Янгиликлар: Ўзбекистон Россияга ёрдамлашишда гумонланмоқда, санкцияга учраши мумкин - ОАВ Yangiliklar

Европа Иттифоқи Ўзбекистон дохил Марказий Осиё мамлакатларини санкцияларни четлаб ўтишда Россияга ёрдам беришда гумонламоқда.
Европалик сиёсатчилар бундай амалга қўл ургани исботланган ҳар қандай давлатни кескин жазолаш масаласини муҳокама қилаётгани тўғрисидаги маълумот халқаро матбуотга сизган.
Шу ҳафта ЕИнинг санкциялар бўйича махсус вакили Девид O'Салливан Россияга кўмаклашиш оқибатларидан огоҳлантириш мақсадида Қирғизистонга борган.
Европалик юқори рутбали мулозим Ўзбекистонга ҳам келиш ниятида эканини билдирган.
Бу расмий Тошкент учун Европадан келаётган жиддий сигнал бўлиши мумкин.
300 фоизлик сакраш
Европа юқори рутбали мулозимининг Қирғизистонга келиши Иттифоқ аъзолари Марказий Осиё давлатларини санкцияларни четлаб ўтишда Россияга ёрдам бераётганликда гумонлаётган ва эҳтимолий жазо чораси устида ишлаётган бир пайтда янграган.

28-март куни Бишкекда журналистлар билан учрашган O'Салливан Ғарб санкцияларига қўшилмаган минтақа мамлакатларини санкцияларни ҳатлаб ўтишда Россиянинг воситасига айланиб қолмасликка чақирган.
O'Салливан Марказий Осиёга Ғарбдан импорт қилинаётган кўплаб товарларнинг якуний манзилини савол остига олган.
Унинг сўзларига кўра, ўтган ойлар давомида Европадан Россия билан ҳамкорликни давом эттираётган давлатлар, хусусан, минтақага экспорт қилинаётган товарлар ҳажми 300 фоизга ортиб кетган.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Мазкур товарларнинг аксар қисми эса Украинада йўқ қилинган ёки қўлга олинган рус ҳарбий аслаҳалари таркибида топилаётгани тўғрисида ўтган вақт давомида бот-бот хабарлар чиқиб турган.
ЕИдан бошқа мамлакатларга экспорт қилинган 770 та предмет Россиянинг Украинага қарши қўллаган қурол-аслаҳалари таркибидан топилган, бу айрим давлатлар Россияга товар кириб боришида транзит ҳудуд вазифасини ўтаётганининг равшан аломатидир, қайд этган O'Салливан.
Бишкекда ЕИ махсус вакили Ўзбекистон ва Қозоғистонга ҳам сафар қилиш ниятида эканини маълум қилган, аммо минтақа давлатларини Россияга ёрдам беришда очиқ айбламаган.
"Уруш машинаси"
Ғарб Украинага босқин бошланганидан бери Россия "уруш машинаси"ни ҳолдан тойдириш мақсадида санкциялар ёрдамида уни халқаро товарлар айланмаси занжиридан узиб ташлашга ҳаракат қилмоқда.

Сурат манбаси, Reuters
Оқибатда, янги ҳарбий техника ва аслаҳалар ишлаб чиқаришга керакли қисмлар топа олмаётган Россия, ҳатто, 1950-йилларда ясалган танкларни ҳам жанг майдонига ташлашга мажбур бўлгани хабар қилинган.
Бироқ сўнгги ойларда Россия қўш мақсадли дея ном олган товарларни ўзи билан яқин алоқада бўлган давлатлар орқали олиб келишнинг янгидан янги йўлларини топаётганининг кўплаб аломатлари чиққан.
Халқаро матбуотда пайдо бўлган махфий ҳужжат парчаларидан аён бўлишича, европалик расмийлар бундай товарларнинг катта қисми Марказий Осиё минтақаси, хусусан, Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон орқали Россияга кириб бораётганини қайд этган.

Сурат манбаси, BBC.COM/UZBEK
Ғарб аллақачон ўн минглаб турдаги товарларнинг Россияга экспорт қилинишини тақиқлаб қўйган.
Улар орасида кундалик ҳаётда ишлатиладиган кир ювиш машиналари, телевизорлар, камералардан тортиб саноатда қўлланиладиган жиҳозларгача кўриш мумкин.
Санкциялар муаллифлари бундай маиший техника ва технологияларни қўш мақсадли деб атайди ва Россия уларнинг эҳтиёт қисмларини ўз ҳарбий техникалари, масалан, дронларини қайта таъмирлашда ишлатиши мумкинлигини таъкидлайди.
Бундай хавотирда жон борлиги эса аллақачон ўз тасдиғини топган.
Масалан, ўтган йилнинг май ойида АҚШ расмийлари украин ҳарбийлари ўз ҳудудида йўқ қилинган рус танкидан Россияга турли йўллар билан кириб борган музлаткич эҳтиёт қисмларини топганини билдирган.
Март ойининг бошида нуфузли Bloomberg нашри биргина Қозоғистоннинг ўзи ўтган йили Россияга $3,7 миллионлик яримўтказгичларни қайта экспорт қилгани, 2021-йилда эса бу рақам атиги $12 мингни ташкил қилгани ҳақида ёзган.

Сурат манбаси, BBC.COM/UZBEK
Шу сабабдан Европа Иттифоқи қўш мақсадли товарларнинг учинчи мамлакатлар орқали Россияга қайта экспорт қилинишига жиддий қарай бошлаган.
Эндиликда, матбуотга сизган махфий ҳужжатдан аён бўлишича, Европа Иттифоқи Россияга қайта экспорт йўли билан ёрдам бераётган ҳар қандай давлат, компания ёки шахсни жиддий жазоламоқчи.
Мазкур режани аллақачон 19 Европа давлати қўллаб қувватлагани хабар қилинмоқда.
Жазо чораси эса Россияга иқтисодий кўмаклашаётгани исботланган давлатни Европа умумий бозорига кириш ҳуқуқидан маҳрум қилишдан иборат.
Бу Ўзбекистон каби энди ривожланаётган давлатлар учун жиддий салбий оқибатларга сабаб бўлиши мумкин.
Бироқ аввалига Евро Иттифоқ Россия билан яқин алоқада бўлган давлатлар билан дипломатик тил топишишга уриниб кўрмоқчи.
Шу сабабдан ҳам Иттифоқ элчиси Девид O'Салливан Марказий Осиё бўйлаб сафар бошлагани айтилади.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати мамлакатнинг эҳтимолий Ғарб санкцияларига учраши тўғрисида, ҳозирча, бирор расмий билдириш олмаганини маълум қилган.
Февраль ойи охирида АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен ҳам Қозоғистон ва Ўзбекистонда бўлган, таҳлилчилар бу ташрифдан ҳам асосий мақсад Марказий Осиёни Россияга ёрдам бериб, билвосита санкцияларга гирифтор бўлиш оқибатларидан огоҳлантириш бўлганини тахмин қилган эди.
Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002













