“Ўлим дориси”, Ўзбекистон: “Одамлар сироплардан қўрқиб қолди” - хавфли дорилар қандай йиғиб олинмоқда? Видео янгиликлар O'zbekiston Yangiliklar

Дорихона сотувчиси билан суҳбат

Сурат манбаси, BBC O'zbek

Ўқилиш вақти: 3 дақ

Камида 19 гўдакнинг ўлимига алоқадор кўрилаётган Док-1 Макс препарати сотуви Ўзбекистонда 22 декабрдан тўхтатилганига қарамай, мамлакатнинг турли ҳудудларида препаратдан заҳарланиш белгилари билан шифохоналарга ётқизилаётган болалар тўғрисида янгидан-янги хабарлар чиқмоқда.

5 январь куни Тошкент вилоятида шу кунга қадар препаратни қабул қилган тўққиз бола заҳарланиш белгилари билан шифохонага ётқизилгани расман хабар қилинган.

4 январь куни Сирдарё вилоятида ҳам Док-1 Макс ва Амбронол дорилари етти нафар болага ножўя таъсир қилгани, уларнинг уч нафари жонлантириш бўлимида қолаётгани айтилган эди.

Алоқадор мавзулар:

28 декабрь куни Фарғонада уч яшар гўдак мазкур доридан ўткир заҳарланиш ташхиси билан касалхонага ётқизилган.

ССВ, бундан аввал, Док-1 Макс дорисини ишлаб чиқарган Ҳиндистон компанияси ва препаратни Ўзбекистонга олиб кирган дистрибютор-компаниянинг барча дори воситалари савдоси тақиқлангани, ҳозирда, қора рўйхатга киритилган препаратлар дорихоналардан йиғиб олинаётганини маълум қилганди.

Шунга қарамай, янги йилда ҳам давом этаётган хавотирли вазият хавфли экани айтилган дорилар зудликда барча дорихоналардан йиғиб олинмаган ва ота-оналар етарлича огоҳлантирилмаган, деган тахминни юзага чиқармоқда.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

"Одамлар сироп олмай қўйди"

30 декабрдан Ўзбекистонда Док-1 Макс дориси ишлаб чиқарувчиси, Ҳиндистоннинг Marion Biotech компаниясига тегишли барча дори-дармонлар сотуви тўхтатилган.

2 январь куни ССВнинг янги раҳбари Амрилло Иноятов ушбу препаратни мамлакатга импорт қилган Quramax Medical дистрибютор-компанияси 2022 йилда олиб кирган барча дорилар сотилишини тўхтатишга буйруқ бериб, дорихоналарга кўрсатма хати йўллаган.

Тошукетдаги дорихона рамзи

Сурат манбаси, BBC O'zbek

Шунингдек, вазирлик аҳоли хонадонларида сақланаётган дорилар ҳам назоратга олинаётганини билдирган.

"Бунда, уйма-уй юрган ҳолда "Хонадон дори қутиси"ни шахсан назоратдан ўтказиш, муддати ўтган препаратлар, сақлаш қоидалари бузилган ҳамда "Quramax Medical" компаниясининг барча дори воситаларини қабул қилмаслик ва истеъмолдан чиқариш юзасидан зарур чоралар кўрилмоқда", дейилади 4 январь куни эълон қилинган расмий баёнотда.

ССВ қора рўйхатга олган дорилар ичида ўзбекистонликлар орасида оммалашган Нолгрип, Травамакс, Синепар кид лайт, Амбронол каби препаратлар борлигини кўриш мумкин.

Би-би-си тақиқланган препаратларни қайтариб олиш жараёни қай йўсинда олиб борилаётганини ўрганиш мақсадида пойтахтдаги бир қанча дорихоналар ходимлари билан суҳбатлашди.

