи ташрифи бўлади.
Ўзбекистон президенти олдинроқ Туркияга борганди.
Прокуратура ходимлари жазоланди

Сурат манбаси, official
Андижон прокуратураси ходими 15 минг доллар пора билан қўлга тушиши ва Самарқандда мансабдор шахслар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари раҳбар бўлган жиноий гуруҳ аниқлангани ортидан Бош прокуратурада танқидий руҳда йиғилиш бўлгани айтилмоқда.
Идора матбуот хизматининг хабар беришича, 18 ноябр куни видеоселектор тарзида ўтказилган ҳайъат йиғилишида прокуратура органларининг барча тезкор ходимлари, прокуратура фахрийлари ҳамда жамоатчилик кенгаши аъзолари иштирок этди.
Унда прокуратура органларининг баъзи ходимлари томонидан содир этилган "ножўя ва номуносиб ҳатти - ҳаракатлар, шу жумладан коррупциявий ҳолатлар ҳамда буларга имкон берган сабаб ва шарт - шароитлар кескин танқид қилинди".
Мажлисда ҳисоботлар тинглангач, фаолиятида жиддий хато ва камчиликларга йўл қўйган ҳамда хизмат вазифаларига совуққонлик билан муносабатда бўлган 18 нафар ходимларга интизомий жазо чоралари қўлланилгани хабар қилинмоқда.
Олдинроқ Андижон прокуратура ходими 15 минг доллар пора билан қўлга тушгани айтилганди.
Сентябр ойида эса Жиззах вилоятида туман прокурори, Самарқанд вилоятида эса туман прокурори ўринбосари пора билан қўлга тушгани хабар қилинган.
ДХХ томонидан ўтказилган тадбирлар доирасида қўлга тушган прокуратура ходимларининг қайси тумандан эканлиги ва уларнинг исм-шарифлари ошкор қилинмаган.
Вакцина олмаганлар ишламайди

Сурат манбаси, Sanepidxizmat
Ўзбекистон Санитария-эпидемиология хизмати коронавирусга қарши тадбирлар доирасида бюджет ташкилотлари ва тадбиркорлик субъектларида текширувлар натижасини маълум қилди.
Жорий йилда қарийб 28 минг текширув ўтказилган. Натижада жами 50 056 нафар вакцина олмаган шахслар аниқланган.
Санитария-эпидемиология хизматининг хабар беришича, вакцина олмаган 26 008 нафар шахс ишдан вақтинчалик четлатилган.
18 ноябр куни Ўзбекистонда 270 нафарга яқин кишида коронавирус инфекцияси аниқланди.
310 нафардан зиёд бемор касалликдан тўлиқ соғайган.
18 ноябрь ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 190850 нафарни ташкил этмоқда.
Расмий хабарда айтилишича, 3 нафар коронавирусга чалинган бемор вафот этиб, касалликдан вафот этганлар сони 1370 нафарни ташкил қилди.
Ота-бола ис газидан вафот этди
17 ноябрдан 18 ноябрга ўтар кечаси Фарғона туманида яшовчи 62 ёшли Х.А (эркак) ва унинг 31 ёшли ўғли Х.Б яшаш хонадонида ис газидан заҳарланиш натижасида вафот этган.
Фарғона вилоят ИИБ ахборот хизмати фуқароларни эътиборли бўлишга чақирган.
"Шу каби ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида, Сиздан, хонадонингиз ва бошқа бинолардаги газ анжомларида газ сизиб чиқиш ҳолатлари бор ёки йўқлигига эътиборли бўлишингизни, оловдан фойдаланишда техника хавфсизлиги қоидаларига риоя қилишингизни сўраймиз", дейилади хабарда.
Ҳолат юзасидан ҳодиса жойида тергов тезкор гуруҳи ишлаётгани айтилди.
Ўзбекистонда кунлар совий бошлаши билан ис газидан вафот этган фуқаролар борасида яна хабарлар чиқмоқда.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.