Тошкентдаги дорихонада сотувчи ва харидор

Сурат манбаси, BBC O'zbek

"Прокуратурадан, бошқармадан келишди. 22 ёки 23 декабрда текширув бўлиб, Док-1 Макс, Синепар, Амбронол, сироплар - ҳаммасини йиғиб олиб кетишди. Ҳозир дорихоналарда умуман йўқ", сўзлайди бир дорихона ишчиси.

Би-би-си гаплашган барча дорихоналарда рўйхатга тушган дорилар аллақачон йиғиб олингани, мавжуд препаратлар рўйхати кўздан кечирилаётгани айтилди.

Тошкентдаги дорихонадаги дорилар

Сурат манбаси, BBC O'zbek

"Соғлиқни сақлаш бошқармасидан келиб, бу дорилар бор йўқлигини сўрашяпти. Бор бўлса, чекини бериб, олиб кетишяпти. Бу дориларни сотманглар, улар зарарли, деб огоҳлантиришяпти", дейди бошқа бир дорихоначи.

Би-би-си суҳбатдошлардан бири Док-1 Макс билан боғлиқ фожиа кенг овоза бўлиши ортидан одамларнинг ўзи ҳам дориларга эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлаётганини айтади.

"Олдингидек, рецептда ёзилган дорининг ўрнига бошқасини таклиф қилсак, олишга қўрқишяпти. Фақат врач кўрсатмаси билан олишяпти. Айниқса, Ҳиндистоннинг дориларини олишмаяпти. Қўрқиб қолишган шекилли ҳар қандай сиропни олишмаяпти. Сироплар сотилмай қолди".

"Ўлим дориси"

Тошкентдаги дорихонадаги дорилар

Сурат манбаси, BBC O'zbek

Декабрь ойининг сўнгги ўн кунлигида Док-1 Макс билан боғлиқ хавотирли вазият мамлакатни ларзага солди.

Ушбу препаратни қабул қилган болаларнинг саломатлигига жиддий путур етгани тўғрисидаги хабарлар ортидан одамлар унга "ўлим дориси" дея ном берган.

Шу вақтгача бу дорига алоқадор кўрилган болалар ўлимларининг расмий сони 19 тага етган.

ССВ хабарлар шов-шувга айланиб кетгач, ҳолатни ўрганишга киришган, аммо ҳозирга қадар текширув ишларининг тўлиқ натижаси эълон қилинмаган.

Шундай бир манзарада зиммасига "ўлим дориси" фожиасини ўрганиш ишларини олиб бориш масъулияти топширилган Ўзбекистон Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги Ҳиндистон томонини Док-1 Макс препарати таркибидаги этиленгликоль моддаси белгиланган нормадан 300 баравар юқори эканини маълум қилгани айтилган хабарлар тарқалган.

Одат тусига кириб қолгандек, Ўзбекистон жамоатчилиги бундай муҳим ахборотдан хориж матбуоти орқали хабар топган.

Тошкентдаги дорихоналар

Сурат манбаси, BBC O'zbek

Бир вақтнинг ўзида, бир қатор фаоллар Ўзбекистонда тиббиёт бизнес даражасига кўтарилиб кетгани, йиллар давомида мавжуд соғлиқни сақлаш тизими инсон саломатлигини асраш ўрнига имкон қадар одамлар касал бўлиб, кўпроқ дори ичишидан манфаатдор бўлишга ўрганиб қолганини танқид қилиб чиққан.

Уларнинг фикрича, айнан тиббий бизнес гуркираб яшнаётгани туфайли Ўзбекистон бозори Док-1 Макс каби зарарли, самараси исботланмаган, контрафакт ва ривожланган давлатларда ўз харидорини топа олмаган дориларга тўлиб кетган, халқ эса том маънода дориларга ўтириб қолган.

Фаоллар, шунингдек, тиббиёт, таълим каби ижтимоий соҳаларга бизнес манфаат кўзи билан қараш ана шундай фожиаларни келтириб чиқаравериши ва бу ҳолга зудликда чек қўйиш шартлигини таъкидламоқдалар.

BBC.COM/UZBEK билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek